Афғонистондаги 11 вилоят зулматда қолди
Олам
−
30 Апрель 2022
16088Бугун, 30 апрель куни Афғонистоннинг камида 11 та, жумладан, пойтахт Қобул вилояти, маҳаллий электр узатиш линияларидан бирида номаълум шахслар томонидан уюштирилган портлаш оқибатида, электр таъминотисиз қолди. Бу ҳақда Афғонистон миллий электр компанияси (DABS) эълон қилган хабарда айтилади.
Қайд этилишича, портлаш Парвон вилоятидаги электр узатиш линиясида содир бўлган.
"Мина портлаши оқибатида иккита электр узатиш минораси вайрон бўлди. Ушбу воқеа сабаб Қобул ва яна 10 та вилоят электр таъминотисиз қолди", дейилади хабарда.
Аниқлик киритилишича, DABS техник ходимларидан иборат гуруҳ аллақачон воқеа жойига жўнаб кетган ва зарарни имкон қадар тезроқ бартараф этиш учун барча саъй-ҳаракатларни амалга оширмоқда.
Афғонистоннинг “Asvaka News” агентлигига кўра, портлаган электр тармоғи Ўзбекистондан Афғонистонга энергия етказиб берган.
Маълумот учун, сўнгги ойларда Афғонистоннинг бир қанча вилоятларида, жумладан, пойтахт вилоятида бир неча портлашлар, қуролли ҳужумлар ва отишмалар содир бўлиб, уларда ҳам толиблар, ҳам тинч аҳоли ҳалок бўлди. “Ислом давлати” террор ташкилотининг бир бўлаги бўлган “Хуросондаги Исломий давлат” гуруҳи бу воқеаларнинг аксарияти учун жавобгарликни ўз зиммасига олди.
LiveБарчаси