35 йиллик фаолиятим давомида “Навбаҳор”дек вақт чўзадиган жамоани кўрмаганман – Жезуш
Спорт
−
19 Сентябрь 2023
5406Осиё Чемпионлар лигаси (ОЧЛ) “D” гуруҳининг 1-туридан ўрин олган “Ал-Ҳилол”-“Навбаҳор” ўйини якунлангач, мезбонлар устози Жоржи Жезуш ОАВга интервью бериб, наманганликлар ўйин давомида вақт чўзганини айтиб ўтди.
“35 йиллик мураббийлик фаолиятим давомида “Навбаҳор”дек вақт чўзадиган жамоани кўрмаганман. Натижа мени умуман хавотирга солмайди, чунки биз футбол кўрмадик. Мен бундай зерикарли ва кулгули футбол ўйнаб кўрмаганман. Ҳакамлик даражаси эса рақибимизнинг даражаси билан бир хил эди”, дейди Жезуш.
Ўз навбатида Самвел Бабаян ўйин борасида ўз фикрларини билдириб ўтди.
“Бугун биз Осиёнинг энг кучли жамоаларидан бирига қарши ўйнадик. Рақибимиз - “Ал-Ҳилол”дан келиб чиққан ҳолда тактика танладик. Албатта, охирида ўтказиб юборилган гол кайфиятга таъсир қилади. “Ал-Ҳилол”га қарши ўйинда вақт чўзиш, бу барча жамоалар учун нормал ҳолат. Футболчиларимиз атайин вақт чўзишмади, жароҳатлари ва толиқиш бунга сабаб бўлди. Нима бўлган тақдирда ҳам керагидан ортиқ 14 дақиқа қўшиб берилди. Ҳужум қилмадик? Ҳужум қилишимизни Наманганда кўрасизлар”, дейди Бабаян.
“Навбаҳор” ОЧЛдаги кейинги ўйинини 3 октябрь куни ўз уйида Ҳиндистоннинг “Мумбай Сити” жамоасига қарши ўтказади.