2023 йилда кутилаётган солиқ сиёсатидаги асосий ўзгаришлар эълон қилинди

Бизнес

2023 йил солиқ сиёсатини белгилашда бир қатор ўзгартиришлар киритиш таклиф қилинмоқда. Таклифлар ҳақида Ўзбекистон Республикаси Молия вазири Тимур Ишметов кеча, 19 декабрь куни Олий Мажлис Қонунчилик палатаси йиғилишида маълумот берди. 

Тадбиркорлик муҳитини янада яхшилаш борасида солиқ ставкаларини пасайтириш ва унификация қилиш ҳамда қўшимча қулайликлар яратиш борасида қуйидагилар таклиф қилинмоқда. 

Қўшилган қўшимча солиқ ставкаси амалдаги 15 фоиздан 12 фоизгача пасайтирилади. Ишметовга кўра, бу солиқ сиёсатидаги энг муҳим ўзгариш.

“Солиқ ставкасининг уч фоиз банга пасайтирилиши тадбиркорлар ихтиёрида қўшимча 13 трлн сўм айланма маблағ қолиши кутилмоқда. Шу билан бирга ушбу солиқ бўйича тушумлар жорий йилга нисбатан 16 трлн сўм кўп бўлиши прогноз қилинмоқда”, дейди Ишметов. 

Тадбиркорларга қўшимча енгилликлар яратиш учун айланмадан олинадиган солиқнинг амалдаги 14 фаолият тури бўйича 4 фоиздан 25 фоизгача белгиланган ставкалари унификация қилиниб, ягона 4 фоиз этиб белгиланмоқда. Бунда ҳудуд ва фаолият турига қараб, 1 фоиздан 3 фоизгача белгиланган пасайтирилган ставкалар сақланиб қолади. 

Товар айланмаси 500 млн сўмгача бўлган тадбиркорлар учун йилига 20 млн сўм, айланмаси 500  млндан юқори бўлганлар учун йилига 30 млн сўм миқдорида қатъий белгиланган солиқни ҳар ойда тенг улушларда тўлаш ҳуқуқи берилмоқда. Ушбу солиқ тўловчилар бухгалтерия ҳисобини юритишдан ҳамда фойдасидан тўланадиган дивидент солиғидан озод қилинади. 

Кичик ва ўрта бизнесни ривожлантиришни рағбатлантириш мақсадида товар айланмаси 1 млрд сўмдан ошган кичик бизнес тоифасига кирувчи тадбиркорлар учун 1 йил давомида фойда солиғи ставкасини 2 бараварга камайтириш кўзда тутилмоқда. 

Маҳаллий бюджет даромадлари барқарорлигини таъминлаш учун қатъий белгиланган солиқ ставкалари ва базалари инфляция доирасида ёки 10 фоиз индексация қилиниши назарда тутилган. Бунда акциз солиғи ставкалари индексациясини 2023 йил 1 февралдан амалга ошириш режалаштирилган.

2023 йил учун белгиланган солиқ сиёсатида асосий солиқ ставкалари фойда солиғининг базавий ставкаси 15 фоиз, жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғи 12 фоиз, юридик шахсларнинг мол-мулкига солинадиган солиқ ставкаси 1,5 фоиз миқдорида сақлаб қолинмоқда.

2023 йил 1 апрелдан бошлаб бюджет маблағлари ҳисобидан кўрсатиладиган бир қатор хизматлар бўйича қўшилган қиймат солиғидан имтиёзлар бекор қилинмоқда. Шу билан бирга, 2023 йилда бошқа норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар билан берилган солиқ ва божхона имтиёзларининг муддатлари тугаши бюджет даромадларида инобатга олинган.


Мақола муаллифи

Теглар

Баҳолаганлар

247

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг