Адлия вазирлиги Кушербоев “қора бозор”дан доллар айирбошлаганини қоралади

Жамият

image
0:00
0:00
download

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси депутати Расул Кушербоев Янгийўл шаҳрида бир соат давомида валюта айирбошлаш шохобчасини излагани, бироқ уларнинг барчаси ёпиқлиги сабаб 50 АҚШ долларини “қора бозорда” алмаштиришга мажбур бўлгани ҳақида ижтимоий тармоқдаги саҳифасида ёзиб қолдирганди. Бу ҳаракати билан у Ўзбекистон Республикаси қонун ва тартибларини бузганлигини ҳамда ўз ҳаракати учун жавобгар бўлишга тайёр эканлигини намойишкорона маълум қилган.

Адлия вазирлиги Қонунчилик палатаси депутати Расул Кушербоевнинг бу ҳаракатини қоралади.

“Ҳар қандай жамиятда қонунларга ҳурмат, ўрнатилган тартибларга қатъий риоя қилиш – бу ривожланишнинг энг муҳим омилидир. Биз ё ҳамма тан оладиган ва бажариши мажбурий бўлган қонун ва қоидалар асосида яшаймиз, ёки ҳар ким ўз билганича, ўз ўлчови билан белгилаб олган қоидалари билан яшайди.

Минг йиллар давомида шаклланган цивилизациялар қонун устуворлигисиз яшаб ва ривожланиб бўлмаслигини аллақачон тушуниб етган. Шунинг учун жамиятлар барчага мажбурий, қулайми ёки ноқулай – қатъий назар, умумжамият учун ўрнатилган қонун-қоидалар асосида бошқарилиб, ривожланиб келган.

Бу оддий, исбот талаб қилмайдиган гапларни XXI асрга келиб яна такрорлаш ортиқча, албатта. Лекин шундай ҳолат юз берди ва бу аксиомани Адлия вазирлиги такрор-такрор эслатишга мажбурдир”, дейилади вазирлик баёнотида.

Вазирлик хабарда кўтарилган муаммо ҳаётда учраётганлигини инкор этмаган ҳолда, унинг айнан ҳуқуқий томонига алоҳида эътибор қаратган.

Таъкидланишича, Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Валюта сиёсатини либераллаштириш бўйича биринчи навбатдаги чора-тадбирлар тўғрисида”ги Фармонига асосан 2017 йилнинг 5 сентябридан бошлаб жисмоний шахслар чет эл валютасини тижорат банклари орқали эркин сотиши ва сотиб олиши ҳамда сотиб олинган маблағларни ҳеч қандай чекловларсиз тасарруф этиши мумкинлиги белгилаб қўйилган.

“Валютани тартибга солиш тўғрисида”ги Қонуннинг 19-моддаси талабларига кўра, Ўзбекистон Республикаси ҳудудида резидентлар ва норезидентлар томонидан чет эл валютасини сотиб олиш ҳамда сотиш фақат Ўзбекистон Республикаси банклари орқали амалга оширилади.

Ваҳоланки, валюта қимматликларини қонунга хилоф равишда олиш ёки ўтказганлик учун эса Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 170-моддасида жавобгарлик белгиланган.

“Албатта, Расул Кушербоевнинг юқоридаги хатти-ҳаракатига унинг депутатлик мақомини эътиборга олиб, фақат тегишли ваколатли орган ҳуқуқий баҳо беришга ҳақли ва бу жараён амалга ошмагунча ҳеч ким уни қонунбузар деб эътироф этиши мумкин эмас.

Шу билан бирга, Ўзбекистонда қонун чиқарувчи олий органнинг вакили томонидан амалда ва ўз кучида бўлган Ўзбекистон қонунларини бузишга қаратилган намойишкорона ҳаракатларни Адлия вазирлиги қуйидагиларга асосан қаттиқ қоралайди.

Биринчидан, Ўзбекистон Республикаси ҳудудида белгиланган юқоридаги қоидалар ва қонун талаблари кимгадир қулайлиги ёки қулай эмаслиги, ёқиши ёки ёқмаслиги, унинг фикридан, қарашларидан ва ижтимоий мақомидан ёхуд ҳафтанинг қайси куни эканлигидан қатъи назар бажарилиши мажбурийдир.

