Қанча ўзбекистонликлар ота-оналик ҳуқуқидан маҳрум этилгани очиқланди

Жамият

image

2022 йилнинг 9 ойи давомида фуқаролик ишлари бўйича судлар томонидан ота-оналик ҳуқуқидан маҳрум қилиш билан боғлиқ 1 023 та иш кўриб чиқилиб, шундан 572 та даъво аризаси қаноатлантирилган. Яъни жами 572 нафар ота-онадан (ёки уларнинг биридан) фарзандлари олиб қўйилган. Ушбу рақамларни Олий суд матбуот котиби Азиз Обидов QALAMPIR.UZ очиқлаган.

Унинг айтишича, 2021 йилда фуқаролик ишлари бўйича судлар томонидан худди шундай ота-оналик ҳуқуқидан маҳрум қилиш билан боғлиқ кўриб чиқилган аризалар сони 1 244 тани ташкил қилган. 

Шундан 773 та даъво аризаси қаноатлантирилган ва худди шунча ота-она фарзандларига бўлган ҳуқуқидан маҳрум этилган.

Шунингдек, 2021 йилда келиб тушган аризаларнинг 272 таси, 2022 йилда эса   258 таси фуқаролик судлари томонидан рад этилган ва ота-оналик ҳуқуқи сақлаб қолинган. 

Бундан ташқари, ўз хатосини тўғирлаган ва фарзандлари учун ғамхўрлик қила олишини исботлаган 12 нафар фуқаронинг ота-оналик ҳуқуқини тиклаш ва болани қайтариш тўғрисидаги даъво аризаси қаноатлантирилган. 

2021 йилда эса 36 нафар ота-онага фарзандларига оид ҳуқуқлари қайтариб берилган.

Маълумот учун, Ўзбекистон Республикаси Оила кодексининг 79-моддасига биноан ота-она ёки улардан бири қуйидаги ҳолларда ота-оналик ҳуқуқидан маҳрум қилиниши мумкин:

•  ота-оналик мажбуриятларини бажаришдан бош тортса, шу жумладан алимент тўлашдан бўйин товласа;

•  узрсиз сабабларга кўра ўз боласини туғруқхона ёки бошқа даволаш муассасасидан, тарбия, аҳолини ижтимоий ҳимоялаш муассасаси ва шунга ўхшаш бошқа муассасалардан олишдан бош тортса;

•  ота-оналик ҳуқуқини суиистеъмол қилса, болаларга нисбатан шафқациз муомалада бўлса;

•  муттасил ичкиликбозлик ёки гиёвандликка мубтало бўлган бўлса;

•  ўз болаларининг ҳаёти ёки соғлиғига ёхуд эри (хотини)нинг ҳаёти ёки соғлиғига қарши қасддан жиноят содир қилган бўлса.

Ҳаққиев Самандар


Мақола муаллифи

avatar

.

Теглар

Баҳолаганлар

59

Рейтинг

3.1

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг