40 дан ортиқ давлат Россияни халқаро ҳуқуқни бузишда айблади

Олам

image

10 сентябрга ўтар кечаси Польша ҳаво ҳудудини бузган дронлар Россияга қарашли деб топилган баёнотга БМТнинг 193 аъзосидан 46 таси имзо чекди. Бу ҳақда “Reuters” хабар берди.

Кеча, 12 сентябрь куни Варшава илтимосига кўра, БМТ Хавфсизлик Кенгашида фавқулодда йиғилиш бўлиб ўтди. БМТ Бош котибининг сиёсий масалалар бўйича ўринбосари Розмари Дикарло бу воқеа Москва ва Киев ўртасидаги можаро бўйича яқинда олиб борилган дипломатик ҳаракатларни хавф остига қўйишини билдирган. 

Польша ТИВ вакили Россияни “асабийлаштирувчи ҳаракат” учун жавобгарликни ўз зиммасига олишга ва бундай ҳодисаларнинг такрорланишига йўл қўймаслик чораларини кўришга чақирган.
Баёнотни қўллаганлар орасида Польшадан ташқари Украина, Франция, Буюк Британия, Германия, АҚШ, Австрия, Бельгия, Венгрия, Грузия, Италия, Испания, Норвегия, Жанубий Корея ва бошқа давлатлар ҳам бор эди.

Франциянинг БМТдаги вакили Жером Боннафон содир бўлган воқеани Россия томонидан “қабул қилиб бўлмас эскалация” деб атаган. Буюк Британия элчиси Барбара Вудворд Польша ҳаво ҳудудининг бузилишини “ўта қўпол қонунбузарлик” деб баҳолаган. АҚШ вакили Дороти Ши эса Вашингтон “НАТО ҳудудининг ҳар бир қаричини ҳимоя қилишини” билдирган. 

Россиянинг БМТдаги доимий вакили Василий Небензя барча айбловларни рад этган ва Москва Варшава билан зиддиятни кучайтиришни истамаслигини айтган. У Мудофаа вазирлиги баёнотини такрорлаб, Россия армияси Украинадаги ҳарбий-саноат объектларига зарба берганини, Польшада эса ҳеч қандай нишон бўлмаганини қайд этган. Дипломатнинг сўзларига кўра, зарбада қўлланган дронларнинг учиш масофаси 700 км дан ошмаган, бу эса уларнинг Польша ҳудудига етиб боришини “имконсиз” қилади.

Мазкур ҳодиса туфайли бир қатор Европа мамлакатлари, жумладан Чехия, Швеция ва Германия Россия элчиларини ТИВга чақирган. АҚШ Президенти Дональд Трамп бу воқеани изоҳлаб, Россияга “Польшага яқинлашмаслик”ни маслаҳат берган. У дронлар мамлакат ҳаво ҳудудини хато билан бузган бўлиши мумкинлигини тахмин қилди, бироқ Варшава буни қатъиян рад этган.

10 сентябрга ўтар кечаси Россия Украинага йирик зарбалар берганида, камида 19 та дрон Польша чегарасини кесиб ўтди. Дронларни тутиб олиш учун Польша самолётларидан ташқари бошқа НАТО давлатларининг қирувчи самолётларидан ҳам фойдаланилган.

Дрон парчалари Беларусь ва Украина билан чегара яқинидаги Вирики қишлоғидаги тураржой биносига зарар етказди, қурбонлар йўқ.

Варшаванинг таъкидлашича, Россия атайлаб Польшага ҳужум қилган ва Варшава Шимолий Атлантика шартномасининг 4-моддасига мувофиқ НАТО иттифоқчилари билан маслаҳатлашишни талаб қилган.


Мақола муаллифи

Теглар

Россия Польша дрон

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг