3 яшар набирам хитойчада қаттиқ-қаттиқ гапиради – Шавкат Мирзиёев
Жамият
−
29 Август 2023
51997Бугун, 29 август куни Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев янгиланган Республика болалар кутубхонасига бориб, ёш китобхонлар билан суҳбатлашди.
Айтилишича, яқинда Республика болалар кутубхонаси янгиланган. 1907 йилда қурилган тарихий бино реставрация қилиниб, замонавий жиҳозланган.
Мазкур кутубхона ўзбек ва жаҳон болалар адабиётига оид 180 минг китоб фондига эга. Замонавий ахборот технологияларидан фойдаланилаётгани ходимлар ишини енгиллаштириб, китобхон болаларга қўшимча қулайлик яратган. Жумладан, ташриф буюрувчилар махсус ID-карта олади. У орқали китобхонларни рўйхатга олиш, китоб олиш ва топшириш жараёнлари электрон тарзда ташкил этилади.
Электрон кутубхонани ривожлантириш, видео ва аудио ресурслар фондини бойитиш, фойдали веб-контентлар яратишга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Аудио китобларни тинглаш хонаси ташкил этилган.
Президент ушбу шароитларни кўздан кечирган, китоб ўқиётган ва чет тилларини ўрганаётган болалар билан мулоқотда бўлган.
Президентга кутубхонада ҳафтада икки марта бўладиган хитой тили тўгараги ташкил этилгани ҳақида маълумот берилган. Мирзиёев эса ўзининг уч яшар невараси ҳам хитой тилини ўрганаётганини айтган.
“Менинг уч ёшли неварам бор. У хитой тилини яхши кўради. Бизга ҳам хитойча қаттиқ-қаттиқ гапиряпти. Таржимонидан сўраяпман, яхши гапиряптими деб. Яхши гапиряти дейди”, деган Президент.
Шунингдек у болаларни тил ўрганишга чақирган.
“Тил билган одам бутун дунёни билади. Тил билганга дунё эшиклари очиқ, дейди ота-боболаримиз. Шунинг учун, дунё эшиклари очилиб, мана шу кутубхона сизларга ёқган бўлиб, кўпроқ бу ерга келиб туриб, китоб билан дўст бўлсангиз мен сизлардан жуда миннатдор бўламан” дейди Шавкат Мирзиёев болаларга қарата.
Президент ўзининг невараларига ҳам кўпроқ китоб ўқишни айтишини таъкидлаган. Бироқ Мирзиёев болаларни телефон ўйтаб ўтиришини ёмон кўришини ҳам яширмаган.
“Мен ёмон кўраман улар телефонда ўтирса. Лекин ёмон кўришимдан қатъи назар, улар айтадики, бобожон, сиз ёмон кўрсангиз, дунё телефоннинг ичида. Мен дунё воқеаларини телефондан билиб олишим керак, дейди. Шунинг учун, менинг яхши-ёмон кўрганим эмас, замонни ҳозирги талаби шу. Замонга муносиб бўлса, шу телефоннинг ичида бўлиш керак экан”, дейди Мирзиёев.
Шунингдек, Президент энг кичкина невараси мултфильм қўйиб беришни сўрашини, у мултфильмнинг ичида хитойча ҳам борлигини айтган. Болалар даврасини тарк этар экан, Мирзиёев фарзандларини кутубхонага юбораётган ота-оналарга ўзининг номидан миннатдорлигини етказишларини сўраган.
Давлат раҳбари кутубхонани мактаблар билан самарали боғлаб, 180 минг китоб фондидан уларни баҳраманд қилиш, бу ерга кўпроқ ёшларни жалб этиш зарурлигини таъкидлаган.
Муассасада халқаро конференция, семинар ва бошқа тадбирларни ҳам бевосита, ҳам онлайн ўтказиш имкони яратилган. Ҳудуд ободонлаштирилиб, янги қиёфага кирган. Мўъжазгина амфитеатр ташкил этилган. Кутубхонага автотранспорт ажратиш, янги китоблар сотиб олиш бўйича кўрсатма берилган.