Афғонистонда 12 ёшли қиз отиб ўлдирилди
Олам
−
23 Сентябрь 2023
13834Афғонистоннинг Парвон вилоятида 12 ёшли қиз номаълум қуролланган шахслар томонидан отиб ўлдирилди. Бу ҳақда “8 sabah” нашри хабар берди.
Маҳаллий манбаларга кўра, воқеа ярим тунда Парвон вилояти марказига яқин Халазий қишлоғида содир бўлган. Ўсмир қиз номаълум шахслар келганини билиб, уйининг томига кўтарилаётганда унга қарата ўқ узилган.
“Ярим тунда Халазийдаги уйнинг томига тош отилган. Бундан оила аъзолари уйғониб кетган. Уларнинг 12 ёшли қизи чақирилмаган меҳмонлар кимлигини билиш учун томга кўтарилган. Лекин номаълум шахслар ов қуроли билан қизни отиб ўлдиришган”, дейди маҳаллий аҳоли вакилларидан бири.
Манбаларга кўра, оила аъзоларнинг ҳеч ким билан душманлиги бўлмаган. Ҳозирча қотилликнинг сабаби ва айбдорлари маълум эмас. “Толибон” ҳам бу воқеага изоҳ бермаган.
“Сўнгги вақтларда Парвон вилоятининг турли ҳудудларида қуролли ўғирлик ва сирли қотилликлар кўпайиб бормоқда. Аввалроқ, манбалар қуролли қароқчилар толиблар номи ва ҳарбий техникасидан фойдаланган ҳолда турар-жойларга кириб, ўғирлик қила бошлаганини тасдиқлаганди”, деб ёзилган хабарда.
LiveБарчаси