Абдулла Авлоний номидаги институт проректори коррупцион жиноятларда айбланмоқда
Жамият
−
19 Июль 2023
6693Абдулла Авлоний номидаги Педагогларни касбий ривожлантириш ва янги методикаларга ўргатиш миллий-тадқиқот институти проректори коррупцион жиноятларда айбланмоқда. Бу ҳақда Коррупцияга қарши курашиш агентлиги хабар берди.
Қайд эжтилишича, жорий йилнинг февраль ойида фуқаро Н.О. томонидан Ўзбекистон Республикаси мактабгача ва мактаб таълими вазирлигига қарашли Абдулла Авлоний номидаги Педагогларни касбий ривожлантириш ва янги методикаларга ўргатиш миллий-тадқиқот институти мансабдор шахслари хатти-ҳаракатлари бўйича Агентликка мурожаат келиб тушган. У ўрганилиб, қуйидагилар аниқланган:
Институт томонидан вазирликнинг “Зўр” (“Класс”) лойиҳаси доирасида 2021-2022 ўқув йилларида ҳудудлардаги мактаб ўқувчиларига рус тилини ўргатиш учун 150 нафар россиялик мутахассиснинг ташрифи кўзда тутилган ҳамда уларнинг уй ижараси учун “Araks Trade Business” МЧЖ билан 8 млрд 473,4 млн сўмлик шартнома имзоланган. Ушбу шартнома комплекс экспертизадан ўтказилмаган ва уни тузишда манфаатлар тўқнашувига йўл қўйилган.
Маълумот учун: “Araks Trade Business” МЧЖнинг 2013-2021 йиллардаги таъсисчиси К.Ф. бўлиб, у 2018 йил буён Педагогларнинг касбий ривожлантириш ва янги методикаларга ўргатиш бўйича миллий тадқиқот институтида ўқув-методик ишлар бўйича проректор лавозимида ишлайди.
Шартномага мувофиқ,149 та уй-жой ижараси ва кўрсатилган хизматлар учун ҳақиқатда сарфланган маблағлардан келиб чиқиб, Институт томонидан ҳаражат қилинган сумма 4 млрд 858 млн сўмни ташкил этган. Бироқ 2021 йил сентябрь — 2022-йил июнь ойларида Россия Федерациясидан амалда келмаган 31 нафар ўқитувчига 4 ойдан 10 ойгача яшамаган ижара уй-жойлари учун 569,4 млн сўм ортиқча тўланган. Шунингдек, уй-жой ижараси ва кўрсатилган хизматлар учун 4 млрд 858 млн сўм тўланиши лозим бўлса-да, Институт томонидан 7 млрд 52 млн сўм маблағ ўтказиб берилиши ҳисобига “Araks Trade Business” МЧЖга 2 млрд 194,2 млн сўм маблағ ортиқча тўлаб берилган ва бу маблағ кейинчалик ўзлаштирилган.
Қонуний қарор қабул қилиш учун Бош прокуратурага юборилган ҳужжатлар асосида ўтказилган терговга қадар текширув натижалари бўйича Тошкент шаҳар прокуратураси томонидан Институт ва “Araks Trade Business” МЧЖнинг мансабдор шахсларига нисбатан Ўзбекистон Республикаси Жиноят Кодексининг 167-моддаси 3-қисми “а” билан жиноят иши қўзғатилган ва Олмазор туман прокуратураси томонидан тергов ҳаракатлари олиб борилган.
Айни пайтда ҳолат бўйича суд жараёнлари кечмоқда.
LiveБарчаси