40 га яқин давлатлар Париж Олимпиадасини бойкот қилиши мумкин 

Спорт

image

Аввал хабар берганимиздек, Халқаро Олимпия Қўмитасининг россиялик ва беларуслик спортчиларни Париж Олимпиадасида нейтрал сифатида қатнашиши йўлларини кўриб чиқишини эълон қилгандан сўнг, Украина спорт вазири Вадим Гутсаид агар бу амалга ошса, Украина ўйинларни байкот қилишини айтган эди.

Эндиликда эса Польша спорт ва туризм вазири Камил Бортничук жаҳоннинг 40 га яқин давлатлари кейинги Олимпиада ўйинларини бойкот қилиши мумкинлигини айтди. Унинг изоҳлари Польша, Литва, Эстония ва Латвия Халқаро Олимпия Қўмитасининг қарорини биргаликда рад этганидан кейин янгради. Бу ҳақда BBC хабар берди.

Қайд этилишича, Бортничук 10 февраль куни бўлиб ўтадиган йиғилиш олдидан Халқаро Олимпия Қўмитаси режаларини блоклашни қўллаб-қувватлаш учун 40 та давлат, жумладан, Буюк Британия, АҚШ ва Канададан иборат коалиция тузиш мумкинлигига ишонишини айтган.

“Шуни ҳисобга олиб, биз Олимпиада олдидан қийин қарорларга дуч келмаймиз деб ўйламайман ва агар биз Ўйинларни бойкот қилсак, бизнинг коалиция Ўйинларни ўтказишни маъносиз қилиш учун этарлича кенг бўлади”,  деган Бортничук.

Шунингдек, Латвия, Литва, Эстония ва Польша спорт вазирлари Халқаро олимпия қўмитасининг Россия ва Беларус спортчиларини ҳатто нейтрал байроқ остида ҳам мусобақаларга қайтаришга қаратилган ҳар қандай саъй-ҳаракатлари рад этган. Улар барча халқаро спорт ташкилотлари ва федерацияларини россиялик ва беларуслик спортчиларни уруш тугагунига қадар халқаро мусобақалардан четлаштиришга чақиришган.

“Бетарафлик пардаси остида россиялик ва беларуслик спортчиларни халқаро спорт мусобақаларига қайтаришга уринишлар бу мамлакатларнинг сиёсий қарорлари ва кенг ташвиқотини қонунийлаштиради”, деган вазирлар.

Америка Қўшма Штатлари эса Россия ва Беларус спорт бошқарув органларининг халқаро спорт ташкилотларидаги фаолиятини тўхтатиб қўйишни қўллаб-қувватлашини ҳамда ҳар икки мамлакатда спорт тадбирларини трансляция қилишни тўхтатишга чақиришини маълум қилган.

Ўз ўрнида, Халқаро Олимпия Қўмитаси россиялик ва беларуслик спортчиларнинг мусобақага қайтиши бўйича ҳали ҳеч қандай муҳокама бўлмаганини таъкидлаб, Украина ва бошқа давлатларни бойкот таҳдиди оқибатлари ҳақида огоҳлантирган.

“Украина Миллий Олимпия Қўмитаси ҳозирда кўриб чиқаётган Олимпиада ўйинларига бойкот эълон қилиш билан таҳдид қилиш Олимпия ҳаракати асослари ва тамойилларига зиддир. Бойкот барча Миллий Олимпия Қўмиталарини спортчиларни юбориш орқали Олимпиада ўйинларида қатнашиш мажбуриятини қўядиган Олимпия хартиясининг бузилишидир. Тарих кўрсатганидек, аввалги бойкотлар ўз сиёсий мақсадларига эришмаган ва фақат спортчиларни жазолаш учун хизмат қилган”, деб ёзилган Халқаро Олимпия Қўмитаси ҳужжатида.

Алибек Бейжанов


Мақола муаллифи

avatar

.

Теглар

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг