Абхазияда намойишчилар парламент ҳудудига бостириб кирди (видео)
Олам
−
15 Ноябрь
5902Тан олинмаган Абхазия республикасида мухолифат россиялик инвесторлар учун катта имтиёзларни назарда тутувчи қонун лойиҳасига қарши чиқиб, намойиш уюштирмоқда. Бу ҳақда “Respublica” Telegram-канали хабар берди.
Қайд этилишича, намойишчилар мамлакат парламенти олдидаги тўсиқни бузиб, унинг ҳудудига бостириб кирган ва оқибатда кучишлатар тузилмалар билан тўқнашув содир бўлган. Улар парламент йиғилиши ва Россия билан инвестиция шартномасини ратификация қилиш тўғрисидаги қонун лойиҳасини рад этишни талаб қилган.
“Апсныпресс”га кўра, парламент йиғилиши бўлган, бироқ депутатлар кун тартибига қарши овоз бериб, мажлисни кейинроқ ўтказишга қарор қилган. Шундан сўнг намойишчилар ҳужумга ўтиб, ҳокимият тарафдорларига тухум улоқтирган.
Маълумот учун, Абхазияда норозилик намойишлари бир неча кундан бери давом этмоқда. Маҳаллий мухолифат асосан Москва ва Сухуми ўртасида республикага Россия инвестицияларини жалб қилишга доир келишувга норозилик билдирмоқда.
Мухолифатга кўра, бу келишувдан Абхазия иқтисодий фойда олмайди ва ундан воз кечиш зарур.
“Бу келишув, аввало, хорижлик олигархлар учун 25 йил давомида солиқлардан озод бўлиш имкониятини беради. Келишувда кўзда тутилган имтиёзлар фақат 2 миллиард рублдан юқори инвестициялар билан кучга киради. 25 йил давомида бюджетга бир тийин ҳам келтирмайдиган бундай инвестиция лойиҳалари бизга нима учун керак?!” деган аввалроқ Абхазия Халқ Ҳаракати етакчиси, собиқ бош вазир ўринбосари ва иқтисодиёт вазири Адгур Ардзинба.
LiveБарчаси