84 марта қоида бузган Hyundai аукционга қўйилиши мумкин
3-саҳифа
−
22 Декабрь 2023
11284Тошкент шаҳар Шайхонтоҳур туманида 84 марта қоида бузган ҳайдовчи салкам 38 млн сўмлик жарима тўлаши керак, акс ҳолда унга тегишли Hyundai Elantra русумли автомашина аукционда сотилиши мумкин. Бу ҳақда Мажбурий ижро бюроси матбуот котиби Фаррух Тошпўлатов QALAMPIR.UZ’га маълум қилди.
Билдирилишича, МИБнинг Шайхонтоҳур туман бўлими иш юритувида қарздор фуқаро З.Ж.дан Тошкент шаҳар ИИББ ЙҲХБнинг қарорларига асосан Ўзбекистон Республикаси МЖтКнинг 128-3-модда(тезликни ошириш)си 1-қисмида назарда тутилган ҳуқуқбузарликни 84 маротаба содир этиб, ундирувчи давлат фойдасига жами 37 млн 594 минг сўм миқдорида маъмурий жарима ундириш ҳақидаги ижро ҳужжатлари мавжуд. Бюронинг Шайхонтоҳур тумани бўлими давлат ижрочиси қарздор фуқарони бир неча маротаба огоҳлантиришига қарамай, у қарзини тўлашдан бўйин товлаган.
Оқибатда МИБнинг туман бўлими томонидан мажбурий ижро ҳаракатларига киришилиб, салкам 38 млн сўм миқдоридаги қарзини ундириш мақсадида қарздорга тегишли Hyundai Elantra русумли автотранспорт воситаси ҳаракатдан тўхтатилиб, жарима майдончасига келтирилган.
“Йўлларда ҳаракатланиш қоидаларига ҳамма – хоҳ ҳайдовчи, хоҳ пиёда бўлсин амал қилиши шарт. Ҳайдовчи ва пиёданинг масъулият билан ҳаракат қоидаларига ёндашиши кўнгилсиз ҳодисаларнинг олдини олади. Бироқ, айрим ҳайдовчилар буни ҳис қилмаслиги оқибатида ўз чўнтакларига зарар келтиради”, дейди МИБ матбуот котиби.
LiveБарчаси