7 ойдан бери қабул қилинмаётган қонун. Бурхонов қариндош-уруғчиликни йўқ қилмоқчи
Таҳлил
−
20 Январь
22340Бир неча ойдан буён Олий Мажлис Сенатининг ялпи мажлисларида иштирок этмаяпмиз. Сабаби оддий – мажлисга фақат телеканаллар таклиф этилаётгани урғуланиб, интернет нашрларининг онлайн ёритиши ва керакли суратлар, маълумотларни ўзлари беришлари айтиляпти. Журналист бўлсак ҳам Сенат биносига шарт кириб кетиш осон иш эмас. Борганингиз билан рўйхатда бор-йўқлигингизга қараб киритишади. Бу гал ҳам шундай бўлди. Мажлисда иштирок этиш учун рўйхат берамиз десак, онлайн ёритиш тавсия этилди. Энди сенатдагилар томонидан қарасак, сайт журналистлари мажлисга борганида сенаторларнинг муҳокамаси билан чекланилмайди. вазирликлардан келганлардан тортиб, сенаторлар, керак бўлса Сенат раисини кўриб қолиб, савол-жавоб қилишга тушиб кетади. Ҳа энди жавоб бериладиган, берилмайдиган саволлар бор. Майли, англаганингиздек, бугун Олий Мажлис Сенатининг қирқ тўққизинчи ялпи мажлисида муҳокама қилинган мавзулардан бирини офисимиздан туриб ёритамиз.
Ялпи мажлисда бир нечта масалалар муҳокама қилинди. Шулардан бири Ўзбекистон Республикасида Коррупцияга қарши курашиш тўғрисидаги миллий маъруза. Коррупцияга қарши курашиш агентлиги директори Акмал Бурхонов маърузадаги муҳим масалалар ҳамда қилинган ишларга тўхталди.
Бурхоновга кўра, мамлакатда коррупция билан ҳар қанча курашилмасин, бугунги кунда коррупция асосий муаммолигича қоляпти. Унинг айтишича, аҳоли ўртасида сўровнома ўтказилган. Афсуски одамларимиз ҳали ҳам Ўзбекистонни коррупциядан ҳоли мамлакат деб ҳисобламайди.
“Аҳоли орасида ўтказилган сўров натижаларига кўра, 45,8 фоиз респондент Ўзбекистонни коррупция ва порахўрлик юқори бўлган давлат деб ҳисоблайди. Қатнашчиларнинг 24 фоизи порахўрлик ҳамма ерда мавжуд деб ўйласа, 53,7 фоизи айрим соҳаларда коррупция мавжуд, деган фикрда қолмоқда”, дейди агентлик раҳбари.
Акмал Бурхонов ўзидаги маълумотларни берганидан сўнг, коррупция масаласида муҳокамалар бошланиб кетди. Сенатор Маҳмуджон Парпиев агентлик раҳбарига қарата манфаатлар тўқнашуви ҳақида дадил савол берар экан шундай дейди:
Манфаатлар тўқнашуви доимий коррупция билан ёнма-ён юрибди. Давлат фуқаролик хизмати тўғрисидаги, Коррупцияга қарши курашиш тўғрисидаги қонунларга эгамиз. Лекин масала долзарб. Афсуски манфаатлар тўқнашуви билан боғлиқ ҳолатлар ҳали ҳам мавжуд. Бу борада чоралар кўриляптими?
Бурхонов сенаторнинг саволига жавоб берар экан коррупцияни келтириб чиқараётган энг катта омил манфаатлар тўқнашуви, қариндош-уруғларнинг бир идорада ишлаши эканини айтди.
“Афсуски давлат хизматида манфаатлар тўқнашуви сақланиб қолмоқда. Бу масалада доимий мониторинглар олиб борилади. Бугунги кунда бир нечта йўналишда манфаатлар тўқнашуви сақланиб қолмоқда.
