Абитуриентлар 1 000 дан ортиқ қалбаки сертификат топширгани маълум бўлди

Жамият

image

2022-2023 ўқув йили учун онлайн рўйхатга олиш жараёнида абитуриентлар томонидан 955 та хорижий тилни билиш бўйича талабга жавоб бермайдиган сертификат тақдим этилган. Бу ҳақда Давлат тест маркази хабар берди. 

Жорий йилги абитуриентларни онлайн рўйхатга олиш жараёнида абитуриентлар томонидан 29 мингдан зиёд чет тили сертификати тизимга юкланган. 

Сертификатлар Давлат тест маркази мутахассислари томонидан текширилганда 955 та сертификат талабга жавоб бермаслиги аниқланган (уларнинг аксарияти чет тили сертификати эмас).

Шунингдек, 56 та сертификат қалбаки эканлиги аниқланиб, бу бўйича тегишли маълумотлар тайёрланган ҳолда ҳуқуқни муҳофаза қилиш органларига тақдим этилган.

Қалбакилаштирилган сертификатларнинг 44 таси IELTS, 9 таси миллий, 2 таси HSK, 1 таси TOEFL iBT сертификатидир.

Маълумот ўрнида, жорий йилда чет тилидан миллий ёки халқаро сертификатга эга абитуриентлар сони 28 116 тани ташкил этган. Бу 2021 йилга нисбатан 17 468 тага ёки 2,6 баробарга кўп (2021 йилда 10 648 та) эканлигини кўрсатади.

Чет тилидан B2 ва ундан юқори даражадаги миллий ёки халқаро сертификатга эга абитуриентларга олий таълим муассасаларига киришда чет тили фанидан имтиҳонларсиз максимал балл берилади.

Эслатиб ўтамиз, жорий йилнинг 27 июль куни 2022/2023 ўқув йили учун олий таълим муассасаларининг бакалавриат таълим йўналишларига абитуриентларни онлайн рўйхатга олиш якунланди. Қабул якунига кўра онлайн рўйхатдан ўтган ва таълим йўналишларини танлаган абитуриентлар сони 1 214 232 нафарни ташкил этди.


Мақола муаллифи

Теглар

Баҳолаганлар

644

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг