ХВЖ Ўзбекистоннинг фискал сиёсатини маъқуллаб, Ҳукуматни Марказий банк эркинлигини орттиришга чақирди

Жамият

image

Халқаро валюта жамғармаси Ижрочилар кенгаши жорий йилнинг 6 майида ХВЖ тўғрисидаги шартноманинг IV моддаси бўйича Ўзбекистон Республикаси билан маслаҳатлашувларини якунлади.

Ўзбекистонда 2018 йилда кузатилган ноқулай об-ҳаво шароитлари ва сув таъминоти билан боғлиқ муаммоларнинг қишлоқ ҳўжалиги, энергетика ва бошқа секторларга салбий таъсир кўрсатишига қарамасдан асосий капиталга йўналтирилган инвестициялар ҳажмининг сезиларли даражада ошиши ҳисобига Ялпи ички маҳсулотнинг (ЯИМ) ўсиш суръати 5 фоизни ташкил этди. 

2018 йил охирида истеъмол секторидаги инфляция даражаси 14,5 фоизгача пасайди. Шу билан бирга, юқори кредитлаш суръатлари, нархларни эркинлаштиришнинг давом эттирилиши, давлат секторида иш ҳақиларнинг қайта кўриб чиқилиши ва юқори даражадаги инфляцион кутилмалар каби омиллар таъсири ҳисобига 2019 йилда ҳам нархларга бўлган босим сақланиб қолиши мумкин.

2017 йилда ташқи савдо ва алмашув курсининг эркинлаштирилиши ҳамда 2018 йилдаги иқтисодиётни фаол кредитлаш сиёсатининг амалга оширилиши ўз навбатида, 2018 йилда импорт ҳажмининг ошишига ва жорий операциялар ҳисобварағининг салбий сальдосининг ЯИМга нисбатан 7 фоизгача пасайишига олиб келди (2017 йилда оз миқдорда мусбат сальдо бўлган). Шунга қарамасдан, 2018 йил якуни бўйича Ўзбекистонда 13 ойлик импортни қоплашга етарли бўлган сезиларли халқаро олтин-валюта заҳиралари мавжуд ва мамлакатнинг ташқи қарзи мўътадил даражада (ЯИМга нисбатан 35 фоиз) қолмоқда.

2018 йилда солиқ-бюджет сиёсатини амалга оширишда эҳтиёткорлик тамойилларига асосланилган бўлиб, давлат бюджети камомади (иқтисодий дастурларга ажратилган кредитларни ҳисобга олган ҳолда) ЯИМга нисбатан 2 фоизни ва давлат қарзи ЯИМга нисбатан 20 фоизни ташкил этди. ҚҚС ва фойдали қазилмалардан тушган даромадлар ошиб, улар муҳим ижтимоий масалаларга ва иқтисодий дастурларга ажратилган кредитларни молиялаштиришга йўналтирилди. Ҳукумат 2019 йилда солиқларни соддалаштириш, умум эътироф этилган корпоратив солиқлар тизими ҳамда ҚҚС базасини кенгайтириш билан биргаликда хусусий корхоналар ва жисмоний шахсларга солиқ юкини камайтиришга қаратилган кенг қамровли солиқ ислоҳотини бошлади.

Марказий банк 2018 йилда қайта молиялаш ставкасини 14 фоиздан 16 фоизга кўтариш орқали пул-кредит сиёсатини қатъийлаштирди ва ишлаб чиқарувчилардан монетар олтинни сотиб олиш натижасида вужудга келган ортиқча ликвидлиликни ички валюта бозорига интервенция қилиш йўли билан стерилизация қилиб борди.

