Аҳолининг қанчасида коронавирусга иммунитет борлигини аниқлаш учун тест ўтказиш бошланади
Жамият
−
20 Июль 2020
13561Ўзбекистон аҳолисида коронавирусга қарши антитана таҳлилини ўтказиш режалаштирилмоқда. Олинган намуналардан фуқароларнинг қанчасида коронавирусга қарши иммун тизими шаклланганини билиш мумкин. Бу ҳақда бугун, 20 июль, Халқаро пресс-клубнинг навбатдаги сессиясида Санитария-эпидемиология назорати давлат инспекцияси бошлиғи Нурмат Отабеков маълум қилди.
Бош инспекторнинг сўзларига кўра, Россиядаги баъзи бир маълумотларда одамларнинг 70 фоизигача антитана бор деган хулосалар пайдо бўляпти. Аммо бу ишонарли маълумот эмас.
Отабековнинг таъкидлашича, касаллик Ўзбекистонда 15 март куни қайд этилган бўлса-да, бу инфекция республикага ундан аввалроқ кириб келган, деган тахминлар йўқ эмас. Одамлардан олинган намуналардан антитаналарни аниқлаш орқали аҳолининг қанча фоизида иммун тизими борлигини исботлаш мумкин бўлади. Бу келгусида касаллик кўрсаткичи қанчага кўтарилиши юзасидан аниқроқ башорат қилиш имкониятини беради.
“Биз аниқ биламиз, касалликка чалинган одамлар инфекцияни юқтирганидан кейин еттинчи, саккизинчи куни давом этаётган бўлса, у ҳолатда организмда антитаналар ишлаб чиқариш бошланади. Биз антитаналарни аниқлаш усулларини ҳам амалиётга киритиш орқали ПЗР лабораторияларига бўлаётган юкламаларни бир мунчага камайтиришга ҳаракат қиляпмиз.
Асосий мақсад, ким текширишга муҳтож бўлса, кимнинг таҳлилини амалга ошириш ўта зарур бўлса, шунга аҳамият қаратишимиз керак бўлади”, дейди Нурмат Отабеков.
Аввалроқ, Коронавирусга қарши кураш штаби аъзоси, профессор Ҳабибулла Оқилов ҳам коронавирусга қарши антитаначаларни аниқлаш Ўзбекистонда энди йўлга қўйилишини айтганди.
LiveБарчаси