69 кун ер остида: дунёни ларзага солган фожиа
Таҳлил
−
23 Октябрь 1278 3 дақиқа
Ер остида тириклайин кўмилиб қолган 33 нафар кончи. Ер юзида эса яқинларини қутқаришга ожиз қолган оила аъзоларининг изтироби ва ҳамкасбларини ҳаётга қайтариш учун тинмай курашаётган инсонлар.
Ҳаммаси 2010 йил 5 август куни бошланди.
Чилининг шимолидаги Атакама чўлида жойлашган Сан-Хосе конида олтин ва мис қазиб олинарди. Ўша куни кон ичида 33 нафар ишчи бор эди. Кутилмаганда кучли ўпирилиш юз берди. Тоғ жинслари кон йўлагини тўсиб қўйди. Ишчилар ер остида қолиб кетди. Алоқа бутунлай узилди. Кундузги сменада ишлаган кончилар уйга қайтмагач, аста-секин уларнинг оила аъзолари кон атрофига йиғила бошлади.
Кончиларнинг яқинлари орасида Алекснинг отаси Хосе Вега ҳам бор эди. У мардлик кўрсатиб, қутқарув гуруҳини тўплади. Улар коннинг кириш йўлагидан пастга тушиб, тўсилиб қолган йўлаклардан ўтишга уринишди.
“Коннинг пастки қисми, шифти, ҳатто ён томонлари ҳам ёрилган эди. Турли жойларда тошлар қулаётганини кўрдим. Ростини айтсам, қўрқинчли эди. Жуда қўрқинчли”, дея Хосе Вега коннинг даҳшатли ҳолатини тасвирлайди.
Хосе охири кўринмайдиган кон ичкарисига чуқурроқ кириб борди. Аммо тўсатдан унинг йўлини қулаган тошларнинг улкан бўлаги тўсиб қўйди. У тошлар остидан ўтадиган шахтани топди, бироқ шу пайт ер яна силкиниб кетди. Иккинчи қулаши Хосени ўғлининг тирик ёки ўликлигини билмасдан конни тарк этишга мажбур қилди. Чунки у қутқарувга қаратилган бу уринишлар ер остидаги кончиларнинг аҳволини янада оғирлаштириб юборишидан қўрқарди.
Кончилик вазири Лоренс Голборн қутқарув ишларига техникаларни жалб қилиш зарурлигини ва вазият жиддийлигини тушуниб етди. У бурғилаш орқали кончиларнинг қаерда эканини аниқлашга қарор қилди. Бунинг учун кон хариталаридан фойдаланилди. Бироқ хариталардаги маълумотлар билан ҳақиқий йўлаклар ўртасидаги тафовут ишни янада қийинлаштирди.
“Биз тез бурғилашимиз керак. Чунки ер остидаги кончиларнинг яшаши учун атиги бир неча кун вақт борлигини билардик. Шундан кейин кислород тугаши мумкин эди. Бедарак йўқолган кончиларнинг яқинлари ва оила аъзолари эса тобора кўпроқ тўпланишмоқда”, дея қутқарув ишларидаги асосий қийинчиликларни муҳандислардан бири изоҳлайди.
Кон яқинида қариндошлар учун лагер ташкил этилди. Кейинчалик бу жой “Умид лагери” номи билан танилди. Кунлар ўтиб борарди, бироқ 33 ишчининг тақдири ҳамон номаълум эди.
Кончилардан бирининг рафиқаси эса умидини йўқотмай, шундай дейди: “Эрим кундузги сменада муҳандис бўлиб ишлаган. У пастда, мен эса уни шу ерда кутяпман. Уйда унинг икки фарзанди бор. У кучли, у албатта чиқади”.
Фалокатдан 17 кун ўтиб, қутқарув амалиётидаги энг муҳим бурилиш юз берди.
Эрта тонгда барча бурғилаш ускуналари тўхтади. Қурилмалардан бири туннелга яқинлашиб борди. Ҳамма жимликка чўмди. Муҳандислар бурғилаш қувури орқали эшитилаётган заиф тақиллаш товушларига қулоқ тутишди.
Кейинги олти соат давомида ускунанинг юқорига тортиб олинишини кутишди. Ниҳоят, у ер юзига чиқарилганда, унинг учига бир хат боғланган эди. Унда испан тилида шундай ёзилганди:
“Estamos bien en el refugio, los 33”.
Яъни: “Бошпанадамиз, 33 кишининг ҳам аҳволи яхши”.
Бу бир неча сўз бутун вазиятни ўзгартириб юборди. 33 нафар кончи тирик эди!
Бу ҳақдаги батафсил ҳикояни YouTube саҳифамизда томоша қилишингиз мумкин.
Мухлиса Холматова
Live
Барчаси23 Октябрь