52 ўзбекистонлик ёниб кетган Ирғиз туманида яна 1 Ўзбекистон фуқароси ҳалок бўлди
Жамият
−
23 Январь 2020
6803Ўзбекистон фуқароси Қозоғистонда рўй берган йўл-транспорт ҳодисаси натижасида вафот этди. Бу ҳақда Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги хабар бермоқда.
Ўзбекистоннинг Ақтау шаҳридаги Бош консулхонаси берган маълумотга кўра, кеча, 22 январь куни Ақтўбе вилояти Ирғиз тумани ҳудудида Самара-Чимкент автомобиль трассасида содир бўлган йўл-транспорт ҳодисаси оқибатида енгил-автомобиль йўловчиси, Ўзбекистон фуқароси Н.С. вафот этди.
ТИВнинг қайд этишича, Бош консулхона вазиятни назоратга олган ва Қозоғистоннинг тегишли идоралари билан тезкор алоқа ўрнатган.
Шуни қайд этиб ўтиш ўринлики, 2018 йилнинг 18 январь куни айнан ЙТҲ содир бўлган ҳудудда 52 ўзбекистонлик автобус ичида ёниб кетган эди. Ҳодиса Қозоғистоннинг Ақтўбе вилояти Ирғиз туманида содир бўлган. Фожиа сабаб автобусдаги 55 йўловчидан 52 киши ҳалок бўлганди. Уларнинг барчаси Россияга иш излаб йўлга чиққан Ўзбекистон фуқаролари эди.
Унда Наманган вилоятидан 31 нафар, Фарғона вилоятидан 16 нафар, Андижон вилоятидан 2 нафар, Тошкент шаҳридан 2 нафар ҳамда Сурхондарё вилоятидан бир нафар фуқаро ҳаётдан кўз юмган эди.
Шунингдек, Бош консулхонанинг хабар беришича, об-ҳаво шароитининг ёмонлашгани туфайли Қозоғистоннинг 9 та вилоятида 48 та участка барча турдаги автотранспорт воситалари учун вақтинча ёпилган. 23-25 январь кунлари кучли қор ёғиши ва бўрон давом этади.
“ТИВ Консуллик-ҳуқуқий департаменти марҳумнинг оила аъзолари ва яқинларига таъзия билдиради ва Ўзбекистон фуқаролари эътиборини автобусларда ёки автомобиль транспортининг бошқа турларида мазкур мамлакатга киришда ёки унинг ҳудудидан ўтишда эҳтимолий рискларни ҳисобга олиш ва тегишли чоралар кўриш зарурлигига қаратади.
Қозоғистонда бўлиб турган Ўзбекистон фуқаролари зарур ҳолларда Ўзбекистоннинг Нур-Султон шаҳридаги Элчихонасига (Нур-Султон шаҳри, Ақмўла, Шимолий Қозоғистон, Павлодар, Қостанай ва Қарағанда вилоятлари, тел.: +7-717-295-45-87, +7-777-218-20-10 Telegram, Whatsapp, Imo) Ақтау шаҳридаги Бош консулхонага (Ақтўбе, Атирау, Ғарбий Қозоғистон ва Мангистау вилоятлари, тел.: +7-29-277-71-17, +7-777-599-00-50, +7-777-599-00-51) Олмаота шаҳридаги Бош консулхонага (Олмаота шаҳри, Чимкент шаҳри, Олмаота вилояти, Шарқий Қозоғистон, Туркистон, Жамбил ва Қизилўрда вилоятлари, тел.: +7-727-299-20-70, +7-727-390-26-16) мурожаат қилишлари мумкинлигини эслатиб ўтамиз”, дейилади хабарда.
LiveБарчаси