5 дақиқалик машқлар умрни узайтириши мумкин – тадқиқот

Саломатлик

image

Тадқиқотларга кўра, ҳар куни атиги 5 дақиқа қўшимча жисмоний машқлар ва ўтириш вақтини ярим соатга қисқартириш миллионлаб одамларнинг узоқроқ умр кўришига ёрдам бериши мумкин. Мутахассислар билдиришича, кичик кўринадиган бу одат жамият саломатлиги учун катта фойда келтиради.

Буюк Британия, АҚШ, Норвегия ва Швециядан 135 минг нафар киши иштирок этган тадқиқот натижаларига кўра, кунига қўшимча беш дақиқа тез юриш каби ўртача интенсивликдаги жисмоний фаоллик ўлим хавфини тахминан 10 фоизга камайтиради.  

Норвегия Спорт фанлари мактаби бошчилигида ўтказилган тадқиқотда, шунингдек, ўтирган ҳолатда ўтказиладиган вақтни кунига 30 дақиқага қисқартириш барча сабабларга кўра ўлим ҳолатларини қарийб 7 фоизга камайтириши аниқланган. Яъни, кўпроқ ҳаракат қилиш ва камроқ ўтириш соғлиқ учун муҳим аҳамиятга эга.

Энг катта ижобий таъсир ҳар куни жисмоний фаолликни камида беш дақиқага ошириш орқали кузатилган. Мутахассислар ўртача интенсивликдаги машғулотлар – тез юриш, уй юмушлари ёки боғдорчилик билан шуғулланиш нафасни тезлаштириб, танани иситишини айтмоқда. Ўтириш вақтини камайтириш эса секин юриш ёки енгил уй ишлари билан алмаштирилиши мумкин.

Шу билан бирга, яна бир тадқиқотга кўра, уйқу жисмоний фаоллик ва овқатланишдаги кичик ижобий ўзгаришлар биргаликда умрни сезиларли даражада узайтиришини кўрсатди. Масалан, беш дақиқа кўпроқ ухлаш, икки дақиқа ўртача ёки кучли жисмоний фаоллик ва кунига ярим порция кўпроқ сабзавот истеъмол қилиш соғлом одатларга эга бўлмаган инсонлар учун қўшимча бир йил умр ҳадъя қилиши мумкин.

Тадқиқот натижаларига кўра, оптимал турмуш тарзи кунига 7-8 соат уйқу, 40 дақиқадан ортиқ жисмоний фаоллик ва соғлом овқатланиш. Бу одатларга амал қилганлар бошқаларга қараганда деярли 10 йил кўпроқ умр кўриши мумкин.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ қаришни секинлаштирадиган ҳужайра аниқлангани ҳақида хабар берилганди.


Мақола муаллифи

Теглар

машқлар умр

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг