Абитуриентлар учун вакант ўринлар рўйхати эълон қилинди

Жамият

image

Кеча, 22 август кунидан абитуриентлар қўшимча танловда иштирок этиш учун рўйхатдан ўтишни бошлаган эди. Бугун, 23 август куни жорий ўқув йили учун абитуриентлар ўртасида қўшимча танлов ўтказиш мақсадида вакант ўринлар мавжуд бўлган бакалавриат таълим йўналишлари рўйхати эълон қилинди. Бу ҳақда Билим ва малакаларни баҳолаш агентлиги хабар берди.

Маълум қилинишича, қўшимча танлов учун ОТМларнинг умумий қабул параметрлари доирасида қолган бўш ўринлар кундузги, кечки ва масофавий таълим шакллари бўйича тақсимланган.

Вакант ўринлар ОТМлар, бакалавриат таълим йўналишлари, таълим шакли ҳамда таълим тили кесимида кўрсатилган. Шунингдек, рўйхатда ҳар бир таълим йўналиши бўйича фанлар мажмуаси ҳам келтирилган.

Абитуриентлар қўшимча танлов учун вакант ўринлар тақсимоти билан илова қилинган PDF-файл орқали батафсил танишишлари мумкин.

Қайд этилишича, жорий ўқув йилида 80 та олий таълим муассасасида жами 31 823 та вакант ўрин мавжуд.

Маълумот учун, қўшимча танловда кириш имтиҳонларида камида 56,7 балл тўплаган, бироқ талабаликка тавсия этилмаган абитуриентлар иштирок этиши мумкин. Мазкур имконият рўйхатдан ўтишнинг иккинчи босқичида ОТМ ва бакалавриат таълим йўналишини танламаган абитуриентларга ҳам берилади.

Эслатиб ўтамиз, абитуриентлар қўшимча танловда иштирок этиш учун 22 августдан 28 августга қадар (шу куни ҳам) агентликнинг my.uzbmb.uz платформаси орқали рўйхатдан ўтишлари мумкин.


Мақола муаллифи

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг