Афғонистон Ўзбекистонга қанчалик хавф туғдирмоқда? Президент айтган хавф ҳақида ТИВ нима дейди?

Жамият

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев жорий йилнинг 20 январь куни Олий Мажлис Сенатининг биринчи ялпи мажлисидаги нутқида Яқин Шарқ, жумладан Афғонистондаги қуролли тўқнашувларнинг хавф-ҳатари Ўзбекистонгача етиб келаётгани ҳақида гапирган эди. Давлат раҳбари ушбу масала ҳақида сўз очиб, “Яқин Шарқдаги воқеалар бизга таъсир қилмайди, деб ўйлайсизларми? Шамоли етиб келяпти, шамоли! Чегараларимиз атрофида хавф ортиб боряпти.

Афғонистондан бизга яқин чегараларни тозалаб беришни сўрадик. Улар ҳам ўзаро ҳамкорлик шартномалари юзасидан қандайдир ҳарбий операциялар қилгандай бўлишди, аммо бу билан хавфсизлик таъминланиб қолмайди. Биз ўзимиз хавфсизликни таъминлашимиз керак. Биз ер тагида илон қимирласа биламиз. Хавф йўқ эмас, вазият мураккаблигини яхши тушуниб турибмиз”, деган эди”, деган эди давлат раҳбари. 

Кеча, 14 февраль куни Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирининг биринчи ўринбосари Илҳом Неъматов билан бўлиб ўтган матбуот анжуманида QALAMPIR.UZ Президент нутқини хотирлади ва бу борада Ташқи ишлар вазирлигининг муносабатини сўради. Хўш, Афғонистондан Ўзбекистонга қандай хавф мавжуд? 

“Президентимиз Афғонистон қандайдир шартларни бузаётгани ҳақида гапирганларини эшитганим йўқ. Менимча, ҳеч қандай шартлар бузилаётгани йўқ ва бу ҳақда ҳеч қандай гап бўлгани ҳам йўқ. Мен эшитмадим, Сенатнинг йиғилишида ҳам қатнашмадим. Мен Парламентга йўлланган мурожаатномада қатнашдим. У ерда Афғонистон ҳақида жуда яхши гаплар бўлди”, дейди Илҳом Неъматов. 

Ташқи ишлар вазирининг биринчи ўринбосари Ўзбекистоннинг дунёнинг барча мамлакатлари, жумладан қўшни республикалар билан муносабатлари кун сайин ривожланиб бораётганини қайд этди. Афғонистоннинг Ўзбекистон иқтисоди учун муҳим жиҳатларига тўхталди:

“Афғонистон – энг яқин қўшнимиз. Тарихан Афғонистон билан ўртамизда ҳеч қандай муаммо бўлмаган. Ҳозирги кунда Афғонистон билан иқтисодий алоқаларимиз борган сари ўсиб боряпти. Биласиз, бизнинг тўғридан-тўғри денгиз портларига йўлимиз йўқ. Биз учун энг яқин йўл – бу Афғонистон. Шунинг учун Афғонистонда тинчлик ва барқарорлик ўрнатилиши Ўзбекистон учун жуда катта аҳамиятга эга”.

Маълумки, 2017 йилнинг 5 март куни Афғонистон Ислом Республикаси Президенти Ашрф Ғани Ўзбекистонга ташриф буюрди. Ушбу ташриф икки мамлакат муносабатларида янги саҳифа очди. Хусусан, Афғонистонлик ёшлар учун Сурхондарёда таълим олиш имконияти яратилди. 2018 йилнинг 27 март куни Ўзбекистонда “Тинчлик жараёни, хавфсизлик соҳасида ҳамкорлик ва минтақавий шериклик” мавзусидаги халқаро конференция ташкил этилди. Илҳом Неъматов QALAMPIR.UZ билан суҳбатда ушбу конференцияни ёдга олди:

“Ўзбекистон мустақиллиги тарихида биринчи марта Афғонистон Президенти 2017 йилнинг 5 декабрь куни Ўзбекистонга ташриф буюрди. Бу ҳам Президентимизнинг ташаббуслари билан амалга оширилди. Ана шу ташрифда жуда кўп сиёсий-иқтисодий масалаларда музокаралар ўтказилди. Афғонистонда тинчлик ўрнатиш масаласига эса катта аҳамият қаратилди. 2018 йилнинг март ойида Ўзбекистонда катта халқаро конференция бўлиб ўтди. Бу халқаро конференцияни ўтказиш ҳам Президентимизнинг ташаббуслари эди. Бу конференцияда БМТ ва Европа Иттифоқидан жуда нуфузли меҳмонлар қатнашди. Ушбу конференцияда жуда муҳим масалалар кўриб чиқилди. Булардан энг асосийси Афғонистонда тинчлик ўрнатиш эди. 

Бундан ташқари, Президентимизнинг ташаббуслари билан БМТнинг Бош ассамблеяси Марказий осиёда тинчлик ўрнатиш бўйича резолюция қабул қилди. Бу тарихда бўлмаган. Шуни алоҳида айтаманки, Ўзбекистон Республикаси Президенти Афғонистонда тезроқ тинчлик ўрнатилишига, яқин қўшничилик алоқаларимиз ривожланишига жуда катта эътибор беряптилар”. 

Илҳом Неъматовнинг фикрича, Ўзбекистон ва Афғонистон муносабатларидаги илиқлик иқтисодий ўсишга ҳам таъсир қилмоқда. Ўзбекистон ўтган даврдаги мулоқотлар самараси ўлароқ Афғонистонга темир йўли қуриб берган. 

“Афғонистонга жуда катта ёрдам бериляпти. Қурилиш материаллари, арматура, ғишт олиб кетишяпти. Ҳайратондан Мозори-шарифгача поезд йўли қуриб берилди. Афғонистон тарихида поезд йўли бўлмаган”, дейди вазир ўринбосари. 

Дипломатнинг қайд этишича, айни вақтда Ўзбекистон Афғонистонда Мозори-шариф — Герат — Шобаҳор, Мозори-шариф — Кобул — Пешовор темир йўлини қуриб беришни режалаштирилмоқда. 

“Агар бу бўладиган бўлса, бизнинг йўлимиз денгиз портларига яқинлашади”, дейди вазир ўринбосари. 

Илҳом Неъматов сўзида давом этиб, Афғонистон билан савдо алоқалари ҳам кун сайин ривожланиб бораётганини қайд этди. 

“Товар айирбошлаш айни куни 617 миллион АҚШ долларини ташкил этмоқда”.


Мақола муаллифи

Теглар

Баҳолаганлар

250

Рейтинг

2.9

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг