30 йил олдинги аччиқ тажриба такрорланишига йўл қўйиб бўлмайди – Мирзиёев Афғонистон ҳақида

Жамият

image

Дунёда бошқа ўткир халқаро муаммолар фонида Афғонистон масаласи иккинчи даражага тушиб қолмоқда. Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев бугун, 13 октябрь куни Остонада ўтаётган Осиёда ҳамкорлик ва ишонч чоралари бўйича кенгаш саммитида шундай фикр билдирди.

Президент Мирзиёевга кўра, Афғонистондаги вазият алоҳида эътиборни талаб қилмоқда. Негаки бошқа ўткир халқаро муаммолар қалқиб чиқиши натижасида Афғонистон масаласи иккинчи даражага тушиб қолмоқда.

“Ўттиз йил муқаддам ушбу давлат амалда халқаро террорчилик маконига айланиб қолгани билан боғлиқ аччиқ тажриба қайта такрорланишига асло йўл қўйиб бўлмайди.

Афғонистон муваққат ҳукумати билан ўзаро ҳамкорлик бўйича умумий ва мувофиқлаштирилган ёндашувларни ишлаб чиқишимиз зарур.

Афғон муаммоси юзасидан кенг консенсусга эришиш ва глобал даражада амалий чора-тадбирларни қабул қилиш мақсадида Афғонистон ҳукумати билан томонлар мажбуриятларини босқичма-босқич бажариш алгоритмини тайёрлаш ва келишиш лозим. Бунинг учун юқори даражадаги халқаро музокара олиб борувчи гуруҳни шакллантириш ҳақидаги ташаббус ифода этилган Осиё мамлакатларининг Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош Ассамблеясига қўшма мурожаати имкониятларини кўриб чиқишни таклиф этамиз”, дейди Шавкат Мирзиёев.

Ўзбекистон раҳбари ўз нутқида мамлакатлар радикал ғояларнинг кенг хуружига янада кўпроқ тўқнаш келаётганига эътибор қаратди.

“Бузғунчи кучлар тарғибот ва мафкуравий таъсирнинг янги услубларидан фойдаланган ҳолда экстремистик ташкилотларга ёшларни фаол жалб этмоқда. Шу муносабат билан ёш авлодни радикализмдан асраш, уларнинг куч-ғайрат ва шижоатини бунёдкорлик сари йўналтириш учун тизимли ҳамкорликни ўрнатишимиз керак”, дейди Президент Мирзиёев.

У сўзида давом этиб, ёшлар ўз кучига ишониши, адолатли келажакни қарор топтиришда ўз иштирокини ҳис этиши, ўз салоҳият ва умидларини амалда рўёбга чиқариш имкониятларига эга бўлиши лозимлигини таъкидлади.

“Мажлисимизнинг Ёшлар кенгаши ҳамраиси сифатида турли ёшдаги инсонлар ўртасида бир-бирини яхшироқ тушунишга даъват этадиган, фарзандларимизнинг энг долзарб муаммоларига биргаликда ечим излашга кўмаклашувчи янги форматни – Авлодлар мулоқотини йўлга қўйишни таклиф этамиз.

Ёш етакчилар Форуми доирасида бундай илк учрашувни 2023 йил апрель ойида Самарқандда ўтказишга тайёрмиз”, деди Ўзбекистон Президенти.


Мақола муаллифи

Теглар

Шавкат Мирзиёев

Баҳолаганлар

103

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг