“3 ойлик хасталик”. Кўкйўтал қанчалик хавфли ва у қандай даволанади?

Саломатлик

image

Кўкйўтал ёш болалар учун хавфли касаллик ҳисобланади. Бу ҳақда бош шифокор ва юқумли касалликлар бўйича мутахассис Андрей Поздняков "Российская газета"га маълум қилди.

Унинг айтишича, кўкйўтал ҳаво-томчи йўли орқали юқадиган ўта юқумли хасталик бўлиб, қўзғатувчиси Bordetella pertussis бактерияси ҳисобланади. Инфекцияга йўлиққан киши йўталиши ёки аксириши оқибатида ҳавога микроб тарқалади ва шу яқин атрофда нафас олган одам зарарланади. 

"Гап шундаки, кўк йўтал узоқ инкубация даврига эга (7-20 кун) ва касалликнинг бошланиши одатда оғир кечмайди. Ҳаммаси оддий, бола йўтала бошлайди, унинг ҳарорати нормал бўлса, ўзини ёмон ҳис қилмайди. Бироқ бир ҳафта ўтгач, йўтал кучаяди ва кичкинтойнинг соғлиғи ёмонлашади", дейди шифокор.

Эътиборлиси, эмлаш жараёнлари бошлангунга қадар кўкйўтал фақатгина болаларга хос касаллик деб ҳисобланган. 

Ҳозирги кунда ушбу хасталикни биринчи навбатда вакцинациянинг тўлиқ давридан ўтмаган чақалоқлар ҳамда иммунитети заиф бўлган ўсмир ва катталар бошдан ўтказишади. Олимларнинг таъкидлашича, эмлашнинг амал қилиш муддати  – тахминан 4-14 йил. Қанча кўп вақт ўтса, касалланиш эҳтимоли ҳам юқорилашиб боради.

Кўкйўталдан асосан ёшига етмаган чақалоқлар нобуд бўлади. Шунинг учун ҳомиладор аёллар ва чақалоқ яқинида бўладиган кишиларнинг касалликдан эмланган бўлиши жуда катта аҳамиятга эга.

Касаллик бошланишида худди шамоллашники каби аломатлар пайдо бўла бошлайди: 

  • йўтал;
  • аксириш;
  • тумов;
  • ҳарорат кўтарилиши, энг кўпида 38,9 даражагача;
  • баъзи ҳолатларда ич кетиши.

Қарийб 7-10 кун ўтиб, йўтал хуружлари ёмонлашади ва давом этади. Улар ҳатто қусиш, кучли ҳолсизлик ва кескинлашув оқибатида юзнинг қизариб ёки кўкариб кетишига олиб келиши мумкин. Хаста кишиларда бўғимлар торайиши сабабли тез-тез юз-бўйин соҳасида шишлар кузатилади. Тери ва кўз шиллиқ қаватида қон қуйилишларини ҳам бошдан кечириш мумкин. Асабий таъсирчанлик ортиши, невроз ва бош айланишини қўзғатиши ҳам амалиётда кузатилган. Ҳатто баъзида кучли йўтал болаларни ҳушидан кеткизади. Бу давр 30 кунгача давом этади. Хуружлар аксарият одамларда кузатилади, лекин бу ҳаммада дегани эмас. Чақалоқлар умуман йўталмаслиги, аммо бу ҳолатда оғзини тез-тез очиб ҳаво олиб туриши, ҳансираши мумкин. Хуружнинг бу тури вақтинча нафас тизимидаги узилишларга ва титратувчи тутқаноққа сабаб бўлиш эҳтимоли бор.

"Юқорида айтганимиздек, касалликни Bordetella pertussis – кўкйўтал таёқчаси келтириб чиқаради. Шунинг учун уни антибиотиклар билан даволаш мумкин. Муаммо шундаки, у бир ҳафта ёки бир ярим ҳафта давомида танада қолади. Агар фаол даволаш биринчи кунлардан бошланадиган бўлса, антибиотиклар самарали бўлади. Шунга қарамай беморда иситмасиз оддий йўтал кузатилса, унга антибиотиклар буюрилмайди", дейди мутахассис.

Даволаш жараёнида чақалоқларни одатда шифохонада олиб қолишади, қолганлар уйда муолажа олиши мумкин.

Асосий усуллар қуйидагилар:

1. Дориларни қабул қилиш: инфекция тарқалишини тўхтатиш учун доктор антибиотиклар ёзади. Улар бактерияларни парчалайди, аммо касаллик аломатларини бартараф этолмайди. Ҳароратни туширишда рецептсиз бериладиган оғриқ қолдирувчилар — парацетамол ёки ибупрофен қабул қилиш мумкин.

Йўтал учун мўлжалланган таблеткалар эса одатда кўкйўталда ёрдам бера олмайди. 

2. Режимга амал қилиш: касаллик даврида тўғри ҳаёт тарзини юритиш жуда муҳим аҳамиятга эга. Беморга дам олиш, юқори ҳарорат кузатилмаган вақтда эса енгил сайр тавсия этилади. Асаб тизими ўта таранглашиши боис жаҳлни чиқарувчи барча омиллардан сақланилади. Чироқ нури ҳам юмшоқ ва тарқоқ бўлиши керак. Баланд овоздаги мусиқа, суҳбат ёки телевизор шовқини тақиқланади.

Мутахассис касалликка чалинганларга қуйидаги тавсияларни берди:

  • Юқори ҳарорат натижасида чанқаш ҳисси ошишига йўл қўймасликка ҳаракат қилинг;
  • Кўп миқдорда суюқлик ичиш керак. Энг яхши танлов — сув, мева шарбати ва қуруқ қайнатма шўрва. Тез-тез, оз-оздан тановул қилинг. Кўп овқат ейиш йўтал вақтида қайт қилишга олиб келиши мумкин;
  • Хонада ҳаво намлантирувчи воситадан фойдаланинг. Бу йўтални босишда ёрдам беради;
  • Беморнинг хонасидаги ҳаво мусаффо бўлишига ҳаракат қилиш керак. Бинода чекиш, кучли ифорли духи ёки ҳаво спрейларидан фойдаланиш тавсия этилмайди — томоқни қириши мумкин. Хонани иложи борича кўпроқ шамоллатиб туриш керак.

Мақола муаллифи

Теглар

Кўкйўтал болалар учун хавфли касаллик

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг

Мавзуга доир янгиликлар