6 кишини Умрага юборишни ваъда қилиб, $6 900 талаб қилганлар ушланди

3-саҳифа

−

image

Фарғона ва Андижонда фуқароларни ноқонуний равишда Умра зиёратига юборишни ваъда қилиб, улардан минглаб доллар олган шахслар ушланди. Бу ҳақда Давлат хавфсизлик хизмати хабар берди.

Қайд этилишича, Давлат хавфсизлик хизмати ва Ички ишлар вазирлигининг ҳудудий бошқармалари ходимлари ҳамкорлигида тезкор тадбир ўтказилган.

Тезкор тадбир давомида Фарғона шаҳрида фаолият юритувчи сайёҳлик фирмасининг норасмий ишчиси тегишли рухсатномага эга бўлмай туриб, 2 нафар фуқарони Саудия Арабистонига Умра зиёратига юбориш эвазига 2500 АҚШ доллари талаб қилгани аниқланган. У 2450 АҚШ доллари олган вақтида ашёвий далиллар билан ушланган.

Ҳозирда унга нисбатан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Шунга ўхшаш ҳолат Андижон вилоятининг Шаҳрихон туманида қайд этилган. Хусусан, ноқонуний фаолият юритаётган туристик фирма ходими 4 нафар фуқарони Умра амалларини бажаришлари учун муборак сафарга юбориш эвазига 4400 АҚШ доллари талаб қилган.

ДХХ Андижон вилояти бўйича бошқармаси ҳамда вилоят ИИБ ходимлари ҳамкорлигида ўтказилган тезкор тадбирда у отаси билан биргаликда 4300 АҚШ доллари олган вақтида ушланган. Ҳозирда ҳолат юзасидан терговга қадар текширув ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Самарқанд ва Гулистон шаҳарларида фуқароларни ноқонуний равишда Умра зиёратига юборишни ваъда қилиб, улардан 6995 доллар олган икки шахс ушланганди.


Мақола муаллифи

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг