9 ёшли болани ўлдириб, Қирғизистонга қочиб кетган ўзбекистонлик 20 йилдан кейин қамалди

3-саҳифа

image

Фарғона вилояти Қўқон шаҳрида поччасидан ўч олиш мақсадида 9 ёшли холаваччасини ўлдириб, Қирғизистонга қочиб кетган фуқаро 20 йилдан кейин қамалди. Бу ҳақда Олий суд Матбуот котиби Азиз Обидов маълум қилди.

Қайд этилишича, Қўқон шаҳрида автомобиль эҳтиёт қисмлари савдоси билан шуғулланувчи И.А. 2000 йилда тадбиркорлик фаолиятини кенгайтириш мақсадида дўкон ва иш ҳажмини оширган. Бунинг ортидан И.А. ишчи кучига эҳтиёж сеза бошлаган. Шундан сўнг у хотинининг жияни А.А.ни ёрдамчи сифатида ишга олиб, савдодаги барча юмушларни унга топширган. И.А. қайноғасига яхши маош ҳам тўлаган.

2001 йил якунига келиб А.А. поччаси бераётган ойликка қаноат қилмасдан, ғайри қонуний тарзда сотилган товарларнинг пулидан маълум қисмини ўзлаштира бошлаган. И.А. бундан хабар топгач, қайноғасини ишдан бўшатиб юборишга мажбур бўлган. А.А. эса бу ҳолатда ўзини жабрланган ва тухматга учраган одам сифатида кўриб, поччасидан қасд олишни режалаштирган. А.А. аввалига холаваччаси Ш.А.ни ўғирлаб, қайтариб бериш эвазига 15 минг доллар талаб қилишни режа қилган. Бироқ унга Ш.А. 9 ёшли бола бўлгани учун уни ўлдириш осонроқ туюлади. 

Шундан сўнг, А.А. таниши билан бирга Ш.А.ни алдаб, шаҳар чеккасидаги қурилиши тугалланмаган бинонинг ертўласига олиб бориб, аввалдан тайёрлаб қўйган симли арқон ёрдамида бўғиб ўлдирган. Кейин мурдани қопга солиб, Ўзбекистон туманининг собиқ Пахтақайнар ширкат хўжалигидаги ташлама сув тўпланадиган ариққа ташлаб юборган. Боланинг жасади 2002 йилнинг 14 март куни топилган.

А.А. мазкур воқеадан 20 кун ўтиб, қўшни Қирғизистон Республикасига қочиб кетади. Шу боис 2002 йил 30 апрелда унга нисбатан сиртдан “қамоқ” эҳтиёт чораси қўлланилиб, қидирув эълон қилинган ҳамда жиноят ишининг А.А.га оид қисми алоҳида иш юритувига ажратилиб, жиноят ишлари бўйича Фарғона вилоят судининг 2002 йил 14 июндаги ҳукми билан у қонуний жазога тортилган.

20 йил давомида қидирувда бўлган шахс 2022 йилнинг декабрь ойида Қирғизистон ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идоралари ходимлари томонидан ушланиб, Ўзбекистонга қайтарилган. У жиноят ишлари бўйича Қўқон шаҳар суди уни Жиноят кодексининг 97-моддаси (қасддан одам ўлдириш) 2-қисми “в” ва “п” бандлари билан айбдор деб топилиб, қонуний жазога тортилган.


Мақола муаллифи

Теглар

Қирғизистон

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг