Андижонлик блогер масаласида вилоят ҳокимлиги расмий баёнот берди
Жамият
−
02 Январь 2020
12064Ёдингизда бўлса, андижонлик блогер Отабек (Абдуфатто) Нуритдинов масаласида QALAMPIR.UZ суриштируви эълон қилинганди. Унда Facebook ижтимоий тармоғида тарқатилган маълумотлари юзасидан Нуритдинов маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексининг тегишли моддалари доирасида жавобгарликка тортилгани баён этилган.
Мазкур ҳолат бўйича Андижон вилоят ҳокимлиги Матбуот хизмати ўз муносабатини билдирди.
Унда Асака туман “Сувоқава” ДУК раҳбари Боҳодир Қаҳҳоров, “ҲудудгазАндижон” Асака туман филиали раҳбари Жавлонбек Исмоилов, Андижон вилоят давлат молиявий назорат бошқармаси бошлиғи Азизбек Икромов, Асака туман ободонлаштириш бошқармаси бошлиғи Алишер Парпиев, Асака туман 27-мактаб директори Муҳайёхон Исақова, Асака туман 59-мактаб директори Дилфузахон Жўрабоева, Андижон вилоят ИИБ Тергов бошқармаси бошлиғи Яҳёбек Абдулхаков, Андижон вилоят Маъмурий суд судъяси Ойбек Баракабаев, Андижон вилоят прокурори ўринбосари Бахтиёр Худойбердиевлар бўлиб ўтган ишлар юзасидан ўз муносабатларини билдирган.
Боҳодир Қаҳҳоровга кўра, у ушбу ҳолат юз берган куни Отабек Нуритдинов уни ҳақорат қилган, у эса асл ҳолатни, давлат ишида ишлаш ҳам осон бўлмаётганини тушунтиришга ҳаракат қилган. Жанжал содир бўлаётган вақтда ўша атрофда хизмат вазифасини билдираётган Ички ишлар бўлими ходимлари томонидан чора кўрилган.
“ҲудудгазАндижон” Асака туман филиали раҳбари Жавлонбек Исмоилов Асака туман молия бўлими бошлиғи билан иш юзасидан суҳбатлашаётган вақтда Отабек Нуритдинов уларнинг ёнига келган. У ўша куни Боҳодир Қаҳҳоров ва Отабек Нуритдинов билан бўлган жанжалнинг бевосита гувоҳи бўлган.
Андижон вилоят давлат молиявий назорат бошқармаси бошлиғи Азизбек Икромовнинг айтишича, Отабек Нуритдинов Асака туманидаги бюджет масалалари юзасидан қонунбузилиш ҳолатлари юзасидан бир нечта эътирозлар билдирган бўлган. Ўтказилган текширувлар натижасида у кўтарган масалаларнинг 3таси ўз исботини топмаган. Яна бир масала бўйича эса текширув ишлари олиб борилмоқда ва якуни бўйича албатта хабар берилишини билдирган.
Асака туманидаги қабристон масаласида вилоятдан молиявий-тафтиш текширувлари бўйича ишчи гуруҳ келган. Унда Отабек Нуритдинов ҳам қатнашган. Лекин сарфланган пуллар юзасидан ҳеч қандай салбий ҳолатлар аниқланмаганлигини билдирди Асака туман ободонлаштириш бошқармаси бошлиғи Алишер Парпиев.
Видеода Асака туман 27-мактаб директори Муҳайёхон Исақова ҳам ўз муносабатини билдириб ўтган. Отабек Нуритдинов томонидан у ҳақида уйдирмалар тарқатилганини айтади мактаб раҳбари. Нуритдинов томонидан ижтимоий тармоққа ёзилган постлар унинг соғлиғига салбий таъсир ўтказган. Охири иложи қолмагач, тегишли ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идораларга мурожаат қилишга мажбур бўлган.
Дилфузахон Жўрабоева Отабек Нуритдиновнинг фарзанди таҳсил оладиган Асака туманидаги 59-мактаб директори лавозимида ишлайди. У ҳам Отабек Нуритдинов томонидан тарқатилган маълумотлар текширувлар натижасида ўз исботини топмаганини билдирган.
Андижон вилоят ИИБ Тергов бошқармаси бошлиғи Яҳёбек Абдулхаков, Андижон вилоят Маъмурий суд судъяси Ойбек Баракабаев, Андижон вилоят прокурори ўринбосари Баҳтиёр Худойбердиевлар ҳам ўша куни содир бўлган ҳолат юзасидан тўпланган далиллар, судга тақдим этилган ҳужжатлар ва қабул қилинган қарор ҳақида ўз фикрларини билдириб ўтган.
Юқоридаги слайдерда видеони тўлиқ кўришингиз мумкин.
LiveБарчаси