Кластер ва кооперация тизимида янги механизмлар жорий этилади – Президент қарори
Жамият
−
13 Декабрь 2019
12163Ўзбекистон Республикаси Президенти "Мева-сабзавотчилик ва узумчилик тармоғини янада ривожлантириш, соҳада қўшилган қиймат занжирини яратишга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида"ги қарорни имзолади. Қарорнинг тўлиқ матни билан қуйида танишишингиз мумкин.
Ўзбекистон Республикаси Президенти қарори
Сўнгги йилларда қишлоқ хўжалигини ислоҳ қилиш ва соҳага бозор механизмларини жорий қилиш борасида изчил чора-тадбирлар амалга оширилмоқда.
Хусусан, қишлоқ хўжалигида ишлаб чиқаришнинг кластер усули йўлга қўйилди, кластерларга ажратилган қишлоқ хўжалиги майдонларининг ҳажми экин турлари бўйича пахта-тўқимачиликда – 67 фоизни, чорвачиликда – 8 фоизни, мева-сабзавотчиликда – 7,5 фоизни ташкил этмоқда.
Кластер усулида етиштирилган хомашёни қайта ишлаш уни тайёр маҳсулот кўринишида истеъмолчига етказиб бериш имконини бермоқда.
Бугунги кунда республикамизда етиштирилаётган 80 турдан ортиқ қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари дунёнинг 66 та мамлакатига экспорт қилинмоқда. 2010 йилда экспортнинг 11,3 фоизи пахта толаси ҳиссасига тўғри келган бўлса, 2018 йилга келиб ушбу кўрсаткич 1,6 фоизгача камайди.
Шу билан бирга, соҳада айниқса мева-сабзавотчилик ва узумчиликни ривожлантиришда самарали бозор механизмлари тизимли йўлга қўйилмаганлиги, илмий ёндашувнинг етарли эмаслиги тармоқнинг мавжуд имкониятларидан тўлиқ фойдаланилмаслигига олиб келмоқда.
Ҳисоб-китобларга кўра, 1 гектар майдонда етиштирилган пахта хомашёсига нисбатан узумдан 7 баравар, гилосдан 6 баравар, ёнғоқдан 5 баравар кўп даромад олиш имконияти мавжуд.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 23 октябрдаги “Ўзбекистон Республикаси қишлоқ хўжалигини ривожлантиришнинг 2020-2030йилларга мўлжалланган стратегиясини тасдиқлаш тўғрисида”ги ПФ-5853-сон Фармони ижросини таъминлаш, мева-сабзавот ва узумчилик соҳасида юқори қўшилган қийматли маҳсулотлар ишлаб чиқариш, экспорт ҳажмини ошириш, фойдаланишдан чиққан ва лалми ерларни ўзлаштириш, пахта, ғалладан қисқартирилаётган майдонларга экспортбоп қишлоқ хўжалиги экинлари экишни кўпайтириш, шунингдек, боғ, токзор ва иссиқхоналар имкониятларидан самарали фойдаланишни йўлга қўйиш мақсадида:
1. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 14 мартдаги “Мева-сабзавотчилик соҳасида қишлоқ хўжалиги кооперациясини ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПҚ-4239-сон қарорига асосан:
Жиззах, Самарқанд, Тошкент ва Фарғона вилоятларининг 8 та туманида жами 41 тамева-сабзавотчилик йўналишидаги қишлоқ хўжалиги бирлашмалари ташкил этилганлиги;
Ўзбекистон Республикаси Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги, Ўзбекистон фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгаши томонидан кам таъминланган оилалар бандлигини таъминлаш мақсадида халқаро молия институтлари маблағларини жалб этган ҳолда 2020 йилда Фарғона, Андижон ва Наманган вилоятларининг 22 та туманида 31 та, 2021 йилда республика бўйича 100 та қишлоқ хўжалиги бирлашмалари ташкил этилиши маълумот учун қабул қилинсин.
2. Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги вазирлиги, Иқтисодиёт ва саноат вазирлиги, Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги, Ўзбекистон фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгашининг мева-сабзавот ва узум маҳсулотларини етиштириш, қайта ишлаш ва экспорт қилишда кластер ва кооперация тизимини ривожлантиришнинг янги механизмларини жорий этиш тўғрисидаги таклифларига розилик берилсин.
Шундай тартиб жорий этилсинки, унга мувофиқ:
мева-сабзавот ва узум маҳсулотларини етиштириш, қайта ишлаш ва экспорт қилиш бўйича кластерларни (кейинги ўринларда – мева-сабзавот кластери) ташкил этиш ташаббускор, тегишлича Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши ва вилоятлар ҳокимликлари ҳамда Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги вазирлиги ўртасида тузиладиган уч томонлама келишув (кейинги ўринларда – уч томонлама келишув) асосида амалга оширилади;
мева-сабзавот кластерини ташкил этиш бўйича ташаббускорлар, қоида тариқасида, қайта ишловчи ва экспорт қилувчи ташкилотлар орасидан, уларнинг тажрибаси ва имкониятларидан келиб чиқиб танлаб олинади, бунда биринчи навбатда маҳсулотларни сақлаш ва қайта ишлаш бўйича тўлиқ ишлатилмаётган қувватларни ишга тушириш назарда тутилади;
мева-сабзавот ва узум маҳсулотлари етиштирувчиларни мева-сабзавот кластерларига бириктириш улар билан қайта ишловчи ва экспорт қилувчи ташкилотлар ҳамда туман ҳокимлиги ўртасида ихтиёрийлик асосида тузиладиган маҳсулот етказиб бериш шартномалари орқали амалга оширилади;
мева-сабзавот кластери иштирокчилари – маҳсулот етиштирувчи, қайта ишловчи ва экспорт қилувчи ташкилотлар ўртасидаги муносабатлар маҳсулот етказиб бериш шартномалари орқали тартибга солинади;
маҳсулот етказиб бериш шартномалари Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши ва вилоятлар ҳокимлари томонидан қайта ишловчи ва экспорт қилувчи ташкилотларнинг таклифлари асосида қабул қилинадиган мева-сабзавот ва узум маҳсулотларини жойлаштириш тўғрисидаги қарорлар ва уч томонлама келишувшартлари асосида тузилади ҳамда туман қишлоқ хўжалиги бўлими томонидан рўйхатдан ўтказилади;
маҳсулот етказиб бериш шартномалари фуқаролик қонун ҳужжатлари талаблари асосида тузилади, уларда шу жумладан маҳсулот нархини ҳақиқий харажатдан келиб чиқиб аниқлаш, харид қилинадиган маҳсулот учун олдиндан ажратиладиган аванс маблағлари ҳисобига маҳсулот етиштирувчиларни уруғ, кўчат, минерал ўғитлар, ёнилғи-мойлаш материаллари ва бошқа ресурслар билан таъминлаш, агротехника ва агрокимё хизматлари кўрсатиш, янги инновацион технологияларни қўллаш бўйича тавсиялар бериш, ахборот-маслаҳат хизматлари кўрсатиш назарда тутилади.
3. Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши ва вилоятлар ҳокимликлари:
бир ой муддатда Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги вазирлиги, Ер ресурслари, геодезия, картография ва давлат кадастри давлат қўмитаси билан биргаликда мева-сабзавотчиликка ихтисослашган 55 та туманнинг барчасидаги мавжуд боғ ва токзорларни тўлиқ хатловдан ўтказсин;
ўтказилган хатлов натижаларига кўра самарасиз боғ ва токзорларни янгилаш юзасидан ҳар бир туман кесимида манзилли рўйхатларни шакллантирсин ва тасдиқласин, бунда 2020 йил давомида яроқсиз боғ ва токзорларни, 2021-2025 йилларда эса кам ҳосилли, эскирган ва самарасиз боғ ва токзорларни янгилаш назарда тутилсин;
янги боғ ва токзорларни барпо этишда улар олдиндан аниқ мева-сабзавот кластерига ёки қишлоқ хўжалиги бирлашмасига бириктирилиши, иқтисодий жиҳатдан самарадорлигини назарда тутган ҳолда амалга оширилишини таъминласин.
4. Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги вазирлиги, Боғдорчилик ва иссиқхона хўжалигини ривожлантириш агентлиги, Узумчилик ва виночиликни ривожлантириш агентлиги ҳамда Ўзбекистон фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгаши қишлоқ хўжалигида фойдаланилмаётган очиқ ер майдонлари, ҳосилдорлиги паст бўлган пахта ва ғалладан бўшаган майдонлар, шунингдек, яроқсиз деб топилган боғ ва токзорлар жойлашган ерларда интенсив боғ ва токзорлар барпо этиш, иссиқхоналар қуриш ҳамда уларни аҳолига лизинг ва кредит шартлари асосида, шу жумладан, тижорат банклари ва лизинг компаниялари орқали бериш, кейинчалик улар негизида қишлоқ хўжалиги бирлашмалари ва мева-сабзавот кластерлари тузиш ишларини ташкил қилсин.
5. Белгилансинки, қишлоқ хўжалиги бирлашмалари аъзолари ва мева-сабзавот кластерлари иштирокчилари ўртасида кооперация алоқаларини рағбатлантириш уларни молиявий қўллаб-қувватлаш орқали амалга оширилади, бунда маҳсулот етиштирувчиларни уч томонлама келишув иштирокчиси бўлган қайта ишловчи ва экспорт қилувчи ташкилотлар орқали айланма маблағлар билан таъминлаш, янги боғ, токзор ва иссиқхоналар барпо этиш, маҳсулотларни сақлаш ва қайта ишлаш объектларини яратиш учун тижорат банклари томонидан ажратиладиган 20 миллиард сўмгача миқдордаги кредитлар бўйича Тадбиркорлик фаолиятини қўллаб-қувватлаш давлат жамғармаси ҳисобидан фоиз ставкасининг Ўзбекистон Республикаси Марказий банки қайта молиялаш ставкасидан ошадиган, лекин 8 фоиз пунктидан кўп бўлмаган қисмига компенсация ёки кредит суммасининг 50 фоизи миқдорида кафиллик тақдим этилади.
6. Интенсив боғ ва токзорлар ташкил этиш лойиҳаларини молиялаштиришда иштирок этадиган тижорат банкларига ушбу лойиҳалар учун кредитлар ажратишда боғ ва токзорлар ҳосилга киргунга қадар (турига кўра) асосий қарз бўйича имтиёзли давр белгилаш тартибини жорий этиш тавсия этилсин.
7. Ўзбекистон Республикаси Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги, Қишлоқ хўжалиги вазирлиги тижорат банклари билан биргаликда:
мева-сабзавот ва узум маҳсулотларини етиштириш, қайта ишлаш ва экспорт қилиш тизимини молиявий қўллаб-қувватлаш учун халқаро молия институтларининг маблағлари кенг жалб қилинишини;
халқаро молия институтларининг жалб қилинган маблағларини Қорақалпоғистон Республикаси ва вилоятлар кесимида маҳсулот етиштирувчилар, қайта ишловчи ва экспорт қилувчи ташкилотларга манзилли етиб боришини таъминласин.
8. Қуйидагилар:
Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги вазирлиги ҳузуридаги Боғдорчилик ва иссиқхона хўжалигини ривожлантириш агентлиги қошидаги Боғдорчилик ва иссиқхона хўжалигини ривожлантириш жамғармаси ҳамда Узумчилик ва виночиликни ривожлантириш агентлигининг Узум етиштирувчилар ва вино тайёрловчиларни қўллаб-қувватлаш жамғармаси ҳисобидан – қишлоқ хўжалиги бирлашмалари аъзолари ва мева-сабзавот кластерлари иштирокчиларига маҳаллий шароитда етиштирилган интенсив кўчатлар (пакана ва ярим пакана) ҳамда пайвандтагларни сотиб олиш харажатларининг бир қисмини қоплаш учун субсидиялар ажратишга;
Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги вазирлиги ҳузуридаги Узумчилик ва виночиликни ривожлантириш агентлигининг Узум етиштирувчилар ва вино тайёрловчиларни қўллаб-қувватлаш жамғармаси ҳисобидан – узумчилик йўналишидаги инвестиция лойиҳаларини молиялаштириш учун тижорат банклари томонидан ажратиладиган кредитлар бўйича кафиллик тақдим этишга;
Ўзбекистон Республикаси Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги ҳузуридаги Бандликка кўмаклашиш давлат жамғармаси ҳисобидан – кам таъминланган оилалар бандлигини таъминлаш мақсадида ташкил этиладиган қишлоқ хўжалиги бирлашмалари аъзоларига субсидиялар ажратишга рухсат берилсин.
Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги вазирлиги, Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги Молия вазирлиги билан биргаликда бир ой муддатда мазкур бандда назарда тутилган молиявий ёрдам турларини ажратишнинг аниқ механизмини белгилаш мақсадида ушбу жамғармалар фаолиятини тартибга солувчи ҳукумат қарорларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш юзасидан таклифларни Вазирлар Маҳкамасига киритсин.
9. Ўзбекистон Республикаси Ўрмон хўжалиги давлат қўмитасининг
2020-2021 йилларда ўрмон фондининг ўзлаштирилмаган ер участкаларида янгидан барпо этилган ва ижарага берилган ёнғоқ мевали боғлар (писта, бодом, ёнғоқ) эгаллаган майдонларга беш йил давомида ижара тўловининг “ноль” ставкасини қўллаш тўғрисидаги таклифига розилик берилсин.
Ўзбекистон Республикаси Ўрмон хўжалиги давлат қўмитаси янги ёнғоқ мевали боғларни ташкил этиш ва уларда писта, бодом, ёнғоқ маҳсулотларини етиштириш бўйича инвестиция лойиҳаларини ишлаб чиқиш, молиялаштириш ва амалга ошириш бўйича ташаббускорларни аниқлаш, қонун ҳужжатларида назарда тутилган имтиёзлар ва молиявий ёрдам турларидан фойдаланишда уларга кўмаклашиш чораларини кўрсин.
10. Маълумот учун қабул қилинсинки, мазкур қарорда назарда тутилган қўшимча молиявий қўллаб-қувватлаш механизмларининг қўлланилганлиги маҳсулот етиштирувчилар, қайта ишловчи ва экспорт қилувчи ташкилотларга қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда бошқа манбалар, шу жумладан, Ўзбекистон Республикасининг Давлат бюджети, вазирлик ва идоралар ҳузуридаги жамғармалар ҳамда оилавий тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш дастурлари ҳисобидан молиявий кўмак берилишини истисно қилмайди.
11. Ўзбекистон Республикаси Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги, Ташқи ишлар вазирлиги, Қишлоқ хўжалиги вазирлиги, Транспорт вазирлиги, “Ўзстандарт” агентлиги, Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Ўсимликлар карантини давлат инспекцияси, “Ўзагрокимёҳимоя” АЖ, “Ўзкимёсаноат” АЖ:
а) бир ой муддатда мева-сабзавот ва узум маҳсулотларининг экспорт географиясини кенгайтириш, экспортдаги тариф ва нотариф барьерларни камайтириш юзасидан “йўл харита”сини ишлаб чиқиб, тасдиқласин. Унда қуйидагилар назарда тутилсин:
мева-сабзавот ва узум маҳсулотларининг турлари бўйича ноанъанавий бозорлар, хусусан, Хитой, Корея, Ҳиндистон, Европа Иттифоқи давлатларига экспортни кўпайтириш;
хорижий давлатларнинг ваколатли органлари билан импорт божлари ва акциз солиғи ставкаларини қўллашда имтиёз ва чегирмалар бериш тўғрисида музокаралар ўтказиш;
темир йўл, автомобиль ва ҳаво транспортида юкларни ташишда ундириладиган тўловларни камайтириш;
халқаро даражада тан олинган стандартлар талабларига мос маҳсулот етиштиришни кўпайтириш, мева-сабзавот ва узум маҳсулотларини ушбу стандартлар талаблари асосида қайта ишловчи ва экспорт қилувчи ташкилотлар қамровини кенгайтириш, экспортбоп маҳсулотларни халқаро талаблар асосида сертификатлаш ишларини жадаллаштириш;
“соғломлик” сертификати бўлмаган уруғ ва кўчатларни импорт қилиш ҳамда экишни тўхтатиш;
мева-сабзавотчиликка ихтисослашган туманларда минерал ўғитлар сотиш ва зараркунандаларга қарши курашиш бўйича самарали тизим ташкил этиш, уларнинг фаолиятида экологик хавфсизлик талабларига риоя қилинишини таъминлаш;
б) амалга оширилган ишлар тўғрисида 2020 йил 1 декабрга қадар Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳамда Вазирлар Маҳкамасига ахборот киритсин.
12. Белгилаб қўйилсинки, 2020 йил 1 январдан бошлаб тажриба тариқасида:
тегишли ҳудудда мева-сабзавот ва узум турларини жойлаштиришда етиштириладиган маҳсулот ҳажми боғлар ва токзорлар тупроқларининг
бир бонитет балига нисбатан ҳисобланган норматив ҳосилдорлиги (кейинги ўринларда – норматив ҳосилдорлик) асосида аниқланади;
маҳсулот етиштирувчилар томонидан норматив ҳосилдорлик талабларига риоя этилиши улар иштирокида тузилган шартномалар, давлат статистика ҳисоботлари ҳамда ваколатли органларнинг ахборот тизимларидаги маълумотлар ёрдамида ҳудудий қишлоқ хўжалиги органлари томонидан мониторинг қилинади;
ўтказилган мониторинг натижалари ҳар йили камида бир марта халқ депутатлари туман Кенгашларида муҳокама қилинади.
Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги вазирлиги, Давлат солиқ қўмитаси, Ер ресурслари, геодезия, картография ва давлат кадастри давлат қўмитаси, Ўзбекистон фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгаши:
мазкур бандга асосан ўтказилган мониторинг натижаларини халқ депутатлари туман Кенгашларида муҳокама қилиш ишларини самарали ташкил этишга кўмаклашсин;
ўтказилган мониторинг натижаларини умумлаштириш асосида 2021 йил 1 мартга қадар Вазирлар Маҳкамасига ер участкаларидан самарасиз фойдаланаётган ер участкалари эгаларига нисбатан халқ депутатлари туман Кенгашларининг қарорларига асосан таъсирчан чоралар кўриш механизмини жорий этиш тўғрисида таклифлар киритсин.
13. Қуйидагилар:
Ўзбекистон Республикаси қишлоқ хўжалиги вазири Ж.А.Ходжаев Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши раиси ва вилоятлар ҳокимлари билан биргаликда – мева-сабзавотчиликка ихтисослаштирилган 55 та туманни алоҳида маҳсулот турига ихтисослаштириш, уларда фаолият юритадиган мева-сабзавотчилик йўналишидаги қишлоқ хўжалиги бирлашмалари ва мева-сабзавот кластерлари фаолиятининг самарали ташкил этилиши ҳамда 2020 йилда 26 минг гектар кам ҳосилли ва яроқсиз боғлар ўрнида интенсив усулда 7 минг гектарида гилос, 8 минг гектарида ёнғоқ ва шафтоли, 8,5 минг гектарида ўрик ва анор ҳамда 2,5 минг гектарида олхўри боғлари ташкил этилиши учун;
Ўзбекистон Республикаси бандлик ва меҳнат муносабатлари вазири Н.Б.Хусанов ва Ўзбекистон фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгаши раиси А.А.Хаитов – кам таъминланган оилалар бандлигини таъминлаш мақсадида ташкил этиладиган қишлоқ хўжалиги бирлашмалари фаолиятининг самарали йўлга қўйилиши, мева-сабзавот ва узум маҳсулотларини етиштиришда аҳоли томорқаларидан самарали фойдаланилишини таъминлаш учун;
Ўзбекистон Республикаси инвестициялар ва ташқи савдо вазири С.Ў.Умурзоқов – мева-сабзавот ва узум маҳсулотларини етиштириш, қайта ишлаш ва экспорт қилиш тизимини молиялаштириш учун халқаро молия институтларининг маблағларини мақсадли жалб қилиш, экспорт қилувчи ва уларга хизмат кўрсатувчи ташкилотларни давлат томонидан қўллаб-қувватлаш тизимини самарали ташкил этиш учун;
