2022 йилда соҳаларга қанча маблағ ажратиш режалаштирилгани маълум бўлди

Жамият

image

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасида 2021 йилнинг кутилаётган макроиқтисодий кўрсаткичлари, 2022-2024 йилларга мўлжалланган макроиқтисодий прогнозлар, 2022 йил учун Давлат бюджетининг лойиҳаси муҳокама қилинди.

Дастлабки статистик маълумотлар жорий йилнинг 9 ойлик якунлари билан республикада ялпи ички маҳсулотнинг 6,9 фоизга ўсганлигини кўрсатмоқда.

Ушбу даврда 338 мингта қўшимча иш ўрни яратилди. 77 мингга яқин янги тадбиркорлик субъекти ўз ишини бошлади. Инвестициялар ҳажми ялпи ички маҳсулотга нисбатан 32 фоизни ташкил қилди.

Жорий йилнинг 9 ойида экспорт ҳажми, олтин экспортини инобатга олмаган ҳолда 34,1 фоизга ўсиб, 8,9 миллиард долларни ташкил этди.

Жорий йил якуни бўйича Ўзбекистон ялпи ички маҳсулоти ўсиши 6,5-7 фоиз атрофида бўлиши, бунда саноатда ишлаб чиқариш ҳажми – 9,1, қурилиш ишлари ҳажми – 6,6, хизматлар соҳаси – 8,6 ва Қишлоқ хўжалиги – 2,8 фоизга кўпайиши кутилмоқда.

2022 йилда ЯИМнинг 5,9 фоизга ўсиши, келгуси йилларда эса ўсиш суръатларининг бундан юқори бўлиши ҳисоб-китоб қилинган.

Ҳукумат олдида 2026 йилга бориб аҳоли жон бошига тўғри келадиган ЯИМ миқдорини 2 800 долларга етказиш ва 2030 йилга бориб эса 4000 доллардан ошириш ва ўрта даромадли мамлакатларнинг юқори гуруҳига кириш вазифаси турибди.

2022 йилги солиқ сиёсатида Ўзбекистон иқтисодиётининг инвестицион жозибадорлигини ошириш мақсадида бир қатор ўзгаришлар таклиф қилинмоқда.

Хусусан, 2022 йилнинг 1 январидан юридик шахсларнинг мол-мулкига солинадиган солиқ ставкасини 2 фоиздан 1,5 фоизгача пасайтириш;

Фойда солиғи ҳисоблашда инвестициявий чегирма миқдорини янги технологик ускуналар учун 10 фоиздан20 фоизгача, бинолар учун 5 фоиздан 10 фоизгача ошириш мўлжалланмоқда.

Бундан ташқари, амортизация нормаларини ўртача 2,5 баробарга ошириш таклиф қилинмоқда.

2022 йилги бюджет лойиҳасининг харажатлар қисмида инсон капиталини ривожлантириш, ижтимоий ҳимояни янада кучайтириш, камбағалликни қисқартириш, янги иш ўринларини яратиш, ҳудудларда аҳолининг турмуш шароитини яхшилаш тадбирларининг устуворлиги белгиланган.

Давлат бюджети лойиҳасида ижтимоий соҳага маблағ ажратилишининг устуворлиги таъминланган ҳолда, уларнинг салкам 45 фоизи таълим соҳасига йўналтирилмоқда. Хусусан, мактабгача таълим муассасаларига ҳамма тадбирларни ва тарбияланувчилар сони ошганлигини инобатга олган ҳолда жорий йилга нисбатан 2,2 триллион сўм кўпайтирилиб, 8,7 триллион сўм, халқ таълимига 30,3 триллион сўм ёки 6,5 триллион сўм кўп, ўрта махсус ва олий таълимга 7,5 триллион сўм ёки 3,1 триллион сўм кўп маблағ ажратилмоқда.

2022 йилда соғлиқни сақлаш соҳасига 22,6 триллион сўм ёки жами харажатларнинг 11 фоизи режалаштирилган.

2022 йилда ижтимоий нафақа олувчи эҳтиёжманд оилалар сони 2021 йилдаги ўртача 1 миллион 200 мингдан 1 миллион 440 минггача ошиб, жами оилаларнинг 16,5 фоизи қамраб олинади. Туман ва шаҳарлар бюджетларининг 5 фоизи, яъни 1,4 триллион сўм маблағ “Очиқ бюджет портали” орқали бевосита фуқаролар томонидан билдирилган таклифларни молиялаштиришга йўналтирилади.

2022 йилда иш ҳақи, ижтимоий нафақалар, стипендиялар ва пенсиялар миқдорини инфляция даражасидан юқори суръатларда ошириш учун бюджет лойиҳасида етарли маблағлар кўзда тутилган.

2022 йил Бюджетномасида халқаро молия институтлари экспертлари техник кўмаги асосида ишлаб чиқилган, вазирлик ва идораларнинг навбатдаги уч йиллик бюджет харажатлари бўйича ривожлантириш дастурларининг мақсадли индикаторлари акс эттирилмоқда.

Мажлисда барча раҳбар ходимлар давлат бюджетининг ҳар бир сўми самарали ишлатилишига жавобгар эканлиги алоҳида таъкидланди.

Юқоридагиларни инобатга олган ҳолда, 2022 йилда консолидациялашган бюджет тақчиллигини жорий йилда кутилаётган ялпи ички маҳсулотга нисбатан 5,5 фоиздан 3,0 фоизгача пасайтириш лозимлиги белгилаб олинди.

Мажлисда билдирилган таклифларни инобатга олган ҳолда 2022 йил учун Давлат бюджети тўғрисидаги қонун лойиҳаси ва Бюджетнома Олий Мажлис Қонунчилик палатасига киритилади.


Мақола муаллифи

Теглар

Баҳолаганлар

52

Рейтинг

3.2

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг