Абдусатторов халқаро турнирда қатнашиш учун Шахмат федерациясидан пул ололмай, “сазойи” қилинган

Спорт

image

Куни кеча жаҳон чемпионига айланиб, рекорд натижа қайд этган 17 яшар Нодирбек Абдусатторов бугун Ҳукумат томонидан кўкка кўтарилаётган бўлса-да, бундан қарийб икки йил аввал халқаро турнирда иштирок этиш учун Шахмат федерацияси эшигини тақиллатганда, сазойи қилинган. Охир-оқибат у Москвада ўтган “Aeroflot 90” турнирига ҳомийлар маблағи ҳисобидан борган. 

Чемпионнинг отаси QALAMPIR.UZ билан мулоқотда 2019 йилдаги воқеани эсга олди ва ўғлининг “Aeroflot 90” турнирига ҳомийлик ёрдами билан борганини федерациянинг моддий томонлама имконияти чекланганини сабаб қилиб кўрсатди. 

“Ҳар бир федерациянинг ўз бюджети бўлади. Шахматни бокс, самбо, кураш ва футбол билан солиштирсангиз, ундаги маблағ мингдан бирига тўғри келади. Шунинг учун бироз имконияти чекланган. Агар ҳисобидаги пуллари кўпроқ бўлганида спортчиларга бу учун йўл қўймаган бўлар эди”, дейди Фазлиддин Очилов.

Шунингдек, Нодирбек Абдусатторовнинг ўзи ҳам федерация фаолияти ҳақида гапириб, бугунги шароит аввалгисидан ўзгарганини урғулайди. 

“Шахмат федерациянинг спортчиларга кўрсатаётган эътибори яхши ва сўнгги йилларда ижобий томонга ўзгарган. Биз спортчилар бундан хурсандмиз ва натижаларимиз орқали ҳам буни кўрсатиб қўйяпмиз. Бундан кейин янада яхши бўлишига ишонамиз”, дейди 17 ёшли жаҳон чемпиони.

Маълумот ўрнида, ёш шахматчиларнинг халқаро турнир ва мусобақаларга шахсий ёки ҳомийлик маблағлари эвазига бориши, бунда Шахмат федерацияси томонидан пул ажратилмаслиги 2019 йилда “Маърифат” газетасида журналист Ҳусан Карвонли томонидан ҳам танқид қилиб чиқилган эди. Ушбу мақола ортидан Федерация раддия бериб, журналистни туҳмат қилишда айблаган. 

“Ўзбекистон Шахмат федерацияси йиллик режа билан иш кўради. Бунинг устига режа йил бошида тасдиқланади ва Ижроқўм томонидан кўриб чиқилади. 

Ўзбекистон Шахмат федерацияси нодавлат-нотижорат ташкилот. Федерация ҳомийлар ҳамда бошқа таъқиқланмаган манбалар ҳисобидан ўз фаолиятини юритади. Боз устига, Шахмат Олимпиада ўйинларига кирмагани боис, футбол, теннис ва бошқа спорт турларидек давлатдан катта маблағда кўмак олиш имкониятига эга эмас. 

Федерация чемпионларнинг Халқаро майдонда фаол бўлишларидан манфаатдор ва бу учун бор кучини аямайди. Хусан Карвонлининг “Хорижда бўлаётган катталар ўртасидаги мусобақаларга на шахмат федерацияси, на Жисмоний тарбия ва спорт вазирлиги бир сўм ҳам ажратмайди!” деган гапларини асоссиз. Чунки Ўзбекистон Шахмат федерацияси ўз маблағлари ҳисобидан ҳар йили камида икки нафар шахматчини “Чегорин” мемориал турнирига, “Аэрофлот” турнирларига юборади.  

Журналистнинг мақолада келтирилган “Федерация бунда ота-оналарини айблаётган бўлса-да, “Пул йўқ, боролмайсизлар” дегани учун Федерация кўпроқ айбдор!” деган айбловига исбот талаб қилади ва гувоҳларни юзма-юз кўришишга таклиф қилади, чунки Федерация молиявий  масалалар юзасида ОАВ ва ота-оналарга расмий раддия бермаган. Далилсиз ҳар қандай гап, асоссий туҳмат ва уйдурма дегани. Бу учун қонунда берилган чоралар мавжуд”, дейилган Федерация жавобида. 

Ўзбекистонда кўп йиллардан буён халқаро мусиқа фестиваллари ва спорт мусобақаларида иштирок этаётган болаларнинг хорижий сафарлари харажатларини қоплаш билан боғлиқ айрим муаммолар мавжуд. Кўп ҳолларда ёш чемпионлар ва мусиқачилар Абдусатторов каби халқаро тадбирларга ўз ҳисобидан бориши, ҳомий тополмаган тақдирда, мусобақаларда қатнашолмай қолиб кетиши мумкин. Бу бир неча йиллардан буён давом этиб келаётган ҳолат бўлиб, бугунгача қанчадан қанча иқтидор эгалари азият чекканига қарамай, аниқ чора-тадбирлар белгиланмаган. Бироқ, улар ана шундай танловлар ғолибига айланиб қолса борми, ғалаба ва соврин эгалари дарров топилади, ислоҳотлар алқанади.

Маълумот учун, 2019 йил ўтказилган “Aeroflot open” турнирида Абдусатторов 9 имкониятдан 5 очко жамғарган ҳолда 25-ўринни эгаллаган.


Мақола муаллифи

Теглар

Nodir shaxmat

Баҳолаганлар

1289

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг