Абдулла Орипов ўзига қўйилган тақиқларда Ислом Каримовни айблаганми?

Интервью

“Абдулла аканинг бутун умри бир бўлди, охирги етти йилда уйда ўтиргани ҳам бир бўлди”. Ўзбекистон Қаҳрамони, Ўзбекистон халқ шоири, мамлакат мадҳияси муаллифи Абдулла Ориповнинг турмуш ўртоғи шоирнинг сўнгги кунлари ҳақида интервью берди. У ЎзА мухбири билан суҳбатда шоир умрининг сўнгги етти йилини норасмий тақиқлар остида ўтказганини айтди. 

Абдулла Орипов Ўзбекистон эндигина мустақиллик эришган йиллари давлат мадҳияси сўзи муаллифи сифатида мамлакатда катта обрў-эътиборга эга бўлди. Ёзувчилар уюшмаси раиси лавозимида кўп йиллар фаолият юритди. Элда ҳурмат, эътибор топди. Таъбир жоиз бўлса, Биринчи Президент Ислом Каримовга энг яқин ижодкорлардан бири сифатида кўрилди. 

Бироқ, ўтган давр Абдулла Ориповнинг фаолияти ва шахсий ҳаётига ҳам соя солган. У кўплар қатори норасмий тақиқлар остида қолган эди. У телевидениеда кўрсатилмас, радиода овози янграмас, матбуотда шеърлари тугул, интервьюлари босилишига ҳам тақиқ қўйилганди. Хўш, бунинг сабаби нима эди?

Абдулла Ориповнинг турмуш ўртоғи Ҳанифа Мустафоеванинг суҳбатда маълум қилишича, Абдулла Орипов бу ҳолатни “кўпга келган тўй” сифатида қабул қилган ва эътибордан четда қолишида Биринчи Президент Ислом Каримовни айбламаган. 

“Мен тирик гувоҳман, Абдулла ака Биринчи Президент ҳақида ҳеч қачон ёмон фикрга бормади. У кишини ёмон кўрмади. Бу унинг иши эмас, атрофидагилар қилган. Булар менга эмас, Президентнинг ўзига қаратилган, дер эдилар. Ҳаммага келган тўй, ҳаммани шундай қилишди. Шу етти йил ичидаги изтиробларини умуман ҳазм қила олмайман. Жуда эзилди”, дейди Ҳанима Мустафоева. 

Шоирнинг рафиқаси сўзида давом этаркан, Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев доим Абдулла Ориповнинг ҳолидан хабар олиб турганини таъкидлаган. 

Ҳанифа Мустафоевага кўра, Абдулла Орипов умрининг сўнгги йилларида интернетдан таскин топган. 

“Абдулла аканинг бутун умри бир бўлди, охирги етти йилда уйда ўтиргани ҳам бир бўлди. Жуда ёмон. Балиқни сувдан чиқариб қўйса қандай аҳволга тушади, Абдулла ака ҳам шундай бўлди. Матбуотдан айирди, телевидениедан айирди, ҳамма нарсадан айирди. Яхшики умрининг охирида интернетга боғланди”, дейди шоирнинг рафиқаси. 
 


Мақола муаллифи

Теглар

Islom Karimov Abdulla Oripov Hanima Mustafoyeva

Баҳолаганлар

1141

Рейтинг

3.9

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг