24 йил ичида илк ташриф. Макрон Украинага етиб борди 

Олам

image

Франция Президенти Эммануэль Макрон бугун, 8 февраль куни Москвадан Киевга борди. Бу ҳақда “Украина-24” телеканали хабар берган.  

Маълумотларга кўра, Макрон Борисполь аэропортидан Мариинский саройига йўл олган ва у ерда Украина Президенти Владимир Зеленский билан учрашади. Бу Франция раҳбарининг Украинага 24 йил ичида биринчи расмий ташрифидир. Охирги марта 1998 йилда собиқ Президент Жак Ширак Украинага ташриф буюрган. Макрон билан бирга Франция Ташқи ишлар вазири Жан-Ив Ле Дриан Киевга борган.  

Франция раҳбари бир неча бор кескинликни пасайтириш ва Донбассдаги можарони дипломатик йўл билан ҳал қилиш зарурлиги ҳақида гапирган. Макроннинг сўзларига кўра, унинг учун устувор вазифа инқирозга сиёсий ечим топишдир. 

Кеча, 7 февраль куни Путин билан ўтказилган қўшма матбуот анжуманида Франция раҳбари Киевдаги муҳокамалар чоғида Минск келишувларини амалга ошириш масаласини кўтаришга ваъда берган. Елисей саройи эгаси ушбу ҳужжат шартларига қатъий риоя қилиш кераклигини бир неча бор таъкидлаган.

Шунингдек, у Украина раҳбарига Москва билан Европада хавфсизлик ва барқарорлик соҳасидаги кафолатлар бўйича муҳокаманинг асосий нуқталарини етказишга ваъда берган. Таъкидланишича, Макрон Зеленский билан суҳбатдан кейин Путин билан телефон орқали фикр алмашади.

Эслатиб ўтамиз, ўтган ҳафтада Туркия Президенти Ражаб Тойиб Эрдўған Украинага ташриф буюрганди. Зеленский билан музокаралардан сўнг Украинада Туркия билан ҳамкорликда “Bayraktar” учувчисиз ҳаво воситаларини ишлаб чиқариш кенгайтирилиши эълон қилинган эди. 


Мақола муаллифи

Теглар

Зеленский Макрон

Баҳолаганлар

191

Рейтинг

2.9

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг