Аҳолиси 37 млн кишилик Ўзбекистонга Ҳаж зиёрати учун 15 минг квота етадими?

Жамият

2022 йилда Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев ҳамда Саудия Арабистони Ҳаж ва умра ишлари вазири Тавфиқ бин Фавзон ар-Рабия учрашувида ўзбекистонликлар учун йиллик Ҳаж квотасини икки баробар — 24 минг нафаргача, Умра квотасини эса 100 минг нафаргача ошириш юзасидан келишувга эришилган эди. Аммо бу келишув амалда ўз тасдиғини топмай, ҳар йили Ўзбекистон учун ажратилажак квоталар миқдори бу даражага етмаяпти. Масалан, “Ҳаж–2025” зиёрати учун ҳам Ўзбекистонга Саудия Арабистони томонидан 15 мингта квота ажратилди.  Бунинг сабаби нимада?

Бугун, 18 февраль куни Саудия Арабистонининг Ўзбекистондаги элчихонаси томонидан Ҳаж ва Умра зиёрати вазирлиги ҳамда Ахборотлаштириш вазирлиги раҳбарияти иштирокида матбуот анжумани бўлиб ўтди ва унда зиёратлар бўйича муҳим янгиликлар айтилди.

“Биз бу миқдорни белгилашдан олдин Ўзбекистон томонининг мутасадди ташкилотлари билан бу борада гаплашамиз. Сўнгги келишувга биноан айнан шунча квота белгиланган”, деди Саудия Арабистонининг Ҳаж ва Умра вазири доктор Тавфиқ бин Фавзон Ар-Рабиъа.

Анжуманда айтилишича, Саудия Арабистонига Ўзбекистондан ташриф буюрувчилар сони 2020 йилдан 2024 йилгача деярли 100 баробар ошди. 2024 йилда ёки умуман олганда, Ўзбекистондан ташриф буюрувчиларнинг сони ярим миллионга яқинлашган. 

“Жорий йилда 15,000 нафар ўзбекистонлик меҳмонларимизни кутиб оламиз. Биз уларнинг сафарини унутилмас қилиш учун барча хизматлар ва қулайликларни тақдим этишга интилмоқдамиз”, деди у.

Саудия Арабистони Подшоҳлиги ўзининг “Нигоҳ– 2030” стратегиясига кўра, 2030 йилгача Ҳаж ва Умра зиёрати бўйича бир қатор ислоҳотларни амалга оширмоқчи. Унга кўра, Умра зиёратчилари учун бир қатор енгилликларни яратиш белгиланган. Ўзбекистонлик зиёратчилар учун ҳам.

“Шуни ҳам таъкидлашни истардимки, Раиятнинг 2030 йилги дастурларидан бири  қиролликка киришни осонлаштиришга қаратилган. Шунинг учун, сиз ҳозирда қиролликка кириш янада осонлашганини кўришингиз мумкин.  Парвозлар сони сезиларли даражада ошди. Аэропортлар сони кўпайди. Транспорт воситалари сони ошди. Буларнинг барчаси қиролликка киришни осонлаштиради. Биз тажрибамизни ҳам кенгайтирдик. Кўплаб тарихий жойларни ривожлантириш устида ишладик. Маккаи Мукаррама ва Мадинаи Мунаввара дунёнинг энг муҳим тарихий жойлари бўлди. Чунки бу шаҳарларда Пайғамбаримизнинг (с.а.в) хабари юборилган. Аллоҳнинг Расулининг ушбу икки шаҳарда узоқ йиллик тарихи бор. Шу сабабли, биз 15 та тарихий жойни ривожлантирдик, ва эндиликда бизда 25 та тарихий жой мавжуд. Алҳамдулиллаҳ, келажакда ижобий ривожланишни кўрмоқдамиз”, деди вазир.

Шунингдек, Саудия Арабистонига бориш ва муқаддас қадамжоларни зиёрат қилишга виза талаблари мавжуд бўлиб, бу зиёратчилар учун баъзан айрим қийинчиликларни келтириб чиқармоқда. Подшоҳлик яқин йилларда виза талабларини енгиллаштириш ниятидами?

“Виза режими бўйича янгиликлар жуда кўп. Айни пайтда Ўзбекистон фуқаролари учун кўплаб қулайликлар мавжуд, масалан, электрон визанинг мавжудлиги, ҳар қандай Ўзбекистон фуқароси саёҳат қилишдан олдин ёки келишдан кейин ҳам электрон туристик визага мурожаат қилиши мумкин. Шундай бўлса-да, биз ҳар доим сафар олдидан мурожаат қилишни тавсия қиламиз. Бу олдинлари катта оворагарчиликни талаб қиларди. Шунингдек, биз Тошкентда 100 кунлик виза марказини очдик, у ерда сиз марказга 100 кунлик виза учун мурожаат қилишингиз мумкин. Биз авиакомпаниялар билан ҳам ишладик. Авиакомпания рейслар сонини ҳафталик 8 тадан 12 ҳафтага оширади. Саудия ҳаво йўллари ҳам жорий йилнинг иккинчи ярмида парвозлар сонини кўпайтиради ва яна 30 минг ўринни қўшади. Бу тартибларнинг барчаси Ўзбекистон фуқароларига энг яхши хизматлардан фойдаланишни осонлаштиради”, деди доктор Тавфиқ бин Фавзон Ар-Рабиъа.

Саудия Арабистони подшоҳлиги 2024 йилда 18 млн нафар зиёратчини қабул қилган. 2023 йилда уларнинг сони 13,5 млн бўлган. Ҳеч ўйлаб кўрганмисиз, мана шунча зиёратчилар ортидан подшоҳлик қанча фойда кўради?

“Биз аввало Ҳаж ва Умра зиёратини даромад олиш учун ташкиллаштирмаймиз. Бизнинг бундан даромадимиз йўқ. Аксинча, биз меҳмонларга сифатли хизмат кўрсатиш учун пул сарфлаймиз. Яъни қисқача айтганда, биз олмаймиз, берамиз”, деди вазирлик масъули.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Ўзбекистон Саудияга борадиган зиёратчилар бўйича дунё рейтингида 10-ўринни эгаллагани ҳақида хабар берган эдик.


Мақола муаллифи

Теглар

Саудия Арабистони Ҳаж квота Тавфиқ бин Фавзон Ар-Рабиъа

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг