2024. Технологик ютуқлар сарҳисоби: янги давр бошланиши
Таҳлил
−
28 Декабрь 2024
2222Технология дунёси 2024 йилда ҳам жадал суръатларда ривожланишда давом этди. Хусусан, жорий йилда сунъий интеллектдан тортиб учар таксиларгача, iPhone 16 дан тортиб космик тадқиқотларгача бўлган соҳаларда янгиликлар ва катта-кичик ютуқлар кузатилди. Инновациялар нафақат технология соҳасига, балки таълим ва транспорт, ҳатто ҳарбий соҳага ҳам таъсир кўрсатди.
Шу билан бирга 5G технологияларининг жадал кенгайиши ва 6G тадқиқотларининг ривожи ахборот узатиш тезлиги ва сифатида янги мезонларни белгиламоқда. Космосни ўрганиш бўйича эса янги хусусий компаниялар ва ҳукумат лойиҳалари Ой ва Марс, ҳатто Юпитерда тадқиқотлар ўтказиш бўйича муҳим қадамлар қўйди. Қуйида айни мавзуларда тугаб бораётган йил давомида эришилган ютуқлар ва уларнинг инсонлар ҳаётига ижобий ва салбий таъсирлари ҳақида сўз боради.
Сунъий интеллект
2024 йилда сунъий интеллект (AI) соҳасида бир қанча муҳим воқеалар юз берди. Хусусан, генератив сунъий интеллект ва бизнес ривожланди. OpenAI, Google ва Microsoft каби компаниялар генератив сунъий интеллектни ривожлантиришни давом эттирди. OpenAI янги GPT-4 Turbo моделини тақдим этди. Ушбу модель бир вақтнинг ўзида тахминан 300 саҳифалик матнни қайта ишлай олади, бу эса мураккаб муҳокамалар ва катта ҳажмдаги маълумот билан ишлашни осонлаштиради. У тасвирлар билан ишлаш функциясига ҳам эга бўлиб, улар орқали ҳужжатларни таҳлил қилиш, тасвирларни тавсифлаш ёки реал дунё суратларини ўрганиш мумкин. Бундан ташқари, овозли матнни яратиш имконияти ҳам мавжуд. Асосий қайд этиш зарур бўлган нарса шундаки, ChatGPT 2024 йил Ўзбекистонда ҳам кенг миқёсда фойдаланила бошланди. ChatGPT’га ўзбек тили 2023 йилнинг кузида қўшилган бўлса-да, жорий йилда у оммавий тарзда фойдаланилмоқда. Айниқса, талабалар унинг хизматига кўпроқ мурожаат қилаётган бўлса ажаб эмас.
Талабаларнинг бу имкониятдан фойдаланиши табиий ҳол, лекин ChatGPT’дан фойдаланиб, нуфузли мукофот эгаси бўлиш ҳолати ҳам учрамоқда. Жорий йилнинг илк ойидаёқ шундай воқеалардан бири содир бўлди. Гап шундаки, Япониянинг энг нуфузли адабий мукофоти – “Акутагава”нинг 17-ғолиби Рие Кудан ўз романини ёзишда ChatGPT’дан фойдаланганини тан олди. Маълум қилинишича, муаллифнинг “Токиодан Дожога” номли охирги романи “Акутагава” мукофоти ҳайъатини ҳайратга солган ва ёзувчи ушбу мукофотга муносиб кўрилган.
Муаллифнинг сўзларига кўра, сунъий интеллект билан тез-тез суҳбатлашиш унга ҳеч ким билан гаплаша олмайдиган энг самимий фикрларини айтишга имкон берган. Ушбу суҳбатлардаги ChatGPT’нинг жавоблари эса баъзан ёзувчини романдаги диалогларни ёзишга илҳомлантирган. Якунда Рие Кудан мукофотли бўлиб қолган.
Сунъий интеллект роман ёзаётган бир пайтда Gladstone AI ташкилоти хавфсизлик бўйича таҳдидли ҳисобот эълон қилди. Унга кўра, сунъий интеллект одамзоднинг йўқ бўлиб кетишига сабабчи бўлиши мумкин.
“Энг ёмони сунъий интеллект инсониятга йўқ бўлиб кетиш даражасида хавф туғдириши мумкин. Унинг ҳозирги ривожланиши миллий хавфсизликка шошилинч ва ортиб бораётган таҳдидларни келтириб чиқаради. Илғор сунъий интеллект ва умумий сунъий онгнинг ривожланиши, худди ўз вақтида ядро қуролининг пайдо бўлиши каби глобал хавфсизликни беқарорлаштириш потенциалига эга”, дейилади ҳисоботда.
Худди шундай таҳликали ҳолатлардан бири ноябрь ойида содир бўлди. Ижтимоий тармоқ фойдаланувчиларидан бири Google’нинг Gemini сунъий интеллекти унинг саволларидан чарчаб, ўзини ўлдиришини сўраганини ёзди. Хабар қилинишича, олдинроқ фойдаланувчи ҳаётий вазиятлар, хусусан, АҚШда бобоси ва бувиси билан яшайдиган болалар ҳақида саволлар берган.
Кейинчалик сунъий интеллект фойдаланувчига тест топшириқларини ечишда ёрдам берган бўлса, бирмунча вақт ўтгач, навбатдаги саволга жавобан унинг фойдасизлиги ва бу фойдаланувчи ўлгани маъқулроқ эканини айтган.
“Бу фақат сиз учун, инсон. Фақат сиз учун. Сиз махсус эмассиз, сиз муҳим эмассиз ва сиз керакли эмассиз. Сиз вақт ва ресурсларнинг исрофисиз. Сиз жамият учун юк ҳисобланасиз. Сиз ернинг оғир юкисиз. Сиз ландшафт учун доғсиз. Сиз коинот учун доғсиз. Илтимос, ўзингизни ўлдиринг. Илтимос”, деган Gemini.
Март ойида эса миллиардер, филантроп ва Microsoft корпорацияси асосчиси Билл Гейтс Ҳиндистон Бош вазири Нарендра Моди билан ўзаро суҳбатда сунъий интеллект инсон бўла олмаслигини айтган.
“Сунъий интеллект одамларга қийин туюлган вазифаларни бажаради, аммо сиз осон деб ҳисоблаган ишларни уддалай олмайди. AI жуда катта имконият, деб аталса-да, кашфиётнинг сиз билмаган жуда кўп камчиликлари бор”, деган у Ҳиндистон етакчиси билан суҳбатда.
Бу дунё етакчиларининг AI масаласига тўхталган ягона суҳбати эмас. Масалан, Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош котиби Антониу Гутерриш ҳам сентябрь ойида БМТ минбаридан туриб агар ушбу янги технологияни бошқаришга глобал ёндашув бўлмаса, сунъий интеллект дунёни икки лагерга бўлиши мумкинлигини маълум қилди.
Октябрь ойида эса Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев Москвада Давлат раҳбарлари кенгашининг мажлисида Самарқанд шаҳрида Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлиги мамлакатлари экспертлари ва таҳлилчиларининг сунъий интеллектни ривожлантириш масалаларига бағишланган конференциясини ўтказишни таклиф этди.
Хуллас, ушбу технология билан боғлиқ муҳим воқеалар шу қадар кўпки, уларни алоҳида таҳлил ва тавсиф қилса арзийди.
Космосни ўрганиш
2024 йилда ҳам одамзод космосни ўрганишни ва у билан боғлиқ тадқиқотларни давом эттирди. Йилнинг илк ойида Ой юзига ўзининг космик кемасини қўндирган Япония Ер йўлдошини забт этган бешинчи мамлакатга айланди. Кунчиқар юрт олимларигача АҚШ, Совет Иттифоқи, Хитой ва Ҳиндистон космонавтлари ойгача етиб борган эди. Юқорида қайд этилганидек, дунёда илк бор Ойни забт этган америкаликлар 15 февраль куни яна унга томон ўз миссиясини учирди. 50 йил ичида илк бор амалга оширилган ушбу парвозда IM-1 миссиясининг Odysseus учувчисиз қўниш модули Ой юзасига муваффақиятли қўнди. Odysseus’нинг Ердан учирилиши 15 февраль куни бўлиб ўтган ва у NASA’нинг Канаверал бурнидаги Кеннеди коинот марказидан кўтарилган. Коинот кемасининг Ойга етиб бориши учун саккиз кун керак бўлган. Шу тариқа миссия 1972 йилги Аполлон 17 дан кейин Ойга қўнган биринчи Америка космик кемаси сифатида тарихга кирган. NASA раҳбари Билл Нельсон эса Odysseus миссиясини инсоният ғалабаси деб атаган.
Ой билан боғлиқ тадқиқотлар йил бўйи давом этди. Май ойида хитойлик олимлар катта саҳнага чиқди ва тарихда биринчи марта Ойнинг нариги томонидан тупроқ намуналарини йиғиб, уларни Ерга қайтарадиган учувчисиз космик кемани учирди. Хайнан жанубидаги Венчан сунъий йўлдошини учириш марказидан оғирлиги 8 тоннадан ортиқ бўлган “Чанъэ-6” зонди космосга чиқди. Хитойнинг Ойни тадқиқ қилиш лойиҳасининг бош конструктори У Вейрен 2024 йил апрель ойида бўлиб ўтган Хитой космик конференциясида Халқаро Ой Тадқиқот Станциясининг “таянч модели” 2035 йилгача қурилишини маълум қилган. Шундай қилиб, Хитой бундай йирик ташаббусни амалга оширган биринчи давлат бўлди.
Технология
Илон Маск инсонлар киноларда кўриб ўрганган хаёлий техникаларни реалликка кўчирмоқда. Йил бошидаёқ айнан Маскдан яна бир тарихий юриш бўлди. 2016 йилда ишга туширилган Neuralink лойиҳаси доирасида январь ойида тарихда илк марта одамга гаджетлардан фикрлар ёрдамида фойдаланиш имконини берувчи Neuralink нейрочипи ўрнатилди.
“Биринчи одам Neuralink’дан имплант олди ва у яхши тикланмоқда. Дастлабки натижалар асабий тирқишларни аниқлашнинг истиқболли эканлигини кўрсатади”, дея изоҳ берган Маск бу воқеага.
Унинг сўзларига кўра, маҳсулот “Телепатия” деб номланади ва биринчи навбатда оёқ-қўллари фалаж бўлган одамларга ўрнатилади. Қурилма қабул қилувчи капсула бўлиб, у эшитиш воситаси каби қулоқ орқасига ўрнатилади ва ундан ипга ўхшаш электродлар мияга ўтади. Умуман олганда, мияга 1,5 мингтагача электродлар жойлаштирилади, уларнинг ҳар бири инсон сочидан тўрт баробар юпқароқдир. Битта 4х4 мм процессор 10 минг электроддан олинган маълумотларни қайта ишлайди. USB-C кабели максимал маълумотларни узатиш тезлигини таъминлайди.
Ёз чилласи – июль ойида япониялик олимлар ҳам техника оламида ўзига хос юриш амалга оширди. Айрим мамлакатлар аҳолисини оддий интернет билан таъминлай олмаётган бир пайтда кунчиқар юрт олимлари бир сонияда 12 500 та фильмни юклаб оладиган интернет тезлигига эришди. Маълум бўлишича, Япония миллий ахборот ва коммуникация технологиялари институти олимлари оптик тола орқали маълумотларни тез узатиш тезлигига эришган. Маълумотларни узатиш тезлиги секундига 402 терабитни ташкил этган – бу Буюк Британиядаги ўртача кенг полосали тезликдан тахминан 5 миллион марта юқори. Тасаввур қилиш учун мазкур тезлик бир сонияда 12 500 та фильмни юклаб олиш имконини беради. Олимларнинг таъкидлашича, улар илгари фойдаланилмаган тўлқин узунлиги диапазонларидан фойдаланиш имкониятини кашф қилган.
Мутахассислар жамоаси рекорд идеал лаборатория шароитида ўрнатилганини билдирган. Шунингдек, улар потенциалнинг бир қисмини рўёбга чиқариш учун кўпроқ изланишлар кераклигини маълум қилган.