Биринчиси, “Давлат фуқаролик хизмати тўғрисидаги” қонунга кўра, давлат хизматчиси тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланиши тақиқланган. Агентлик томонидан ўтказилган мониторинг натижасига кўра, давлат хизматчилари тадбиркорлик билан шуғулланаётган 1625 нафар мансабдорлар у ёки бу тадбиркорлик субъектида раҳбар ёки таъсисчи экани аниқланди. Юқоридаги ҳолатлар бўйича тегишли идораларга мурожаат қилиб, тақдимномалар киритиш орқали уларга ёки давлат хизматчиси бўлиш ё тадбиркорлик билан шуғулланишларини тушунтирдик. Шундан келиб чиқиб мансабдорларнинг тадбиркорлик билан шуғулланиши ҳолатларига чек қўйишга эришилди. Шу билан биргаликда айрим давлат хизматчилари тадбиркорлик орқали давлат харидларида иштирок этгани аниқланди. Булар бўйича тегишли ҳужжатларни тайёрлаб ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга тақдим этиб, 6 та жиноят иши қўзғатиш чораси кўрилди.
Иккинчи масала, айрим ҳолларда давлат идоралари ва ташкилотлари раҳбарлари қариндош уруғчиликка йўл қўйиб, ўз қариндошларини ўз назорати остидаги лавозимларда ишлаб келишига йўл қўйиш ҳолатлари ҳам аниқланяпти. Бу масалада ҳам тегишли тақдимномалар киритиб, ишдан бўшаш чораларини кўряпмиз.
Учинчи масала, давлат харидларида ҳам муаммолар бор. Айрим давлат харидлари ҳам сунъий шаклда амалга оширилаётгани аниқланган. Ўрганилганда битта IP адресдан давлат харидларида иштирок этган 100 ҳолатлар аниқланди. Бундай вазиятларнинг олдини олиш бўйича ҳам чоралар кўрилмоқда”, дейди Бурхонов.
Акмал Бурхонов қариндош-уруғчилик ҳақида гапирар экан, Президент Шавкат Мирзиёев томонидан давлат хизматига қабул қилинганларнинг маълумотлари ягона ахборот тизимига киритилиши кераклиги бўйича топшириқ берилганини қўшимча қилди.
Унга кўра, кадрлар тўғрисидаги барча маълумотлар ягона ахборот тизими орқали юритилади. Бир одам ишга қабул қилинаётганда унинг маълумотлари базага киритилади ва қариндош уруғчилик, непотизмга йўл қўйилмаган ҳолда, инсон омилисиз барча ишлар амалга оширилади. Бурхоновга кўра, шундай системада ишлаш айнан Давлат раҳбари томонидан топширилган.
Бурхоновнинг гапини эшитиб, мавзуни тўлиқ тушунтириб берганини айтган Сенат Раиси Норбоева бу ишлар нафақат гапда, балки амалда ҳам амалга оширилиши кераклигини қистириб кетди.
Бир нарсани аниқ айтиш керакки, коррупцияни йўқ қилиш, қариндош-уруғчиликка йўл қўймаслик ҳақида гапиряпмиз-у Қонунчилик палатаси депутатлари томонидан 2022 йилнинг 25 октябрь куни қабул қилиниб, Сенатга юборилган “Манфаатлар тўқнашуви тўғрисида”ги Қонун ёдимиздан чиқиб қоляпти. Аслида гап билан эмас, ҳужжат билан курашиш самаралироқ бўларди. Депутатлар қўлидан ўтган қонун 2023 йилнинг 1 июнь куни Олий Мажлис Сенати томонидан қабул қилинган ва Давлат раҳбарига имзолаш учун юборилган. Бутун бошли мамлакатда коррупциянинг асосий сабаби деб кўрсатилаётган қариндош-уруғчиликка чек қўйиши мумкин бўлган муҳим қонун ҳали имзоланмади.
Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 99-моддасига кўра, Қонун Сенат томонидан маъқулланган тақдирда, имзоланиши ва эълон қилиниши учун Ўзбекистон Республикаси Президентига ўн кундан кечиктирмай юборилади.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Қонунни олтмиш кун ичида имзолайди ва эълон қилади.
