21 Президент қатнашадиган Эрдўғаннинг қасамёд қабул қилиш маросими дастури эълон қилинди (рўйхат)
Олам
−
03 Июнь 2023
12457Туркия Президенти Ражаб Тойиб Эрдўғаннинг бугун, 3 июнь куни Анқарадаги президентлик мажмуасида бўлиб ўтадиган инаугурация маросимида 21 давлат раҳбари ва 13 Бош вазир, шунингдек, кўплаб вазирлар ва халқаро ташкилотлар, жумладан, Турк давлатлари ташкилоти, НАТО ва Ислом ҳамкорлик ташкилоти вакиллари иштирок этади. Бу ҳақда “Anadolu” хабар берди.
Президентлик сайловларида 27 миллион 834 минг 589 овоз билан ғалаба қозонган Президент Эрдўған соат 14:00 (Тошкент вақти билан 16:00)да Туркия Буюк Миллат Мажлисида қасамёд қилади. Эрдўған мандатини Туркия Буюк Миллат Мажлиси муваққат спикери Девлет Бахчелидан олади.
Маросимда Озарбайжон Президенти Илҳом Алиев, Венесуэла Президенти Николас Мадуро, Болгария Президенти Румен Радев, Габон Президенти Али Бонго Ондимба, Гвинея-Бисау Президенти Умаро Сисоку Эмбало, Жанубий Африка Республикаси Президенти Сирил Рамафоса, Черногория Президенти Яков Милатович, Қозоғистон Президенти Қосим-Жомарт Тўқаев, Қирғизистон Президенти Садир Жапаров, Конго Президент Дени Сассу Нгессо, Косово Президенти Вьоса Осмони, Шимолий Кипр Президенти Эрсин Татар, Шимолий Македония Президенти Стево Пендаровски, Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев , Руанда Президенти Пол Кагаме, Сенегал Президенти Маки Салл, Сомали Президенти Ҳасан Шайх Маҳмуд, Того Президенти Фор Эссозимна Гнассингбе, Туркманистон Президенти Сердар Бердимуҳамедов, Бангладеш Президенти Моҳаммад Шаҳабуддин Чуппу, Гвинея Президенти Мамади Думбуя иштирок этади
Шунингдек, фахрий меҳмонлар рўйхатида 13 нафар Бош вазир, жумладан, Покистон Бош вазири Шаҳбоз Шариф, Венгрия Бош вазири Виктор Орбан, Арманистон Бош вазири Никол Пашинян ва Ливия Бош вазири Абдулҳамид Дибейбе ҳам бор.
Маросимда, шунингдек, Туркий давлатлар ташкилоти Бош котиби Қубаничбек Омуралиев, НАТО Бош котиби Йенс Столтенберг ва Ислом ҳамкорлик ташкилоти Бош котиби Ҳусайн Иброҳим Таҳа каби 8 та халқаро ташкилот вакиллари иштирок этади.
Парламентлар спикерлари даражасида эса 12 давлат, жумладан, Россия Федерацияси Давлат думаси раиси Вячеслав Володин ва Хитой Халқ вакиллари Бутунхитой мажлиси Доимий қўмитаси раиси ўринбосари Динг Чжунгли қатнашади.
Бундан ташқари, маросимда Германиянинг собиқ президенти Кристиан Вульф, Германиянинг собиқ канцлери Герҳард Шрёдер, Босния ва Герцеговина Президентлик кенгашининг собиқ аъзоси Бакир Изетбегович ва Швеция собиқ бош вазири Карл Бильдт иштирок этади.
Маросимдан кейин соат 15:00 да Эрдўған Аниткабирни зиёрат қилади ва соат 17:00 да Президентлик мажмуасида бўлиб ўтадиган тадбирда қатнашади.
Эрдўған отлиқ бўлинмаси билан мажмуага киргач, 101 қуролдан ўқ узилади. Бундан ташқари, ҳаво, қуруқлик ва денгиз кучлари қўмондонликларининг армия штаб-квартираларидан 101 та артиллериядан ўқ отилади.
Соат 19:00 да эса Президент Эрдўған Чанкая саройида чет эллик меҳмонлар шарафига зиёфат беради. Кечки овқатдан сўнг Эрдўған Вазирлар Маҳкамаси аъзоларини эълон қилиши кутилмоқда.
LiveБарчаси