7 октябрь. Путин ва Нетаньяху бир-бирини табриклади
Олам
−
07 Октябрь 8471 2 дақиқа
Кеча, 6 октябрь куни Россия Президенти Владимир Путин ва Исроил Бош вазири Биньямин Нетаньяху телефон орқали суҳбатлашди. Бу ҳақда Кремль хабар берди.
Россия томонига кўра, суҳбатда Яқин Шарқдаги вазият ва икки томонлама масалалар муҳокама қилинган, шунингдек, улар бир-бирини муҳим саналар билан табриклаган.
Кремль баёнотида айтилишича, Владимир Путиннинг туғилган куни арафасида Исроил Бош вазири унга энг эзгу тилакларини билдирган. Ўз навбатида, Владимир Путин Биньямин Нетаньяху ва Исроил халқини яҳудийларнинг Суккот байрами билан табриклаган.
Суҳбатнинг асосий қисми Яқин Шарқдаги вазиятга бағишланган, хусусан АҚШ Президенти Дональд Трамп томонидан илгари сурилган Ғазо секторидаги тинчлик режасига доир масалалар кўриб чиқилган.
“Яқин Шарқдаги ҳозирги вазият, жумладан АҚШ Президенти томонидан илгари сурилган Ғазо секторида тинчлик эълон қилиш режасининг контекстида батафсил муҳокама қилинди. Владимир Путин Фаластин масаласини тинч йўл билан ҳал этиш тарафдори эканини тасдиқлади”, дейилади хабарда.
Маълумот учун, бугун, 7 октябрь куни Россия раҳбари Владимир Путин 73 ёшни қарши олади. Суккот эса яҳудийларнинг муҳим диний байрами бўлиб, у Исроилдан чиқиш воқеасидан кейин яҳудий халқининг чўл бўйлаб 40 йил давомида юришини эслатади. Байрам кузда, яҳудий тақвимида Тишреи ойининг 15-кунида бошланади ва одатда сентябрь ёки октябрь ойларига тўғри келади. У Исроилда 7 кун, бошқа жойларда 8 кун давом этади. Бу даврда яҳудийлар сукка деб аталадиган вақтинчалик уйча ёки чодир қуради, бу эса чўлда яшаган даврни эслатади. Байрам давомида кўпчилик шу уйча ичида овқатланади, баъзилари эса у ерда тунайди. Сукотда махсус диний урф-одатлар бажарилади, жумладан тўрт турдаги ўсимлик – хурмо шохи, цитрус мева, мирт ва тол шохчаси ишлатилади. Бу байрам шукроналик ва хотира байрами ҳисобланади.
Эслатиб ўтамиз, Путин ва Нетаньяху сўнгги бор жорий йилнинг 28 июль куни телефон орқали мулоқот қилганди. Суҳбатда Яқин Шарқдаги кескин вазиятнинг турли жиҳатлари муҳокама қилинган. Россия томони минтақада мавжуд муаммо ва можароларни “фақат тинч йўл билан ҳал этиш тарафдори бўлган” ўзининг қатъий позициясини тасдиқлаган.
Live
Барчаси