2017 йилда валюта алмашув курсининг номинал қиймати 60 фоизгача қадрсизлангандан сўнг 2018 йилда нисбатан барқарорликни сақлаб қолди ва натижада сўм реал алмашув курсининг қадри ошди. Шу билан бирга, давлат дастурлари доирасида мақсадли кредитларнинг ошиши натижасида иқтисодиётни умумий кредитлаш ҳажмининг ўсиш суръати 50 фоиздан юқори бўлди. Банк тизими активларининг 85 фоизи давлат улуши мавжуд тижорат банклари ҳиссасига тўғри келади ва ушбу банкларнинг асосий вазифаси давлатнинг инвестицион ва ривожланиш дастурларини қўллаб-қувватлашдан иборат. Шунга қарамасдан, тижорат банкларининг барқарорлик кўрсаткичлари ишончлилигича қолмоқда. Бунда, Марказий банк ўзининг назорат салоҳиятини такомиллаштириш ва янги макропруденциал тартибга солиш инструментларни жорий қилиш орқали кутилаётган хавф-хатарларни олдиндан баҳолаб ўз вақтида зарур чоралар кўриб бормоқда. 

Таркибий ва институционал ислоҳотлар муваффақиятли давом эттирилиши билан бирга келгусида кенг доирадаги ислоҳотларни амалга ошириш кўзда тутилмоқда. Ҳукумат томонидан давлат корхоналарини ислоҳ қилиш борасидаги чора-тадбирлар давлат активларини бошқариш агентлигининг ташкил этиш, энергетика ва транспорт секторларидаги мажбуриятларни қайта тақсимлаш ҳамда корхоналарни реструктуризация қилиш ёки хусусийлаштиришга тайёрлаш орқали жадаллаштирилмоқда. 

Навбатдаги ислоҳотлар нархларни янада эркинлаштириш, ишчи кучи малакасини ошириш, ерга эгалик қилиш бўйича ислоҳотларни амалга ошириш, тартибга солувчи нормативларни оптималлаштириш ва давлат бошқарувини яхшилашга қаратилган. Ўзбекистон “Барқарор ривожланиш мақсадлари”ни қабул қилди. Бунда асосий эътибор таълим, соғлиқни сақлаш, жинсий тенглик, инфратузилма ва молиявий оммабоплик каби соҳаларга қаратилади.

Ижрочилар кенгашининг баҳоси

Ижрочилар Кенгашининг директорлари иқтисодий ислоҳотларнинг дастлабки тўлқини, яъни, валюта бозорини эркинлаштириш ҳамда солиқ сиёсати соҳасидаги ислоҳотларни қўллаб-қувватладилар. Бу ислоҳотлар, ўз навбатида, барқарор ўсиш суръатларини таъминлашга ва янада очиқ бозор иқтисодиётига ўтишга хизмат қилади. Кенгаш директорлари келгусида асосий эътиборни мамлакатда макроиқтисодий барқарорликни сақлаб қолиш, инклюзив (кенг қамровли) иқтисодий ўсишни рағбатлантириш ва хусусий секторда янги иш ўринларини яратишга қаратиш лозимлигини таъкидлашди.

Бундан ташқари, директорлар инфляция даражасини пасайтириш учун қатъий пул-кредит сиёсатини давом эттириш ва иқтисодиётни кредитлаш ҳажмлари ўсишини ташқи ва ички барқарорлик талабларига мослаштириш зарурлигини таъкидладилар. Кредитлар ўсишини мақбуллаштириш ва иқтисодий дастурларга ажратилган кредитларни босқичма-босқич камайтириш инфляцион босимни чеклаш, ташқи савдо дефицитини қисқартириш ҳамда иқтисодиётнинг ўсиш ва пасайиш цикллари ҳисобига юзага келиши мумкин бўлган зарарларини олдини олишга ёрдам беради. 

Директорлар валюта курсининг ўзгарувчанлигини сақлаб қолишни маъқуллашди, бу иқтисодиётнинг мослашувчанлигини оширишга имкон беради. Шунингдек, улар Ҳукуматни Марказий банкнинг мустақиллигини оширишга  чақиришди.

Директорлар Ҳукуматнинг умумий бюджет дефицити ва давлат қарзини ўрта даражада сақлаб қолишга қаратилган фискал сиёсатдаги эҳтиёткорона ёндашувни кўллаб-кувватлади. Улар Ҳукуматнинг  2019 йилда мақсадли кредитларни камайтириш ва 2020 йилги бюджетда барча бюджетдан ташқари операцияларни қамраб олиш борасидаги мақсадларини ижобий баҳоладилар. Ўзбекистонда юқори инвестицион талаб мавжуд бўлган шароитда, харажатлар ўсишини мақбуллаштирилиши макроиқтисодий барқарорликка ижобий таъсир кўрсатиши мумкинлигини таъкидладилар.

