3 кундан сўнг дунёдаги ядровий қуроллар назоратсиз қолади

Олам

image

Уч кундан кейин Стратегик ҳужумкор қуролларни қисқартириш тўғрисидаги шартноманинг (СНВ-3) амал қилиш муддати якунига етади. Бу АҚШ ва Россия тасарруфидаги жойлаштирилган ядровий каллаклар сонини чеклаб келган, ҳуқуқий жиҳатдан мажбурий бўлган сўнгги келишув ҳисобланади. Унинг ўрнини босадиган янги шартнома эса ҳозирча мавжуд эмас. Бу ҳақда “Financial Times” хабар берди.

Нашрнинг ёзишича, жорий йилнинг 5 февралидан кейин нафақат миқдорий чекловлар, балки назорат механизмлари, жумладан, ўзаро инспекциялар ва мунтазам маълумот алмашинуви ҳам тўхтайди. Натижада дунёдаги энг йирик ядровий давлатлар ўртасида стратегик қуроллар бўйича амалда бўлган бирорта ҳам келишув қолмайди.

Карнеги жамғармасининг ядровий сиёсат дастури ҳамраиси Жеймс Актоннинг фикрича, дунё янги қуролланиш пойгасига кириб бормоқда. Унинг айтишича, яқин келажакда қуролларни чеклаш бўйича янги шартнома тузилиши эҳтимоли ниҳоятда паст.

АҚШнинг СНВ-3 бўйича собиқ бош музокарачиси Роуз Геттемюллер Россия Президенти Владимир Путиннинг шартнома параметрларига ихтиёрий риоя қилиш ҳақидаги таклифи тўлиқ, ҳуқуқий жиҳатдан мажбурий механизмнинг ўрнини боса олмаслигини билдирган. Унинг баҳосига кўра, арсеналлар кенгайтириладиган бўлса, Россия мавжуд ташувчилар орқали каллаклар сонини тезроқ ошириш имкониятига эга, бу эса АҚШни нисбатан ноқулай ҳолатга солиб қўйиши мумкин.

Мутахассислар СНВ-3 муддати тугаши ядровий арсеналларнинг дарҳол ошишини англатмаслигини айтмоқда. Бироқ, ҳуқуқий чекловлар ва шаффофликнинг йўқлиги стратегик хатолар хавфини кучайтиради ҳамда ядровий қуролларни тарқатмаслик бўйича глобал режимни заифлаштиради.

Маълумот учун, СНВ-3 шартномаси 2010 йилда ўн йил муддатга имзоланган ва бир марта – 2026 йил 5 февралгача узайтирилган. У жойлаштирилган ядровий каллаклар сонини 1 550 бирлик билан чеклаган, шунингдек, ўзаро инспекциялар ва хабардор қилиш тизимини назарда тутган. Шартнома муддати тугаши билан бу механизмлар ҳам ўз кучини йўқотади.


Мақола муаллифи

Теглар

ядровий қуроллар СНВ-3

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг