Абу-Дабида илк рус православ черкови очилади
Олам
−
13 Март 1323 2 дақиқа
Бирлашган Араб Амирликлари пойтахти Абу-Даби шаҳрида Қозон Биби Марям иконаси шарафига бағишланган илк рус православ ибодатхонаси очилади. Бу ҳақда РИА Новости хабар берди.
Қайд этилишича, Абу-Дабида яшовчи рус тилида сўзлашувчи православлар ўз черков жамоасини ташкил этиш илтимоси билан мурожаат қилган. Шу сабабли янги православ диний жамоа ташкил этиш ва черков қуриш масаласи кўриб чиқилган.
Жорий йилнинг 17 январь куни Антиохия патриархи Иоанн Х Москва ва Бутун Рус патриархи Кириллга юборган мактубида Абу-Дабида рус православ жамоасини ташкил этиш ва черков қурилишига розилик берганини билдирган.
Қарор черковнинг Муқаддас Синоди томонидан қабул қилинган. Янги православ жамоаси каноник жиҳатдан Антиохия православ черкови юрисдикциясига киради.
Шундан сўнг Муқаддас Синод Абу-Дабида Қозон Биби Марям иконаси номидаги рус православ диний жамоасини ташкил этиш ҳақида қарор чиқарди. Янги жамоага руҳонийлик хизматини ҳозирда Шаржада жойлашган Муқаддас Филипп ибодатхонаси раҳбари архимандрит Александр (Заркешев) олиб боради.
Келтирилишича, бу черков рус православ динига мансуб бўлган ва шу черков томонидан ташкил қилинган диндорлар жамоаси учун фаолият юритади.
Маълумот ўрнида, Антиохия православ черкови тарихан энг қадимий православ черковларидан бири бўлиб, у муқаддас ҳаворий (апостол)лар Бутрус (Петр) ва Павлус (Павел) томонидан асос солинган. Унинг каноник ҳудудига Сурия, Ливан, Ироқ, Кувайт ва Арабистон яриморолидаги мамлакатлар киради (Иорданиядан ташқари).
Live
Барчаси