5 йиллик стажга эга хотин-қизлар ОТМга имтиҳонсиз қабул қилиниши мумкин
Жамият
−
12 Апрель 2022 30012 2 дақиқа
Энди Ўзбекистонда камида 5 йиллик иш стажига эга хотин-қизлар олий ўқув юртларига имтиҳонсиз тўлов-контракт асосида қабул қилиниши мумкин. Бу ҳақда Вазирлар Маҳкамасининг “Мутахассислиги бўйича камида беш йил меҳнат стажига эга бўлган хотин-қизларни олий таълим муассасаларига тўлов-контракт асосида ўқишга қабул қилиш тартибини тасдиқлаш ҳақида”ги қарори лойиҳасида келтирилган. Қарор лойиҳаси Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари муҳокамаси порталига жойлаштирилган.
Унга кўра, ўқишга қабул қилиш Оила ва хотин-қизлар давлат қўмитасининг тавсияномаси асосида мутахассислиги бўйича камида беш йил меҳнат стажига эга бўлган, лекин олий маълумотга эга бўлмаган хотин-қизлар ҳисобидан, кейинчалик ушбу тизимда беш йил ишлаб бериш шарти билан иш фаолиятига мос бўлган бакалавриат таълим йўналишларига тест синовлари натижаларига асосан амалга оширилади.
Мазкур тартиб олий ҳарбий ва ҳарбийлаштирилган таълим муассасаларига, Ўзбекистонда фаолият олиб бораётган хорижий ва нодавлат олий таълим ташкилотлари ҳамда уларнинг филиалларига нисбатан татбиқ этилмайди.
Қайд этилишича, тавсиянома мутахассислиги бўйича камида беш йил меҳнат стажига эга, лекин олий маълумотга эга бўлмаган хотин-қизлар учун берилади. Тавсиянома олиш учун талабгор хотин-қизлар доимий яшаш ёки вақтинча рўйхатда турган жойидаги туман (шаҳар) оила ва хотин-қизлар бўлимларига электрон шаклда ҳар йили 1 майдан 1 июнга қадар мурожаат қилади. Тавсиянома олиш мақсадида мурожаат этиш учун ариза шакли Қўмита томонидан ишлаб чиқилади.
Хотин-қизларга тавсиянома Қўмита томонидан бир марта берилади ҳамда тавсиянома берилган кундан бошлаб 3 йил муддатга амал қилади.
Туман (шаҳар) оила ва хотин-қизлар бўлимлари ишчи гуруҳлар билан биргаликда тавсиянома олиш мақсадида мурожаат этган мутахассислиги бўйича камида беш йил меҳнат стажига эга бўлган, лекин олий маълумотга эга бўлмаган хотин-қизларнинг ҳужжатларини ҳар йили 1 июндан 10 июнга қадар кўриб чиқади.
Тавсияномага эга бўлган хотин-қизлар учун кириш имтиҳонлари (тест синовлари, касбий (ижодий) имтиҳон, ёзма имтиҳон) олий таълим муассасаларининг бакалавриатига қабул қилиш бўйича белгиланган тартибга мувофиқ амалга оширилади.
Кириш имтиҳонларида тўплаш мумкин бўлган энг юқори баллнинг 30 фоизи ва ундан кам бўлмаган балл тўплаган тавсияномага эга бўлган хотин-қизлар баллар кетма-кетлигига қатъий риоя этилган ҳолда, камида беш йил меҳнат стажига эга бўлган хотин-қизларнинг давлат олий таълим муассасаларининг бакалавриат таълим йўналишларига умумий қабул параметрларидан ташқари тўлов-контракт асосида талабаликка тавсия этилади.
Live
Барчаси