Афғонистонда қаҳратон совуқ 9 кишининг ҳаётига зомин бўлди
Олам
−
02 Март
6991Охирги бир неча кун ичида Афғонистонда кучли қор ёғиши ва совуқ ҳаво туфайли камида тўққиз киши ҳалок бўлди, яна икки киши оғир аҳволда. Бу ҳақда кеча, 1 март куни маҳаллий "TOLOnews" телеканали хабар берди.
Қайд этилишича, сўнгги кунларда Бодғис, Бадахшон, Фарёб, Жузжон, Қандаҳор, Ҳилманд ва Сари-Пул вилоятларида қор бўронлари билан бирга совуқ ҳаво кузатилган. Бу эса аҳоли орасида қурбонлар бўлишига олиб келган. Шунингдек, айрим ҳудудларда кўп сонли чорва моллари нобуд бўлган. Биргина Фарёб вилоятида 1 минг бошга яқин қорамол нобуд бўлгани маълум.
Жузжон вилояти полицияси воизи Абдул Саттор Ҳалимийнинг айтишича, минтақа хавфсизлик кучлари қор бўрони вақтида Ақча туманида йўлда қолиб кетган 42 кишини қутқариб қолган.
Ноқулай об-ҳаво туфайли айрим вилоятларда, шунингдек, мамлакатнинг шимолий ва марказий қисмларини боғловчи Саланг довонидаги йўлларда тирбандлик юзага келган.
Эслатиб ўтамиз, 19 февралга ўтар кечаси Афғонистон шарқидаги Нуристон вилоятида содир бўлган кўчки оқибатида камида 25 киши ҳалок бўлган эди.
LiveБарчаси