Ўзбекистонда ҳуқуқий онг ва маданият, қонун устуворлигини таъминлаш ва ҳуқуқий давлат қуриш бўйича жамият бирлашиб, шу мақсадлар сари интилиб яшаб келмоқда.

Албатта мамлакатда қонун устуворлигини таъминлашда ҳали қатор муаммолар мавжуд ва бу борада қилиниши керак бўлган ишлар жуда кўп. Буни ҳар кунги ҳаётимизда, жамият вакиллари фикрларида, халқаро кузатувчилар ва ташкилотлар рейтингларида ҳам кўриб турибмиз. Шундай экан, ушбу муаммоларни ечиш ва қонунийликни таъминлаш устида бош қотириш керакми ёки тескарисини тарғиб қилиш керакми, деган ҳақли савол туғилади.

Иккинчидан, жамиятни қийнаётган, ўз ечимини кутаётган муаммо ва камчиликлар очиқ ва шаффоф барча даражада муҳокама қилиниб, ечимлар ўртага ташланмоқда. Бунда аҳолининг барча қатламлари, депутатлар, сенаторлар ва мутахассислар ўз фикрларини эркин баён этмоқда.

Лекин депутат Р.Кушербаев томонидан қонун билан жавобгарлик белгилаб қўйилган ҳуқуқбузарликни била туриб содир этиб, бу хатти-ҳаракатини кенг оммага намойишкорона маълум қилиниши жамиятни қонун устуворлиги томон эмас, тескари томонга чорлади, ноқулай пайтда қонунларни бузиш мумкин, ёқмайдиган талабларга кўз юмса бўлади, жавобгарликдан қўрқмайман деган энг нотўғри ва асоссиз сигнални жамиятимизга юборди.

Айниқса, бу ҳаракатлар, қонун қабул қиладиган энг олий орган вакили томонидан, ўзи қабул қиладиган қонунларга риоя этилишини тарғиб қилиши керак бўлган масъул инсон томонидан содир этилгани энг ачинарли ҳолатдир.

Келажакда ҳурматли депутат қонун устуворлигини бошқалардан талаб қилганда, ўзининг ушбу ҳаракатларини жамият аъзолари унга эслатишлари аниқ.

Учинчидан, Қонунчилик палатаси депутати сифатида Р.Кушербаев ўз ваколатлари доирасида масалани тизимли ҳал қилиш мақсадида тегишли сўров билан мутасадди идораларга мурожаат этиши, қонунларга ўзгартириш бўйича ташаббус билан чиқиши ҳам мумкин эди (валюта соҳасидаги қонунларга). 

Афсуски, Р.Кушербаевнинг шахсий ўрнак сифатида қонунларни бузиш орқали муаммони ҳал этиш ва бундай ҳуқуқбузарликни маънан ёқлаш усулини танлагани, шу орқали ҳуқуқий нигилизмни тарғиб қилишга олиб келаётганлигини оқлаб бўлмайди.

Тўртинчидан, “Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси депутатининг ва Сенати аъзосининг мақоми тўғрисида”ги Қонуннинг 3-моддасига асосан депутат ўз фаолиятини Ўзбекистон Республикасининг Конститусияси, ...қонунларига ва бошқа қонун ҳужжатларига мувофиқ амалга оширади. Мазкур қонуннинг 11-моддасига асосан депутат одоб қоидаларига қатъий риоя этиши лозимлиги, депутатнинг ўз мақомидан жамият ва давлатнинг қонуний манфаатларига зиён етказадиган тарзда фойдаланишига йўл қўйилмаслиги назарда тутилган”, дейилади вазирлик муносабатида.

Адлия вазирлиги қонун устуворлиги таъминланмайдиган давлатда ёки ҳар ким ўз қоидаси билан яшайман дейдиган жамиятда келажак ҳақида гапиришга ўрин қолмаслигини таъкидлаган. 

“Юқорида қайд этилганидек, ушбу масалаларда Ўзбекистонда ҳам ечилиши керак бўлган муаммолар бор. Буларни биргаликда ечишимиз лозим.

Барча соҳа мутахассислари, масъуллар жамиятимизда қонунлар асосида яшаш қадриятларини тарғиб қилиши керак, аксинча эмас!”, дейилади вазирлик баёноти якунида.


Мақола муаллифи

Теглар

Расул Кушербоев Адлия вазирлиги

Баҳолаганлар

262

Рейтинг

2.9

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг