Аҳмад Масъуд бошчилигидаги фронт АҚШда ўз ваколатхонасини очди
Олам
−
29 Октябрь 2021
8340Аҳмад Масъуд бошчилигидаги “Толибон”га қарши Афғонистон миллий қаршилик фронти ўзининг АҚШдаги ваколатхонасини хорижий агент сифатида рўйхатдан ўтказди. Бу ҳақда “Axios” ахборот порталига таяниб хабар берилган.
Таъкидланишича, ваколатхона очилишидан мақсад америкалик сиёсатчиларни афғон мухолифатини қўллаб-қувватлашга ишонтиришдир.
Қайд этилишича, ваколатхона “Конгресс, маъмурият ва Америка халқи билан фаол алоқалар ўрнатиш орқали Афғонистонда эркинлик ва демократияни қўллаб-қувватлаш тарафдори бўлади”.
Шунингдек, Афғонистондаги қаршилик ҳаракати “сўнгги 20 йил ичидаги Афғонистондаги Америка сармояларининг ҳимоячиси ҳамда мамлакатни муросасизлик ва терроризмдан халос қиладиган куч” бўлишга интилаётгани айтилган.
Маълумот ўрнида, республикачи сенатор Линдси Грэм ва шу партиядан АҚШ Конгресси Вакиллар палатаси аъзоси Майк Уолтц АҚШ Президенти Жо Байденни Аҳмад Масъуд ва собиқ вице-президент Амрулла Солиҳни Афғонистоннинг қонуний ҳукумати вакиллари сифатида тан олишга чақирган. Байден маъмурияти эса буни амалга ошириш учун ҳеч қандай далил кўрсатмаган.
Таъкидланишича, фронтнинг Қўшма Штатлардаги ваколатхонасини рўйхатдан ўтказиш афғон мухолифати Вашингтондаги асосий расмийлардан ёрдам олишга интилаётганидан далолат беради.
LiveБарчаси