77 йил олдин содир этилган қотилликлар: Германияда 96 ёшли аёл ҳибсга олинди
Олам
−
01 Октябрь 2021
23205Германия полицияси фашистларнинг Штутгоф лагерида котиб бўлиб ишлаган 96 ёшли Ирмгард Фурхнерни ҳибсга олди. У судга келиши керак бўлган. Бироқ, кўриниш бермаган. Бу ҳақда РИА Новости маҳаллий ОАВга таяниб ёзмоқда.
Германия матбуоти хабарига кўра, кекса аёл эрта тонгда Гамбург яқинидаги қариялар уйидан чиқиб, таксида Нордерштедт-Митте бекатига борган. Унинг қайси томон йўналгани маълум эмас, лекин илгари Фурхнернинг ўзи судьяга ёзган мактубида у кулгига қолишдан ва масхара бўлишдан қўрқишини айтган.
Полиция аёлни маҳаллий вақт билан 13:50 да ушлаган ва уни Лангенхорн станциясига олиб бориб, сўроқ қилган.
Фурхнер 1943 йил июндан 1945 йил апрелгача Штутгоф концлагерининг коменданти котиби бўлиб ишлаган. Итцехо шаҳри прокуратурасининг хабар беришича, у 11 мингдан ортиқ қотиллик ва қотилликка уринишда иштирок этганликда айбланмоқда. Иш вояга етмаганлар палатаси томонидан кўриб чиқилган, чунки жиноят содир этилган вақтда гумонланувчи ҳали 21 ёшга тўлмаган эди.
Нацистлар концлагери Штутгоф Германия томонидан босиб олинган Полшанинг Гданск яқинида 1939 йилда ташкил этилган. Лагерда 65 мингга яқин маҳбус ҳалок бўлган. Штутгоф маҳбусларида тиббий тажрибалар ўтказилган: инсон танасидан совун ишлаб чиқариш кашф қилинган. Ҳозирда концлагер жойлашган ҳудуд музейга айлантирилган.
LiveБарчаси