Директорлар Ҳукуматнинг солиқ соҳасидаги ислоҳотларини амалга оширишдаги қарорини юқори баҳоладилар ҳамда ушбу ислоҳотларни пухта амалга ошириш, зарур ҳолларда, айниқса давлат корхоналаридан солиқ тушумлари камайиши кузатилган ҳолларда қўшимча чора-тадбирларни қўллашга тайёр туришни тавсия қилдилар. 

Банкларнинг барқарорлик кўрсаткичлари юқори бўлишига қарамай, директорлар давлат банкларида узоқ вақтлардан бери ечилмай келаётган молиявий активлар билан боғлиқ муаммоларни ҳал қилиш ва уларнинг бошқарувини яхшилаш зарур деб ҳисоблайдилар. Улар банк тизимини реструктуризация қилиш стратегиясини ишлаб чиқиш, илғор халқаро тажрибаларга мос келувчи назорат салоҳиятини ошириш ҳамда макропруденциал инструментлардан янада фаол фойдаланиш бўйича Ҳукумат саъй-ҳаракатларини қўллаб-қувватладилар.

Таркибий ислоҳотларнинг мураккаблигини ҳисобга олган ҳолда, директорлар мамлакат Ҳукуматига янги иш ўринлари яратишга ҳамда муаммоларни бартараф этишга қаратилган ислоҳотларнинг устуворлигидан келиб чиқиб, уларнинг кетма-кетлигини белгилаб олишни тавсия қилдилар. Улар бизнес муҳитини яхшилаш, шу жумладан, бизнес юритишда харажатларни қисқартириш ва давлат бошқарувини мустаҳкамлаш борасидаги саъй-ҳаракатларни маъқулладилар.

Директорлар корпоратив бошқарувни яхшилаш ва хусусийлаштиришга рухсат бериш ёки акциядорлар сонини кўпайтириш орқали давлат корхоналарини ислоҳ қилиш зарурлигини таъкидладилар. Олдиндан аниқлаш мумкин бўлган тартибга солиш ва меъёрий-ҳуқуқий базани таъминланиши хусусий тадбиркорлик ҳамда хорижий инвестициялар ҳажмининг кенгайишини рағбатлантиради. Директорлар Ўзбекистоннинг аҳоли саводхонлигини ошириш, шунингдек, ҳуқуқий, меъёрий ва институционал ислоҳотларни олиб бориш орқали коррупцияга қарши курашишни янада кучайтиришни борасидаги ишларни тамомила қўллаб-қувватладилар. Улар Ҳукуматни иқтисодий маълумотлар сифати ва шаффофлигини яхшилаш борасидаги ишларни давом эттиришга чақирдилар.

Директорлар Ҳукуматнинг “Барқарор ривожланиш мақсадлари”га асосланган инклюзив ўсиш борасидаги чора-тадбирлар дастурини, шу жумладан, кадрлар тайёрлаш, меҳнат бозорида фаол дастурларни молиялаштиришни кенгайтириш, меҳнат муҳожирларини қўллаб-қувватлаш ва меҳнат бозорида ислоҳотлар олиб бориш йўли билан аҳолининг ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламига ёрдам кўрсатиш режаларини маъқулладилар.

Одатда ҳар йили ХВЖ унга аъзо мамлакатлар билан ХВЖ тўғрисидаги шартноманинг IV-моддасига риоя қилиш бўйича икки томонлама муҳокамаларни амалга оширади. ХВЖ экспертлари мамалакатларга ташриф буюриб иқтисодий ва молиявий кўрсаткичлар бўйича маълумотлар йиғади ҳамда тегишли вазирлик ва идоралар раҳбарлари билан мамлакатдаги иқтисодий ривожланиш сиёсатини муҳокама этади. Экспертлар бош қароргоҳга қайтишганидан сўнг Ижрочилар Кенгашида муҳокама қилиш учун ҳисобот тайёрлайди.


Мақола муаллифи

Теглар

Марказий банк Халқаро валюта жамғармаси

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг