2024 йилда дунё озиқ-овқат билан боғлиқ қийинчиликка дуч келади – Имомали Раҳмон

Олам

image

Тожикистон Президенти Имомали Раҳмон ватандошларини Наврўз байрами билан табриклаб, 2024 йилда дунё озиқ-овқат таъминоти билан боғлиқ оғир вазиятга дуч келишини таъкидлади. Бу ҳақда Президент матбуот хизмати томонидан эълон қилинган табрикда сўз боради. 

Имомали Раҳмон шу муносабат билан фуқароларни барча мавжуд ресурслардан оқилона фойдаланишга чақирди.

“Мушоҳадалар ва таҳлилларга кўра, 2024 йилда жаҳон ҳамжамиятини озиқ-овқат билан таъминлаш бўйича олдинги йиллардагидан ҳам мураккаб ва оғир вазият юзага келади. Бугунги кунда дунёнинг 80 дан ортиқ давлати аҳолиси ҳосил етишмовчилиги муаммоларидан азият чекмоқда. Шунинг учун биз барча мавжуд ресурслар ва имкониятлардан, мамлакатимизнинг қулай табиати ва иқлимидан, айниқса, сув ва ердан оқилона ва самарали фойдаланишимиз керак”, дейди Президент.

Давлат раҳбари иқлим ўзгариши, қурғоқчилик, нотинч сиёсий вазият туфайли дунё аҳолисини озиқ-овқат билан таъминлаш тобора қийинлашиб бораётганини таъкидлади. 

“Мамлакатимизда ҳам сув даражасининг пастлиги кузатилмоқда, қор ва ёмғир миқдори ўтган йилга нисбатан 70 фоизга кам”, деб қўшимча қилган Тожикистон раҳбари.

Имомали Раҳмон Наврўз баҳор келиши байрами сифатида, авваламбор, қишлоқ хўжалиги ходимларининг байрами эканини таъкидлаб, уларни мамлакат озиқ-овқат хавфсизлигини асрашга эътибор қаратишга, барча фуқароларни исрофгарчиликка йўл қўймасликка чақирди.

Наврўз дунёдаги энг қадимий байрамлардан бири бўлиб, унинг тарихи 3 минг йилдан кўпроққа бориб тақалади. Унинг ислом динига алоқаси йўқ ва қуёш астрономик тақвимига кўра, Эрон ва туркий халқлар янги йил бошланишини нишонлайдиган баҳорги тенгкунлик (19, 20 ёки 21 мартга тўғри келади) билан боғлиқ. Наврўз UNESCOнинг номоддий маданий мероси рўйхатига киритилган.

Тожикистонда Наврўз ҳар йили кенг нишонланади, мамлакатда турли карнаваллар ва ярмаркалар ўтказилади. Байрам муносабати билан республикада 21 мартдан 26 мартгача бўлган кунлар дам олиш куни деб эълон қилинган.


Мақола муаллифи

Теглар

Тожикистон Имомали Раҳмон

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг