7,7 миллиард куб метр. Ўзбекистон Россиядан газ ҳажмини йилдан йилга оширяпти

Жамият

image

Россия газини Хитойга “Сибирь кучи” қувури орқали етказиб бериш 2025 йилда тўртдан бир қисмга, “Марказий Осиё– Марказ” тизими орқали Ўзбекистонга етказиб бериш эса 30 фоизга ошди. Бу ҳақда Халқаро энергетика агентлигининг газ бозори бўйича ҳисоботида сўз борган. 

“Россия газининг Хитойга “Сибирь кучи” қувурлар тизими орқали экспорти 25 фоизга (ёки деярли 8 миллиард куб метрга) ошди ва 2025 йилда қарийб 39 миллиард куб метрга етди. Бундан ташқари, Россия  “Марказий Осиё – Марказ” қувури орқали Ўзбекистонга етказиб беришни кўпайтиришда давом этди, бунинг натижасида ушбу йўналишдаги умумий экспорт ҳажми тахминан 30 фоизга ўсиб, 2025 йилда 7 миллиард куб метрдан ошди”, дейилади ҳисоботда.  

Аввалроқ “Газпром” 2025 йил охирида биринчи марта Хитойга Европага қараганда кўпроқ газ етказиб бергани, бу ҳажм 38,8 миллиард куб метр ташкил этгани ҳақида хабар берган эди. Бундан ташқари, “Газпром” Қозоғистон, Ўзбекистон ва Қирғизистонга Россия газини етказиб беришни 22,2 фоизга, Грузияга эса 40,4 фоизга оширгани айтилганди. 

“Сибирь кучи” Россия шарқидаги энг йирик газ ташиш тизими бўлиб, газ қувурининг экспорт қуввати йилига 38 миллиард кубометр газни ташкил этади. “Газпром” ва Хитойнинг CNPC компанияси ўртасида 2014 йилда тузилган 30 йиллик шартномага кўра, Россия газини Хитойга шарқий йўналиш бўйича биринчи қувур орқали етказиб бериш 2019 йил декабрь ойида бошланган. Бутун муддат давомида етказиб беришнинг умумий ҳажми 1 триллион куб метрдан ошади, шартнома миқдори – 400 миллиард доллар. 

“Газпром” раҳбари Алексей Миллернинг маълум қилишича, компания 2024 йил 1 декабрдан бошлаб “Сибирь кучи” газ қувурини Хитойга йилига 38 миллиард куб метр газ етказиб бериш бўйича максимал лойиҳа қувватига олиб чиққан. “Сибирь кучи” бўйича етказиб бериш 2025 йилда шартнома мажбуриятларидан қарийб 800 миллион куб метрга ошган. 

Эслатиб ўтамиз, жорий йилнинг 7 октябрь куни Россия Президенти Владимир Путин, Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев ва Қозоғистон Президенти Қосим-Жомарт Тўқаев Россия табиий газининг Қозоғистон орқали Ўзбекистонга “Марказий Осиё – Марказ” газ қувури орқали транзитига старт берди. Ушбу қувур орқали Ўзбекистон ҳар йили Россиядан тижорий шартнома асосида 2,8 миллиард куб метр газ сотиб олиши белгиланганди. 

Аниқ маълумотларга кўра, Россия 2025 йилда Ўзбекистонга 7,7 миллиард куб метр табиий газ етказиб берган. Бироқ, газни қанчадан сотиб олинаётгани ҳақида расмий маълумот берилмаган.

2023-2024 йиллардаги маълумотларга кўра, Ўзбекистон Россия газини 1000 куб метри учун тахминан 160 доллар атрофида харид қилган. 2025 йил учун ҳам нархлар шу даражада ёки бозор конъюнктурасидан келиб чиқиб, бир оз фарқли бўлиши мумкин. Ўтган йил якунларига кўра, Ўзбекистоннинг Туркманистон ва Россиядан газ импорти учун жами харажатлари 1,6 миллиард долларни ташкил этган.


Мақола муаллифи

Теглар

газ газпром

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг