Абитуриентларнинг 2,5 мингта халқаро сертификати ноқонуний бўлиб чиқди
Жамият
−
05 Июль
77342024/2025 йил ўқув йилида 22 632 нафар абитуриент ҳужжат топшириш жараёнида чет тилидан халқаро сертификат юклаган бўлиб, улардан 2 569 та сертификатнинг ҳақиқийлиги тасдиқланмади. Бу ҳақда Билим ва малакаларни аниқлаш агентлиги хабар берди.
Қайд этилишича, жорий йилда жами 894 279 нафар абитуриент рўйхатдан ўтган бўлиб, уларнинг 410 415 нафарини (46%) жорий йил битирувчилари, 483 864 нафарини (54%) эса аввалги йилларда битирган абитуриентлар ташкил этди. Рўйхатдан ўтиш талабларини тўлиқ бажарган 805 688 нафар абитуриентга тест синовларида иштирок этишга рухсат берилди (2023 йилда – 948 минг 486 нафар).
Тест синовларида иштирок этиши белгиланган абитуриентларнинг 422 400 нафарини хотин-қизлар (52,4 %), 383 288 нафарини эркаклар (47,6 %), ташкил этади.
Жорий йилда 489 118 нафар (60,7 %) абитуриент тест синовида иштирок этиш учун белгиланган тўловдан озод этилган.
Жорий йилда доимий яшаш ҳудуди бўйича энг кўп Самарқанд вилоятида 95 979 нафар, Қашқадарё вилоятида 92 636 нафар, Фарғона вилоятида 79 808 нафар абитуриент рўйхатдан ўтган.
Абитуриентларнинг 46 244 нафари алоҳида иқтидор талаб этиладиган таълим йўналишларига, 12 851 нафари олий ҳарбий таълим муассасаларига ўқишга кириш истагини билдирган.
Рўйхатдан ўтишда 22 632 нафар абитуриент чет тилидан халқаро сертификат юклаган бўлиб, улардан 20 063 тасининг ҳақиқийлиги тасдиқланди, 2 569 та сертификатнинг ҳақиқийлиги тасдиқланмади.
Бундан ташқари, 30 637 нафар чет тилидан, 20 684 нафар умумтаълим фанларидан миллий сертификатга эга абитуриент рўйхатдан ўтган.
Тест синовларини адолатли ва шаффоф ўтказиш мақсадида кенг жамоатчилик орасидан очиқ танлов ўтказиш орқали 2 690 нафар гуруҳ назоратчиси танлаб олинди. Бундан ташқари гапириш ва эшитишда нуқсони бўлган абитуриентларга амалий ёрдам кўрсатиш мақсадида 139 нафар сурдотаржимон жалб этилади.
Шунингдек, абитуриентлар ва уларнинг ота-оналарини қизиқтирган саволларга жавоб бериш учун 1195 қисқа рақамли мурожаатлар маркази (“Колл марказ”) доимий хизмат кўрсатмоқда.
Қабул жараёнига оид мавзулаштирилган видеороликлар (ўзбек ва рус тилларида сурдотаржима билан) тайёрланиб, эълон қилиб борилмоқда.