“75 лар хати”. Собиқ спикер прокурорларнинг сўровини бемаънилик деб атади

Олам

image

Бишкекнинг Биринчи май туман судида “75 лар хати” бўйича жиноят ишини кўриб чиқиш давом этмоқда. Ўтган суд мажлисида айблов томони барча айбланувчиларга тўққиз йилдан қамоқ жазоси беришни сўраган эди. Бугун, 2 июль куни бўладиган суд жараёни олдидан Жогорку Кенешнинг собиқ тўрағаси (спикери) Нурланбек Турғунбек ўғли прокуратуранинг ушбу сўровини бемаънилик деб атади. Бу ҳақда “24.kg” хабар берди.

Қайд этилишича, ишнинг бошқа бир фигуранти – собиқ бош прокурор Қурманқул Зулушев журналистларнинг саволларига жавоб беришни истамаган. Миллий хавфсизлик давлат қўмитасининг (МХДҚ) собиқ раҳбари Қамчибек Ташиев эса суд биносига автомобилда етиб борган.

Бугун томонларнинг музокаралари давом этади. Шундан сўнг айбланувчилар сўнгги сўзларини айтади ва суд ҳукм чиқаради.

Мазкур иш бўйича таниқли сиёсатчилар айбланувчи сифатида иштирок этмоқда: МХДҚ собиқ раҳбари Қамчибек Ташиев, Жогорку Кенеш собиқ тўрағаси Нурланбек Турғунбек ўғли, собиқ бош прокурор Қурманкул Зулушев. Улар ҳозирда уй қамоғида сақланмоқда.

Шунингдек, гумонланувчилар орасида Президентга муддатидан олдин президентлик сайловларини ўтказиш тўғрисида йўлланган мурожаатга имзо чеккан беш киши бор: Бекболот Талғарбеков, Қурсан Асанов, Қурманбек Дийқанбаев, Аали Қарашев ва Эмиль Узоқбоев – уларнинг барчаси қамоқда сақланмоқда.

Эслатиб ўтамиз, жорий йилнинг 9 февраль куни интернет маконида Президент Садир Жапаров ва ўша пайтдаги Жогорку Кенеш спикери Нурланбек Турғунбек ўғли номига мамлакатда муддатидан олдин президентлик сайловларини ўтказиш сўрови битилган жамоавий мурожаат пайдо бўлган эди. Хатни 75 нафар турли жамоат ва сиёсат арбоблари имзолаган. Орадан ҳеч қанча ўтмай, 10 февраль куниёқ Қамчибек Ташиев МХДҚ раиси лавозимидан маҳрум бўлди. Садир Жапаров унинг истеъфосини изоҳлар экан, жамиятда тарқоқлик ва бўлинишга йўл қўймаслик мақсадида шундай қарорга келганини айтган эди. 

Апрель ойида Қамчибек Ташиев ва бир қатор таниқли сиёсатчиларга нисбатан жиноят иши қўзғатилгани маълум бўлди. Уларнинг барчаси ҳокимиятни зўрлик билан эгаллашга тайёргарлик кўришда айбланмоқда.

Ташиев истеъфоси

Жорий йилнинг 10 февраль куни Қирғизистон Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси раиси – Бош вазир ўринбосари Қамчибек Ташиев Президент Садир Жапаровнинг фармони билан лавозимидан озод этилди. У ўз қарорини “жамиятда бўлинишга йўл қўймаслик” истаги билан изоҳлади. Қамчибек Ташиевнинг ўзи бу ҳақда Германияда юрак операциясидан сўнг режали текширувда бўлганида хабар топганини маълум қилди.

Ташиев ортидан унинг биринчи ўринбосари Қурбонбек Авазов, киберхавфсизлик маркази директори Даниэль Рисалиев ва Антитеррор маркази директори Элизар Сманов ишдан олинди. Абдукарим Алимбоев Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси (МХДҚ) раисининг биринчи ўринбосари лавозимидан озод этилиб, Давлат чегара хизмати раиси этиб тайинланди. Унинг ўрнини Хавфсизлик кенгаши котиби лавозимида ишлаб келаётган Рустам Мамасадиқов эгаллади. 

2020 йилдан буён Миллий хавфсизлик давлат қўмитасининг 9-хизмати бошлиғи ва раис ўринбосари лавозимида ишлаб келган Жумгалбек Шабданбеков Қирғизистон Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси раиси вазифасини вақтинча бажарувчи этиб тайинланди.

Шунингдек, шу куннинг ўзида Чегара хизмати давлат қўмитаси таркибидан чиқарилди.

Жапаров ва Ташиев тандеми

Маълумот учун, Қамчибек Ташиев 2020 йил 16 октябрь куни Қирғизистон Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси раиси этиб тайинланган эди. Фармонни 2020 йил 5–6 октябрь воқеаларидан сўнг президент вазифасини бажарувчи сифатида Садир Жапаров имзолаган.

Қамчибек Ташиев ва амалдаги Президент Садир Жапаров ўртасидаги кўп йиллик муносабатлар мамлакатдаги энг барқарор ва таъсирли сиёсий иттифоқлардан бири сифатида баҳоланиб келган. Уларнинг ҳамкорлиги ҳокимият тепасига келишидан анча олдин бошланган: 2010 йиллар бошида улар бир неча бор сиёсий жараёнларда бир томонда бўлган, 2012 йилдаги умумий жиноий эпизодни ҳам бирга бошдан кечирган, бу эса уларнинг шахсий яқинлигини янада мустаҳкамлаган.

2020 йил октябрь воқеаларидан сўнг тандем якуний шаклга келди: Садир Жапаров Президент лавозимини эгаллади, Қамчибек Ташиев эса МХҚ раҳбари этиб тайинланиб, куч блокининг асосий таянчига айланди. Айнан у энг шов-шувли ишларни назорат қилган, куч сиёсатини шакллантирган ва амалда Президент жамоасининг энг яқин ишончли шахсларидан бири бўлиб келган.

Экспертлар орасида уларнинг иттифоқи кўпинча мамлакатдаги энг мустаҳкам сиёсий дуэт деб аталарди, Қамчибек Ташиев атрофидаги ҳар қандай кадр ўзгаришлари эса ҳокимият конфигурациясидаги жиддий ўзгаришлар белгиси сифатида қабул қилинар эди.

Сўнгги пайтларда сиёсий доираларда махсус хизмат раҳбарининг бўлажак Президент сайловларида иштирок этиши мумкинлиги ҳақида миш-мишлар тарқалган эди. Қамчибек Ташиев эса бир неча бор президентлик пойгасида қатнашмоқчи эмаслигини ва Садир Жапаровни қўллаб-қувватлашини маълум қилган.


Мақола муаллифи

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг