Абдулла Арипов сел, тошқин ва кўчки хавфи бўйича йиғилиш ўтказди

Жамият

image

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасида Бош вазир Абдулла Арипов раислигида юзага келиши мумкин бўлган сел оқимлари, тошқинлар ва кўчки ҳодисалари билан боғлиқ фавқулодда вазиятларнинг олдини олиш бўйича устувор вазифалар муҳокамасига бағишланган видеоселектор йиғилиши ўтказилди. Бу ҳақда Бош вазир Матбуот хизмати ходими Бекзод Ҳидоятов маълум қилди.

Унга кўра, “Ўзгидромет”нинг шу ҳафтадан ҳаво ҳарорати кундузи +10 даражагача ва кечалари +3 даражагача кўтарилиши, ҳатто, тоғ олди ва тоғли ҳудудларда 2-7 даража илиқ бўлиши кутилаётгани ҳақидаги маълумотларига таяниб, бундай ҳарорат қор ва музлар эришини тезлатиши, сел, кўчки ва сув тошқинлари юзага келиши эҳтимолини янада кучайтириши айтилди.

“Йиғилишда мавжуд ҳолат ҳудудлар кесимида чуқур таҳлил қилиниб, юзага келиши мумкин бўлган салбий ҳодисаларнинг олдини олиш ва бартараф этиш юзасидан тегишли вазирлик ва идоралар ҳамда ҳокимликлар раҳбарларига топшириқлар берилди. Президент Шавкат Мирзиёевнинг топшириқларига асосан сел оқимлари, тошқинлар ва кўчки ҳодисалари билан боғлиқ фавқулодда вазиятларнинг олдини олиш бўйича доимий штаб ташкил этилди”, дейилади хабарда.

Шунингдек, давлат раҳбарининг 2022 йил 18 ноябрдаги 426-сон қарорига асосан Тошқинга қарши Ҳукумат ҳамда ҳудудий комиссиялар тузилган ва уларнинг асосий вазифасилари белгиланган.

“Вазирлар Маҳкамасида ўтган йиғилиш баёни билан ушбу Комиссия аъзолари Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳри ҳудудларига бириктирилди”, дея қўшимча қилинади ҳукумат хабарига.

Эслатиб ўтамиз, ўтган 2022 йилнинг қиш мавсумида ёғган қалин қор эриши ҳамда кучли ёмғир ёғиши ортидан “Ўзгидромет” февраль-март ойлари давомида муттасил сел келиш хавфидан огоҳлантириб келган эди. Шундай бўлсада республиканинг бир қанча вилоятларига, уларнинг тоғли ҳудудларига кучли сел келган ва ҳудудлар катта талофатга учраган эди.


Мақола муаллифи

Теглар

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг