6 ойда давлат бюджети харажатлари 79 трлн сўмни ташкил қилди. Улар нимага сарфланган?
Жамият
−
27 Сентябрь 2021
4833Жорий йилнинг биринчи ярим йиллигида давлат бюджети харажатлари 79 трлн сўмни ташкил қилган. Ушбу маблағларнинг 40 трлн сўми ижтимоий харажатларни молиялаштириш учун сарфланган. Бу ҳақда бугун, 27 сентябрь куни Олий Мажлис Сенати Ахборот сиёсати ва давлат органларида очиқликни таъминлаш масалалари қўмитасининг навбатдаги мажлисида Молия вазирлиги департаменти директори ўринбосари Санжар Толипов маълум қилди.
“Давлат бюджетининг 2021 йил биринчи ярим йиллик харажатлари давлатнинг мақсадли жарималарини ҳисобга олмаганда 79 трлн сўмни ёки ялпи ички маҳсулотга нисбатан 25 фоизни ташкил қилди. Бюджет ташкилотлари иш ҳақи ва унга тенглаштирилган тўловларини ўз навбатида тўлиқ молиялаштириш учун қарийб 28 трлн сўм билан таъминланди. Шунингдек, ижтимоий харажатларни молиялаштириш учун давлат бюджетидан 40 трлн сўм ёки умумий харажатларнинг 51 фоизи миқдорида маблағ сарфланди. Шундан, маориф соҳасини сақлаш ва уни ривожлантириш учун қилинган харажатлар қарийб 19 трлн сўмни ташкил қилди. Хусусан, мактабгача таълим муассасаларига 3,4 трлн сўм, умумтаълим мактабларига 13,7 трлн сўм ҳамда кадрлар тайёрлаш харажатларига 1,9 трлн сўм ажратилди. Ҳисобот даврида нодавлат мактабгача таълим муассасаларини қўллаб-қувватлаш учун 485 млрд сўм ёки ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 3 баробар кўп субсидиялар берилди. Мазкур субсидияларни ажратиш натижасида 313 мингдан ортиқ болалар мактабгача таълим муассасаларига қамраб олинди”, деди Санжар Толипов.
Шунингдек, Молия вазирлиги департаменти директори ўринбосарининг таъкидлашича, ҳисобот даврида соғлиқни сақлаш соҳасидаги харажатлар қарийб 9,9 трлн сўмни ташкил этиб, ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 22 фоизга ўсган.
“Соғлиқни сақлаш тизимидаги муассаса ва ташкилотларда меҳнат қилаётган ходимларнинг иш ҳақи ва унга тенглаштирилган тўловларни молиялаштириш учун жорий йилнинг биринчи ярим йиллиги давомида 5,6 трлн сўм йўналтирилган ва ушбу харажатлар соҳага ажратилган жами бюджет маблағларининг 62,4 фоизини ташкил этди. Ўзбекистон Республикаси Президенти ва Ҳукумат қарорларига асосан тасдиқланган соғлиқни сақлаш соҳасига доир давлат дастурлари ва марказлашган тадбирларга белгиланган давр мобайнида 279,1 млн сўм ўзлаштириб берилди”, деди Санжар Толипов.
Таъкидланишича, коронавирус пандемиясига қарши курашиш ва вакцина сотиб олиш учун жорий йилда жами 3 трлн сўм маблағ сарфлаш кўзда тутилган бўлиб, 19 август ҳолатига ушбу маблағнинг 98 фоизи сарфланган. Хусусан, вакцина сотиб олиш ва эмлаш пунктларини ташкил этиш харажатлари 1 трлн 335 млрд сўмга етган.
“Коронавирус тарқалишини олдини олишга қаратилган тадбирларга жалб этилган тиббиёт, санитария ва бошқа ходимларнинг қарийб 100 минг нафарига қўшимча рағбатлантириш учун 875,7 млрд сўм сарфланган. Коронавирус инфекциясига чалинган беморларни даволаш муассасаларини сақлаш ҳамда бошқа харажатлар учун 653,1 млрд сўм, тест тизимлари ва лаборатория рагентлари сотиб олиш учун 113,6 млрд сўм, Наманган ва Тошкент шаҳрида коронавирусга қарши даволаниш шифохоналарини қуриш учун 270,6 млрд сўм ажратилган. 20,5 млн доза вакцина сотиб олиш ва эмлаш пунктларини ташкил этиш харажатлари эса 1 трлн 335 млрд сўмга етган”, деди Молия вазирлиги департаменти директори ўринбосари.
LiveБарчаси