Ўзбекистон Республикаси Ўрмон хўжалиги давлат қўмитаси раиси Н.Ж.Бакиров – ёнғоқ мевали боғлар ташкил этиш, уларда писта, бодом, ёнғоқ сингари маҳсулотлар етиштириш ва экспорт қилиш ҳажмини кенгайтириш учун;
Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги вазирлиги ҳузуридаги Боғдорчилик ва иссиқхона хўжалигини ривожлантириш агентлиги директори Н.Э.Нажимов ҳамда Узумчилик ва виночиликни ривожлантириш агентлиги директори О.С.Мустафоев – яроқсиз боғ, иссиқхона ва токзорлар жойлашган ерларда янгидан интенсив боғ ва токзорлар барпо этиш, иссиқхоналар қуриш, кейинчалик бир ҳудудда ижарага олинган экин майдонлари негизида қишлоқ хўжалиги бирлашмалари ва мева-сабзавот кластерларини ташкил этиш учун;
Ўзбекистон Республикаси молия вазирининг ўринбосари А.Э.Эргашев – мазкур қарорда назарда тутилган молиявий ёрдам турларини ўз вақтида ва манзилли тақдим этишда Тадбиркорлик фаолиятини қўллаб-қувватлаш давлат жамғармасини зарур молиявий ресурслар билан таъминлаш учун;
Ўзбекистон Республикаси қишлоқ хўжалиги вазирининг ўринбосари С.С.Ходжаев – тўқсонбости усулида етиштириладиган ва эртаки экинларнинг ўз вақтида экилиши, уларда белгиланган турдаги ва ҳажмдаги маҳсулотларнинг тўлиқ етиштирилиши учун шахсан жавобгар бўлиши белгилансин.
14. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси икки ҳафта муддатда:
2020 йилда ташкил этиладиган мева-сабзавот кластерлари фаолиятини манзилли қўллаб-қувватлаш чора-тадбирлари тўғрисидаги;
Интенсив боғ ва токзорлар барпо этиш, иссиқхоналар қуриш ҳамда уларни аҳолига лизинг ва кредит шартлари асосида бериш тартиби тўғрисидаги низомни тасдиқлаш ҳақидаги;
Иқтисодий жиҳатдан самарасиз, кам ҳосил берадиган боғ ва токзорларни яроқсиз деб топиш тартиби тўғрисидаги низомни тасдиқлаш ҳақидаги ҳукумат қарорларини қабул қилсин.
15. Ўзбекистон Республикаси Президентининг айрим қарорларига иловага мувофиқ ўзгартириш ва қўшимчалар киритилсин.
16. Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги вазирлиги:
Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши ва вилоятлар ҳокимликлари билан биргаликда мазкур қарорнинг ижросини, сабзавот-полизчилик, боғдорчилик, узумчилик ва иссиқхона хўжаликлари эгаларига, қайта ишловчи ва экспорт қилувчи ташкилотларга етказилишини ҳамда моҳияти ва аҳамияти аҳоли ўртасида тушунтирилишини таъминласин;
мева-сабзавотчиликка ихтисослашган туманларда мазкур қарор талабларининг амалга оширилишини доимий мониторинг қилиб борсин;
икки ой муддатда манфаатдор вазирлик ва идоралар билан биргаликда қонун ҳужжатларига ушбу қарордан келиб чиқадиган ўзгартириш ва қўшимчалар тўғрисида Вазирлар Маҳкамасига таклифлар киритсин.
17. Мазкур қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазири А.Н.Арипов ва Ўзбекистон Республикаси Президентининг маслаҳатчиси Р.А.Гулямов зиммасига юклансин.
Ўзбекистон Республикаси Президенти
Шавкат Мирзиёев
Тошкент шаҳри, 2019 йил 11 декабрь
LiveБарчаси