Президент Қонунни ўз эътирозлари билан Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисига қайтаришга ҳақли.
“Манфаатлар тўқнашуви тўғрисида”ги Қонун Президентга юборилганига 7 ой бўлди. Уни Давлат раҳбари имзолагани ёки Сенатга қайтаргани ҳақида лол-мим дейилмади.
Умуман олганда, ҳозиргача қабул қилиниши чўзилаётган қонун фақат бу эмас. Президент Фармони билан 2022 йил 1 январдан бошлаб, давлат хизматчилари, давлат улуши 50 фоиздан юқори бўлган ташкилотлар, давлат корхоналари ва муассасалари раҳбарлари, ўринбосарлари, уларнинг турмуш ўртоғи ва вояга етмаган фарзандларининг даромадлари ва мол-мулкини мажбурий декларация қилиш тизими ҳам жорий этилиши белгиланганди. Ҳа деганда энди катталарнинг мол-мулки хатловдан ўтказилади. Нафақат ўзи, балки қариндошлари ҳам бойиб кетолмайди, дейишди.
Бироқ, ҳалигача бу қонундан дарак йўқ. “Давлат хизматчиларининг даромадлари ва мол-мулкини декларация қилиш тўғрисида”ги Қонун лойиҳаси Коррупцияга қарши курашиш агентлиги томонидан ишлаб чиқилиб, Вазирлар Маҳкамасига киритилиши керак эди. Коррупцияга қарши курашиш агентлигининг QALAMPIR.UZ'га берган маълумотига кўра, 2021 йилнинг август-сентябрь ойларида қонун лойиҳаси Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси, ДХХ, ИИВ, ДСҚ, Олий суд, Давлат хизматини ривожлантириш агентлиги, Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлиги, Молия вазирлиги ва Марказий банки билан дастлабки ва идоравий келишувлардан ўтказилиб, уларнинг таклифлари асосида такомиллаштирилган. Қонун лойиҳаси 2021 йилнинг 1 ноябрида Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрациясига, 13 ноябрь куни Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига киритилган.
Агар лойиҳа киритилган бўлса, орадан мана икки ярим йил вақт ўтиб кетди. Афсуски ҳозиргача бу қонуннинг дараги чиққани йўқ. Ҳа майли, Сенат мажлисларига қайтсак.
Коррупцияга қарши курашиш агентлиги мамлакатда ўзига хос муҳитни ярата олганини айтишдан гап бошлаган Сенатор Фармон Тошев бу ишларнинг ўзи етарли эмаслигини айтди. Шунингдек, сенатор шундай дейди:
"Агентлик мамлакатда яратган муҳит бизга етарли эмас. Жамият инқирози икки нарсага боғлиқ: Биринчиси, ҳамма билиши керак бўлган нарсани яшириш, иккинчиси, ҳамма билиши шарт бўлмаган нарсани ошкор қилиш. Мени бир савол қийнаяпти. Маърузада “коррупцияга қарши курашиш ўрнига уни олдини олиш сиёсатига ўтдик”, дейилди. Мен бунга қўшиламан. Бу йўлга сиз билан мен ўтдик, жамият ўта олгани йўқ.
Коррупцияга йўл қўйганларнинг жазосини кучайтирмасак, жазосини ошкор қилмасак, қабул қилган қонунларимиз қаерга кетяпти?", дейди у.
“Бу йўналишда охирги 3-4 йил ичида катта ишлар амалга ошириляпти. Оқибатлари билан эмас, сабаблари билан курашиш бошланганини ҳаммамиз кўриб турибмиз. Жазолаш деган фикрингизга қўшилмайман. Тўғри жазо муқаррар экани муҳим. Биз жазогача етиб бормасдан, жиноятни амалга оширмаслик чораларини кўриш устида ишлаяпмиз. Жиноятни очиқлаш, шарманда қилиш ва бошқалар билан. Айрим вазиятларда жавобгарлик чораларини тутишга мажбур бўляпмиз”, дейди Акмал Бурхонов.
LiveБарчаси