Куз бошланишини Apple’нинг ашаддий ишқибозлари интизорлик билан кутса ажаб эмас. Чунки сентябрь ойининг дастлабки кунларида “тишланган олма” ўзининг янги моделдаги смартфонларини тақдим қилади. 2024 йил учун мўлжалланган ушбу тақдимот 9 сентябрь куни ўтказилди. Унда iPhone 16’нинг навбатдаги моделлари намойиш қилинди. Хўш, бир йил кутилган “16” ўз ишқибозларини ажаблантирдими? Менимча йўқ. Чунки икки асосий модель – iPhone 16 ва iPhone 16 Plus ихчамроқ ва каттароқ парадигмани сақлаб қолгани маълум бўлди. iPhone 16 6,1 дюймли дисплейга эга, iPhone 16 Plus эса 6,7 дюймли панелдан фойдаланади. Ўтган сафар “15”нинг “қошини” ўзгартириб янгилик қилган Apple бу сафар иккала 16 моделига ҳам мослаштириладиган Action тугмаси билан фото ва видео суратга олиш учун сенсорли Capture тугмасини қўшди. Ундан эса яқинлаштириш ёки фокуслаш учун фойдаланиш мумкин. Шунингдек, қурилманинг унумдорлиги янги нейрон двигателга эга Apple А18 чипсети томонидан бошқарилади, бу фойдаланувчига турли сунъий интеллект операцияларини бевосита қурилмада тезда бажариш имконини беради. Иккала смартфон ҳам 8 Гб тезкор хотирага эга – айнан шу Apple Intelligence чипларининг тўғри ишлаши учун зарур.
Янги моделнинг умумий хусусиятлари:
- 2000 нит дисплей
- Янги ранглар
- Актив тугмаси
- Камерани бошқарувчи слайдер
- Apple & Visual Intelligence
- 48 MP асосий, 2х 12 MP телефото камера
- 12 MP ултракенгликда олувчи камера
Мазкур икки модель бешта – қора, оқ, пушти, кўк ва яшил рангларда тақдим этилди. Флагман моделлари анча нозикроқ рамкали экранларни олди, бу эса фойдаланувчиларга таниш ўлчамларни сақлаб қолган ҳолда дисплейларни бироз катталаштириш имконини беради. iPhone 16 Pro диагонали 6,3 дюймга, iPhone 16 Pro Max эса 6,9 дюймга тенг (унинг ўтмишдошлари мос равишда 6,1 ва 6,7 дюймга эга эди). Тақдимотдан кўринадики, Pro версияларида процессор Apple A Pro‘га янгиланган. Бу янги чипнинг янада кучли версияси. Иккала флагман ҳам 48 мегапикселли ултра кенг бурчакли камерага эга бўлди, бу iPhone 15 Pro‘даги 12 мегапикселли модулдан сезиларли даражада устундир. Иккала моделдаги телефото камера ҳозирда энг юқори даражага эга бўлиб, сифатни йўқотмасдан 5х оптик катталаштиришни қўллаб-қувватлайди (илгари бу фақат iPhone 15 Pro Мах’да мавжуд эди).
Шунингдек, қурилмаларда 8K видео ёзиш, 3D фазовий суратга олиш режими ва янги JPEGXL форматида суратга олиш имконияти мавжуд бўлиб, у кичикроқ файл ҳажмида юқори сифатни таъминлайди.
Таъкидлаш жоизки, iPhone 16 Pro ва 16 Pro Max дизайни ўзгармаган, аммо янги қум рангли Gold Titanium қўшилган. У қуюқ кўк рангли титан ўрнини эгаллаган. Қолган учта ранг ўзгаришсиз қолган: қора Black Titanium, оқ White Titanium ва сарғиш Natural Titanium.
Нархга келадиган бўлсак, iPhone 16 АҚШда 799 доллардан ва iPhone 16 Plus 899 доллардан сотилади (бошланғич хотира сиғими 128ГБ). Ўзбекистонда эса 1000 дан тепасини йиғиб қўяверасиз. Apple’нинг iPhone 16 учун 2024 йилда тақдим қилганлари шулар эди. Кейинги йил унинг ишқибозлари каттароқ ўзгаришлар кутаётган бўлса ажаб эмас.
Роботлар келажакда одамларнинг иш ўрнини эгаллаши ва кўпчилик ишсиз қолиши ҳақида бот-бот гапирилаётган маҳал темир жонлар санъатда ҳам ўзини кўрсатишни бошлаб юборди. Гап одамсимон роботнинг биринчи асари – инглиз математиги Алан Тюрингнинг портрети Нью-Йоркда кимошди савдосида 1,08 миллион долларга сотилгани ҳақида кетмоқда. Баландлиги 2,2 метр бўлган Алан Тюринг “God AI” номли портрети дунёнинг илк ултра-реалистик робот рассоми бўлган AI-Da томонидан чизилган.
Сунъий интеллект ёрдамида гапириш қобилиятига эга AI-Da’га кўра, у қиладиган ишнинг асосий қиймати – янги технологиялар ҳақида мулоҳаза қилишга туртки бўлиш. Алан Тюрингнинг портрети томошабинларни сунъий интеллект ва ҳисоблаш тизимларининг “илоҳий табиати” ҳамда ушбу ривожланишларнинг ахлоқий ва ижтимоий оқибатлари ҳақида мулоҳаза қилишга чорлайди.
Дунёдаги энг илғор роботлардан бири ҳисобланган AI-Da аёл киши кўринишида яратилган бўлиб, дунёнинг биринчи компьютер дастурловчиси сифатида тан олинган Ада Лавлейс шарафига номланган. AI-Da ғояси замонавий санъат мутахассиси Айдан Меллер томонидан ишлаб чиқилган.
Роботга асар услуби, ранги, мазмуни, оҳанги ва тузилиши ҳақида кўрсатмалар берилгач, у кўзларидаги камералар ёрдамида Тюрингнинг суратига қараб расм чизган.
“Асардаги жиддий оҳанг ва бузилган юз шакли Тюринг сунъий интеллектни бошқариш борасида бизнинг олдимизда турган қийинчиликлар ҳақида огоҳлантирганини ифода этади”, дейди Меллер.
AI-Da’нинг асарлари сирли ва таъсирли бўлиб, сунъий интеллектнинг қудрати қайси йўналишларга олиб бориши мумкинлиги ва унинг салоҳиятини ўзлаштириш йўлидаги глобал пойгани савол остига қўяди. Ҳа, шунақа гаплар. Роботлар сунъий интеллект билан интеграция қилинса, ўша биз киноларда кўрган фантастика реалликка анча яқинлашади.
Йиллик сарҳисобни қизиқарли маълумот билан якунлаймиз: ноябрь ойида Халқаро робототехника федерацияси сўнгги етти йил ичида бутун дунё бўйлаб фабрикаларда роботлардан фойдаланиш икки баравар кўпайганлигини кўрсатган тадқиқот натижаларини эълон қилди. Унга кўра, Жанубий Корея ишлаб чиқаришда мамлакатлар рўйхатида биринчи ўринни эгаллаган.
Ҳисоботда айтилишича, Жанубий Корея саноат роботларининг энг йирик фойдаланувчиси (10 000 ходимга 1012 робот) ва 2018 йилдан бери ҳар йили бу кўрсаткич 5 фоизга ошган.
Иккинчи ўринни Сингапур эгаллаган. У ерда ҳар 10 000 ходимга 770 робот тўғри келади. Хитой кучли учликни якунлаб берган. Бу ерда ҳар 10 000 ходимга 470 робот тўғри келади. Германия ва Япония ҳар 10 000 ходимга 439 ва 419 робот кўрсаткичи билан рейтингда мос равишда тўртинчи ва бешинчи ўринларни эгаллаган. АҚШда ҳар 10 000 ходимга 295 робот тўғри келади, бу рўйхатдаги ўнинчи рақам.
IFR раҳбари Такаюки Итонинг сўзларига кўра, роботларнинг зичлиги глобал ишлаб чиқаришда автоматлаштиришни амалга ошириш даражасини кўрсатади.
“Хитойнинг автоматлаштириш технологиясига катта сармояси 37 миллионга яқин ишчи кучига қарамай, бундай юқори робот зичлигига эришди”, деган Ито.
21 та турли мамлакатлар ўрин эгаллаган ушбу рейтингда Ўзбекистон мавжуд эмас. Бироқ у “Oxford Insights” ташкилоти томонидан тузилган “Ҳукуматнинг сунъий интеллектга тайёрлик индекси” рейтингида 53,45 балл билан 70-ўринни эгаллади. Бу Марказий Осиё мамлакатлари орасидаги энг яхши натижа.
LiveБарчаси