Аҳдсиз Исроил: мамлакат келишувдан кейин ҳам Ғазога зарбалар берди. Қурбонлар бор (видео)
World
−
03 August 2180 3 minutes
Исроил армиясининг кеча, 2 июль куни Ғазо секторига берган ҳаво зарбалари оқибатида камида 18 нафар фаластинлик ҳалок бўлди. Бу ҳақда маҳаллий тиббиёт ходимларига таяниб, “Reuters” хабар қилди.
Фаластин соғлиқни сақлаш идоралари маълумотига кўра, эрталабдан Исроил авиацияси Ғазо шаҳри, марказдаги Дайр ал-Балаҳ ҳамда жанубдаги Хон Юнис ҳудудларига зарбалар берган. Оқибатда сўнгги ҳафталардаги энг юқори кунлик қурбонлар сони қайд этилган.
Аввалроқ АҚШ Президенти Дональд Трамп ҲАМАС ва бошқа қуролли гуруҳлар қуролсизланишга рози бўлганини маълум қилиб, можарони тугатиш йўлида силжиш кузатилаётганини айтган эди. Бироқ Исроил Энергетика вазири ва мамлакат хавфсизлик кабинети аъзоси Эли Коэн ҳозирча Ғазога ҳужумларни тўхтатиш бўйича ҳеч қандай келишув йўқлигини билдирган.
“АҚШ билан тузилган келишувимиздаги позициямиз шуки, энг аввало ҲАМАС тугатилиши керак”, деган Коэн.
Унинг таъкидлашича, Исроил ҲАМАСга қуролсизланиш имкониятини беради, аммо бу амалга ошишига шубҳа билан қарамоқда. Агар бу содир бўлмаса, Исроил Ғазо сектори устидан тўлиқ назорат ўрнатиши зарур деб ҳисоблайди. Кейинроқ Бош вазир Биньямин Нетаньяху матбуот хизмати вакили Дорон Шпильман Исроил АҚШга қуролсизланиш режаси юзасидан хавотирларини етказганини маълум қилган.
Маҳаллий тиббиёт ходимларининг маълумотига кўра, Дайр ал-Балаҳдаги зарбада 4 киши ҳалок бўлган. Маваси ҳудудидаги чодирлар лагерига қилинган яна бир ҳужумда 5 киши жароҳатланган ва бир нечта чодир ёниб кетган. Шунингдек, Мавасидаги уйга берилган зарбада эр-хотин ва уларнинг 9 ёшли ўғли ҳалок бўлган. Ғазо шаҳридаги турар жойга қилинган ҳужумда яна бир оила – эр-хотин ва фарзанди вафот этган. Миср ваколатхонаси яқинидаги чодирга берилган зарбада 2 киши, “Зайтун” маҳалласидаги кейинги ҳужумда яна 2 киши, Жабалия яқинида эса бир киши ҳалок бўлган.
Исроил армияси Дайр ал-Балаҳдаги турар жойга қилинган зарба ҲАМАСнинг “Нухба” махсус бўлинмасининг икки қўмондонига қаратилганини билдирган. Ғазо шаҳри ва Жабалиядаги ҳужумлар ҳам “ҳарбий амалдорлар”га қарши қаратилганини, вазият ўрганилаётганини маълум қилган.
Кейинги ҳужумлардан бирида Ғазо шаҳридаги автомобилга берилган зарба оқибатида камида 3 нафар фаластинлик ҳалок бўлган. ҲАМАСнинг юқори мартабали вакили Басем Наим ҳаракат қуролсизланиш масаласида “катта мослашувчанлик” кўрсатганини, аммо Исроил сиёсий жараёнлар фонида ҳужумларни кучайтириш орқали вазиятни ҳарбий йўл билан ўзгартиришга уринаётганини айтган.
Ғазо соғлиқни сақлаш идоралари маълумотига кўра, ўтган йил октябрда эришилган ўт очишни тўхтатиш келишувидан буён Исроил зарбалари оқибатида камида 1230 нафар фаластинлик ҳалок бўлган. Исроил ҳисоб-китобларига кўра, шу даврда 4 нафар исроиллик ҳарбий ҳалок бўлган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Фаластиннинг ХАМАС ҳаракати Ғазо сектори раҳбари Халил ал-Ҳайяни ташкилот сиёсий бюросининг янги раҳбари этиб сайланганди.
Live
All