Олтин рекорд даражада қимматлаши башорат қилинди. Бунга сабаб нима?

Бу қизиқ

image

Кеча, 5 март куни дунё бўйлаб олтин нархи рекорд даражада кўтарилиб, бир унция қимматбаҳо металл (тақрибан 28 грамм, трой унция 31 грамм) қиймати 2100 АҚШ долларидан ошиб кетди. Бу ҳақда “Reuters” агентлиги хабар берди.

Агентликнинг ёзишича, олтин нархининг кўтарилишига июнь ойида АҚШда асосий фоиз ставкасининг пасайиши ва Яқин Шарқдаги можаро туфайли хавфсиз бошпанага талабнинг ортиши сабаб бўлган. Олтин кеча соат 14:13 ҳолатига кўра 0,8 фоизга қимматлаган ва бир унцияси 2 132 долларни ташкил қилган. Ундан бироз аввалроқ эса олтин баҳоси 2 141 долларга етган эди.

TD Securities’нинг (Канада инвестиция банки ва молиявий хизматлар провайдери) Товар стратегиялари бўлими бошлиғи Барт Мелек вазиятни изоҳларкан, жорий йилда олтиннинг баҳоси ошиб боришини айтди:

"Бу ерда асосий сабаб шундаки, биз Федерал фонд бозори ставкасининг (5.50) пасайиши узоқ келажакда эмас, балки яқин вақт оралиғида кузатилишига янада амин бўляпмиз. Бозор олтин нархи кўтарилишига кўпроқ ишонч ҳосил қилиши керак, охир-оқибат иккинчи чоракда олтин 2300 доллардан ошиши мумкин, деб ўйлаймиз. Сиёсий ва молиявий беқарорлик даврида, кўпинча, олтин бойликни сақлашнинг энг яхши йўли сифатида кўрилади. Исроил-ҲАМАС уруши бошланганидан бери тилла нархи 300 доллардан ошди", дейди Барт Мелек.

Ўзбекистонда ҳам мос равишда олтин нархи ошган. Марказий банк томонидан тақдим этилган маълумотда уч кунлик кетма-кет кўтарилишдан сўнг, 6 март куни 5 граммлик олтин қуймалар баҳоси 4 млн 426 минг сўмни ташкил этди (5 март куни 4 млн 347 минг сўм, 4 март куни 4 млн 284 минг сўм). Февралнинг 6 санасида эса олтин қуймалар 4 млн 173 минг сўм, ўтган йилнинг 6 январь куни 4 млн 202 минг сўм бўлган эди. 

Январь ойидаги маълумотларга кўра, Ўзбекистоннинг халқаро олтин захиралари 24 632,2 млн долларни ташкил этмоқда. Таққослаш учун, бу кўрсаткич 2023 йилнинг декабрь ойида 23 725,9 млн доллар бўлган эди.

Маълумот учун, 2023 йилда Ўзбекистон рекорд даражада – 8,1 миллиард долларлик олтин экспорт қилиб, йил охирида олтин сотиш бўйича дунёда иккинчи ўринни эгаллаган эди. Мамлакат 2022 йилда 4,1 миллиард долларлик, 2021 йилда ҳам 4,1 миллиард долларлик олтин сотган.


Мақола муаллифи

Теглар

#олтин #захира #молия

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг