Адашган дўстнинг қайтиши
Таҳлил
−
27 Июль
12248Узоқ кутилган “дийдор”
АҚШга бир ҳафталик сафари давомида Биньямин Нетаньяху бир қанча намойишлар ва АҚШ президентлиги учун иккинчи номзод демократ Камола Ҳаррисдан ўзига хос сиёсий тарсаки қабул қилиб олди. Қўшма Штатларнинг айни дамдаги вице-президенти Яқин Шарқдаги ҳолат ҳақида ўз фикрини билдирар экан, бегуноҳ инсонларнинг ўлдиришига жим қараб турмаслигини қатъий тарзда билдирди. Ҳаррисдан Ғазо ҳақида ўзи хоҳлаган жавобни олмаган Нетаньяху белгиланган ташриф рўйхатига кўра Трамп ҳузурига йўл олди. Кеча, 26 июль куни АҚШ собиқ президенти Дональд Трамп Биньямин Нетаньяху билан қарийб тўрт йил ичида биринчи марта юзма-юз учрашди. “Fox News” манбасига кўра, Флорида штатидаги Уэст-Палм-Бич шаҳрида Нетаньяхунинг самолёти қўнаётган пайтда унга қарши норозилик намойишлари бўлиб ўтган. Бироқ кейинчалик Нетаньяху учрашув белгиланган жойга етиб келганда Трамп Палм-Бичдаги қароргоҳининг зинапоясида туриб, Исроил етакчисини жуда қуюқ саломлар ила кутиб олди. Собиқ президент ва Исроил Бош вазири ўртасидаги учрашувда бир қанча сиёсий мессежлар янгради. Хусусан, музокаралар бошланганидан сўнг Трамп ёрдамчилари томонидан берилган баёнотда айтилишича, у жорий йилнинг ноябрь ойида қайта сайланса, “Яқин Шарқда тинчлик ўрнатиш учун қаттиқ курашишга” ва Қўшма Штатлардаги коллежларнинг кампусларида антисемитизмга қарши бир қанча чоралар кўрилишига ваъда берган. Бундан ташқари, республикачилар номзоди ушбу суҳбат баҳонасида демократлар ва уларнинг айни дамдаги асосий номзоди Камола Ҳаррисга ҳам тош отишга улгурди. Сиёсатчининг такрорлайвериб чарчамайдиган сўзларига кўра, бугун дунё 3-жаҳон урушига ҳар қачонгидан-да яқин ва бунга АҚШни айни дамда қобилиятсиз шахслар бошқараётгани сабаб бўлмоқда. У, шунингдек, агарда келаётган сайловда Камола Ҳаррис ғалаба қозонгудек бўлса, айнан у шу Жаҳон уруши учун асосий сабабчи бўлишини ҳам айтиб ўтди.
Эски дўстлар ёхуд хиёнаткорнинг “тавбаси”
Сиёсий майдонда Трамп ва Нетаньяху ўртасидаги алоқалар жуда яқин ва дўстона тарзда бўлгани ҳеч кимга сир эмас. Аммо шундай бўлишига қарамай, Мар-а-Лагодаги мазкур учрашув Нетаньяхунинг Трамп билан 2020 йилда Оқ уйни тарк этганидан бери биринчи юзма-юз мулоқоти бўлди. Сабаби ўша йили Дональд Трампнинг ўрнига президентлик учун сайланган Байденни ғалаба билан айнан Нетаньяху биринчилардан бўлиб табриклагани учун уларнинг муносабатлари кескинлашган. Трампнинг ўзи ҳам 2021 йилги интервьюсида Нетаньяхунинг унга нисбатан хиёнат қилгани, Байденнинг ғалабаси билан биринчи бўлиб табриклагани унинг ҳафсаласини пир қилганини айтганди. Трамп шу йили ҳатто бир исроиллик журналистга берган интервьюсида Биньяминни ҳақоратлагани бугун кўплаб дунё ОАВлари томонидан эсланди.
Таҳлилларга кўра, Исроил Бош вазирининг АҚШдаги ушбу сафаридан кўзланган мақсадлардан бири ҳам эски ва ўзи томонидан хиёнат қурбони бўлган Трамп билан бузилган муносабатларни илиқлаштиришдир. Нетаньяху энди ноябрдаги сайловлардан кейин республикачи номзод Оқ уйга қайтса, Ғазога қарши урушда Трампнинг Исроилни қўллаб-қувватлашини таъминлашга ҳаракат қилаётгани очиқ кўриниб турибди.
Адолатсиз якун
Исроилнинг Ғазодаги агрессияси бошланган кундан то бугунга қадар секторда 40 мингга яқин бегуноҳлар ўлдирилди. Энг ачинарлиси, Исроил қуролидан вафот этганларнинг деярли ярми болалар. Бундан ташқари, босқин давомида 90 мингдан ортиқ одам турли даражада жароҳатланди.
Аммо Трампнинг ҳашаматли ва хавфсиз қароргоҳида бўлган кечаги учрашувда Нетаньяху собиқ президентга ҲАМАС қўл остида гаровда экани айтилган исроиллик қизалоқнинг суратини совға қилди. Нетаньяхунинг сўзларига кўра, суратни унга қизалоқнинг бобоси берган ва уни Трамп билан бўлишишни сўраган.
“Бу жуда таъсирли. Биз буни ҳал қиламиз”, деди Трамп суратни 16 мингдан ортиқ мурғак болаларни қиличдан ўтказган жоҳилдан қабул қилиб олар экан.
Шундай қилиб, кеча Трамп қароргоҳида 16 мингдан ортиқ фаластинлик болаларнинг ўлимидан кўра биргина исроиллик, ҳали тирик бўлган, гаровдаги боланинг тақдири таъсирли ва ачинарли тарзда қабул қилинди.
LiveБарчаси
Бухорода Ғиждувон деҳқон бозори ёнмоқда.
14 Декабрь